Биржа савдолари ва электрон тижоратнинг замонавий шакли ва ривожланиш истиқболлари | Новости

17 Окт 2018

2018 йил 17 октябрда Миллий матбуот марказида “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси” акциядорлик жамияти томонидан оммавий ахборот воситалари учун “ЎзРТХБ да биржа савдолари ва электрон тижоратнинг замонавий шакли ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад кенг жамоатчиликни биржа фаолиятининг 9 ойлик якунлари билан таништиришдан иборат бўлди.

Анжуманда таъкидланганидек, 2018 йилда товар бозорлари ва биржа фаолиятини ривожлантиришга йўналтирилган бир қатор ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 январдаги «Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» ги ПФ-5303 сонли Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 январдаги «Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» Қарори ПҚ–3479-сон Қарори шулар жумласидандир.

Мазкур қарорлар натижасида ЎзРТХБнинг биржа савдолари орқали ички ва ташқи бозорга сотилаётган товарларнинг номенклатураси ва ҳажми ошди, тадбиркорларнинг товар ресурсларидан фойдаланиши сезиларли даражада кенгайди, шунингдек, товар сотувчи ва етказиб берувчилари ўртасидаги соф рақобат янада кучайди.

2018 йил 9 ой давомида ЎзРТХБ да 22,4 трлн сўмга тенг шартномалар тузилди, бу эса 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 2,2 баробар кўпдир. Бундан биржа савдоларининг улуши 92 фоизга яқин, яъни 20,6 трлн сўмни ташкил этди. Ўтган давр мобайнида рўйхатга олинган янги савдо иштирокчиларининг сони 4 баробардан ҳам ошиб кетди ва деярли 33,5 минг мижозни ташкил қилди.

Биржа ва аукцион савдоларда тадбиркорларнинг фаол иштирок этганлиги ЎзРТХБ да товар айланмасининг динамик ўсишига хизмат қилди. Хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган шартномалар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 61 фоизга ўсиб, 11,4 трлн сўмни ташкил этди. Шу жумладан тадбиркорлар биржа орқали 8,4 трлн сўмлик товар ресурсларини харид қилишган ва 3,0 трлн сўмга тенг ўзлари ишлаб чиқарган товарларни сотишган.

Ҳисобот даврида кўргазма-ярмарка савдолари тизимида 881,4 млрд сўмга тенг шартномалар тузилган. Уларнинг асосий қисмини кимё саноати маҳсулотлари – 35 фоиз, озиқ-овқат маҳсулотлари – 20 фоиз, металл маҳсулотлари – 18 фоиз ва қурилиш материаллари – 7 фоизни ташкил қилади.

Биржанинг валюта савдо майдончаси ва интернет савдолари орқали 87,1 млн АҚШ долларига тенг маҳаллий маҳсулотлар экспорт қилинди ва ўсиш даражаси 82 фоизга тенг бўлди. Шу жумладан экспортга полиэтилен (улуши – 30%), пахта толаси (28%), рангли металлар (18,5%) ва нефть маҳсулотлари (13%) сотилди.

Ўтган давр мобайнида ЎзРТХБ халқаро биржалар ва хорижий ҳамкорлар билан алоқалари кенгайтирди. Хусусан, замонавий биржа савдоларини ташкил этишда тажриба алмашиш мақсадида Қозоғистоннинг “ЕСТ” товар биржаси, Қирғизистон фонд биржаси ва Белоруссия универсал товар биржаси билан ҳамкорлик келишувлари имзоланди. Москва биржаси, Санкт-Петербург халқаро товар-хом ашё биржаси ва Туркия фонд биржаси билан бизнес алоқалари ўрнатилди.

Мазкур учрашувлар ва тадбирлар натижасида Ўзбекистоннинг ички бозорида нархларнинг асоссиз ошиб кетишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ёки кам миқдорда ишлаб чиқариладиган импорт товарлар бўйича биржа савдоларини ташкил этишнинг янги механизми ишлаб чиқилди. Ушбу механизм биржа савдоларига бевосита импорт товар ишлаб чиқарувчиларни жалб қилиш орқали ички товар бозорларида нархларнинг барқарорлаштириш имконини беради.

Электрон тижоратнинг B2C соҳасида ҳам ижобий натижаларга эришилди. 2018 йил 9 ойи давомида онлайн аукцион орқали avtoraqam.uzex.uz вебсайтида 13,2 минг автомобиль рақамлари сотилди. Сотилган рақамларнинг умумий қиймати 75,8 млрд сўмни ташкил қилди. “Чиройли” авторақамларнинг ўртача баҳоси 5,7 млн сўмни ташкил қилди. Жорий йилда автомобиллар учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақам белгиларининг иккинчи ва учинчи тоифалари учун бошланғич нархларнинг пасайтирилиши авторақамлар тизимида сотув даражасининг кескин ошишига сабаб бўлди.

Жорий йилнинг яна бир муҳим воқеаси бу Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисидаги” қонунининг қабул қилиниши ва унга мувофиқ “ЎзРТХБ” АЖнинг давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали - xarid.uz нинг оператори этиб тайинланганлиги бўлди. Мазкур қонундан кўзланган асосий мақсад давлат харидларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, бу соҳада тадбиркорлар ўртасида соф рақобат муҳитини шакллантириш ва давлат бюджети, марказлаштирилган манбалар ва давлат улушига эга бўлган корхоналар маблағларидан самарали фойдаланишдир.

Ўз навбатида xarid.uz портали Ўзбекистон Республикасида давлат харидлари бўйича ягона ахборот ресурси, ҳамда давлат харидларини бошланғич нархни пасайтириб бориш механизми асосидаги электрон аукцион ва дўкон шаклларида ўтказиладиган онлайн савдо майдончаси ҳисобланади. Электрон давлат харидлари бўйича барча шартномалар электрон рақамли имзо (ЭРИ) билан тузилади. Давлат харидлари бўйича электрон тизимда биржанинг Ҳисоб-китоб клиринг палатасига гаров маблағини киритиш орқали кафолат таъминоти амалиёти йўлга қўйилган.

2018 йил 27 сентябрдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3953-сонли “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат асосида давлат харидлари бўйича электрон аукцион ўтказилиш муддати 10 кундан 5 кунгача, порталда танлов ўтказилиши ҳақидаги эълонни жойлаштириш муддати эса 30 кундан 10 кунгача қисқартирилди.

Жорий йил май ойидан, яъни давлат харидлари тизими ишга тушган вақтдан сентябрь ойигача биржанинг xarid.uz порталида 309 мингдан ортиқ шартномалар имзоланган бўлиб, уларнинг қиймати 917,6 млрд сўмни ташкил қилди. Хусусан, бюджет буюртмачилари томонидан умумий қиймати 558,2 млрд сўмлик 257 мингдан зиёд битимлар тузилган бўлса, корпоратив буюртмачилари томонидан 359,4 млрд сўмга тенг 51 мингта шартнома электрон тарзда имзоланган. Электрон дўконда тузилган битимларнинг умумий қиймати 312,6 млрд сўмни, электрон аукцион орқали – 605,0 млрд сўмни ташкил этди. Тузилган битимларда  кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг улуши 96 фоиздан ошди.

Шунингдек, кўриб чиқилаётган давр мобайнида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг 161,1 млрд сўмга тенг маблағлари иқтисод қилинди. Яъни, электрон дўкон орқали 30,8 млрд сўмлик маблағ тежалган бўлса, электрон аукцион ўтказилиши натижасида 130,3 млрд сўмлик маблағлар иқтисод қилинди.

“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастури доирасида биржада куну-тун хизмат қилувчи Call-марказ ишга тушди, биржа савдо тизимларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш чоралари кучайтирилди, “ЎзРТХБ” АЖнинг электрон ва онлайн савдоларига тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш мақсадида доимий ўқув семинарлар ва кенг қамровли пиар кампания ўтказилди.

Истиқболда ЎзРТХБ биржа савдолари ва электрон тижорат соҳасида хорижий биржалар ва шериклар билан ташқи алоқаларни янада ривожлантириш, мижозларни электрон савдоларига кенгрок жалб қилиш мақсадида янги биржа хизмат турларини жорий этилиши, ҳамда кадрлар малакасини ошириш ишлари кутилмоқда.

Тадбир якунида анжуман иштирокчилари ўртасида фикр алмашилди, биржа мутахассислари журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 13788