2018 йилнинг январидан “ЎзРТХБ” АЖ нинг ички биржа савдоларига мунтазам равишда миллий валютада импорт қилинган цемент қўйилмоқда. Бугунги кунда биржанинг котировкалаш варағига Қозоғистонда ишлаб чиқилган ПЦ400 Д20 ва ПЦ ЦЕМ II А-Ш 32.5Н маркали портландцемент киритилди.
Импорт қилинган цементнинг сотувчилари сифатида «AGRO LINA» ХК ва «IV STAL INVEST» ХК иштирок этмоқда. Савдоларда иштирок этиш учун киритиладиган закалат суммаси 2% ни ташкил этади. ПЦ400 Д20 учун 10 тонна лот ва ПЦ ЦЕМ II А-Ш 32.5Н 1 тонна лот билан стандарт шартномалар очилди. Етказиб бериш шартлари – EXW (омборхонадан олиб кетиш) Тошкент шаҳри.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 январдаги ПҚ-3479 сонли "Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ цемент, қурилиш ойнаси, қора металл прокати ва бошқа алоҳида турдаги маҳсулотларни импорт қилишда божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёз берилган (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно). Ушбу маҳсулот ва хом ашё турлари фақат биржа савдолари орқали реализация қилинади, Қарорда назарда тутилган айрим ҳолатлар бундан мустасно.
Импортерлар мазкур товарларни биржа орқали сотишда божхона имтиёзларидан эркин фойдаланишлари мумкин. Таъкидлаш лозимки, биржанинг қурилиш моллари сегментида савдоларда ҳар куни ўртача 1 мингта мижозлар иштирок этиб, 300 дан зиёд битимлар тузилади.
Импорт қилинган товарни биржа савдоларига қўйилишида, мижоз аккредитациядан ўтиши ва товарни котировкалаш варағига киритиш учун “ЎзРТХБ” АЖ нинг Листинг комиссиясига мурожаат қилиши лозим. Биржада мазкур тартиботлардан ўтиш жараёни бир кундан ошмайди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 15171