«ЎзРТХБ» АЖ фаолиятининг 2017 йил якунлари | Новости

16 Янв 2018
2017 йилда биржанинг савдо платформаларида ижобий натижалар эришилди. ЎзРТХБ да тузилган барча битимларнинг умумий ҳажми 2016 йил даври билан солиштирганда 15,2% га ўсиб, 13,88 трлн сўмни ташкил этди. Хусусан, биржа битимларининг ҳажми 20,1% га ошиб, 11,35 трлн сўмга етди. Бунда бир қатор товар позициялар бўйича натурал кўринишда ўсиш кузатилди, шу жумладан полипропилен 3 маротабага, шакар – 97,5% га, минерал ўғитлар – 37,7% га, алюминий  – 23,6%  га, пахта шроти – 13,1% га, мис – 10,1% га ўсди.
 
Шунингдек, ҳисобот даврида 1706 та стандарт биржа шартномалари, шу жумладан кальций фосфати, қайта ишланган мой, кимёвий чўктирилган бўр, метилацетат, доломит бўлаклари, аммиакли кальций селитраси каби янги товарлар бўйича очилди. Сотилган маҳсулотлар таркибида бозорнинг аҳамиятли қисмини қурилиш моллари - 25%, истеъмол маҳсулотлари – 21%, қора ва рангли металл – 19% ни эгаллади. 
 
Электрон савдо иштирокчиларнинг аккредациядан ўтказиш жараёни соддалаштирилганлиги сабабли биржада янги мижозларни сони 22% га ўсди.  Биржа савдоларида соф бозор нархлари шакллангани ҳисобига сотувчи-ташкилотлар 3,7 трлн сўмлик қўшимча даромад олишди.
 
Ўтган йилда тадбиркорлик субъектларининг ЎзРТХБ электрон савдоларида кенг иштироки таъминланди. Хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштироки билан тузилган битимларнинг умумий қиймати 2016 йилга нисбатан 12% га ўсиб, 9,4 трлн сўмни ташкил этди. Яъни тадбиркорлар биржа орқали 6,7 трлн сўмлик товар ресурсларини харид қилиб, 2,7 трлн сўмлик маҳсулот сотдилар. Бунда тадбиркорларнинг маҳсулотларини сотиш ҳажми 15% га ўсди. Бу эса бизнес вакилларининг биржа савдолари ва электрон тижоратда иштирок этишга бўлган қизиқишлари ортганлигидан далолат беради.
 
2017 йилда кўргазма-ярмарка савдолари тизимида 1,6 трлн сўмлик 66,8 мингта битим тузилди ва бу 2016 йилга нисбатан 10% га кўпдир. Биржанинг кўргазма-ярмарка савдолари ва валюта савдо майдончаси орқали 58,3 млн АҚШ долларлик маҳаллий маҳсулотлар экспорт қилинди.
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августидаги 683–сонли қарорини бажариш мақсадида жисмоний ва юридик шахсларга автомототранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини оширилган тўлов ставкаларида сотиш бўйича янги савдо платформаси ишга туширилди. Авторақамларни сотиш бўйича онлайн аукцион биржанинг янги avtoraqam.uzex.uz вебсайтида амалга оширила бошлади.
 
AVTORAQAM тизими ишга тушган пайтдан бошлаб 2017 йилнинг охирига қадар “ЎзРТХБ” АЖ нинг онлайн аукциони орқали умумий қиймати 27,6 млрд сўмлик 1364 та “чиройли” авторақамлар жисмоний ва юридик шахсларга сотилди.
 
“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури доирасида “ЎзРТХБ” АЖ раҳбарияти томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг сайёр қабул қилиш ташкиллаштирилди, ҳамда республикамиз туманларида тадбиркорлар иштирокида бир қатор учрашув ва ўқув семинарлар, ОАВ ходимлари учун матбуот анжуманлари ва пресс-тур ўтказилди. 2017 йилнинг ноябридан жаҳоннинг етакчи бизнес каналларининг замонавий талабларига жавоб берувчи “UZEX хабарлари” корпоратив телевизион кўрсатувининг янги таҳрири ишга туширилди.
 

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Кўрилди: 14976