2018 йил 19 октябрь куни Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик бўйича биринчи форуми доирасида Россия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши аъзолари “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси”га ташриф буюрдилар.
Делегация таркиби “Савдо-саноат палатаси” Бошқарма кенгаши раиси, президент - Борис Соколов, Жануби-Урал савдо-саноат палатаси вице президенти – Сергей Ермаков, “Сантех-Урал-опт” МЧЖ раҳбари – Любовь Забазнова ва бошқа ҳамкор-вакилларидан иборат бўлди.
Учрашув аввалида меҳмонларга “ЎзРТХБ” АЖ тарихи ва ривожланиши, савдо платформаларининг фаолияти, шунингдек бугунги натижалар ва истиқболдаги режалар тўғрисидаги видеоролик намойиш этилди. Ролик орқали ташриф буюрганлар биржа савдолари ва Ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириш механизми ҳақида маълумотга эга бўлдилар.
Электрон тижоратнинг B2B ва B2C моделлари, хусусан, AVTORAQAM ва XARID электрон тизимлари кўриб чиқилди. Бундан ташқари, улар реал вақт тизимида биржа савдоларининг ўтказилишига гувоҳ бўлдилар.
Тадбир давомида томонлар Россияда савдо платформалари ташкил этиш ёки брокерлик идораларини “ЎзРТХБ” АЖда аккредитациядан ўтказиш орқали россиялик компанияларнинг савдоларда иштирок этиш имкониятлари хусусида муҳокамалар ўтказдилар. Саноат палатаси вакиллари ЎзРТХБ билан ҳамкорлик қилишга манфаатдор эканлигини ва Россияда ишончли контрагентлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишда кўмак беришга тайёр эканлигини билдирдилар.
Учрашув якунига кўра, томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари тўғрисида муҳокамаларни давом эттиришга келишиб олдилар.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 10276