2017 йилнинг 7 сентябрида Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси (ЎзРТХБ) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ички ишлари Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси (ИИВ ЙҲХББ) билан биргаликда биржанинг марказий офисида “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасининг онлайн аукционлари орқали авторақамларни сотиш тартиби ва механизми” мавзусида матбуот-анжуманини ўтказди.
Тадбирда таъкидлаб ўтилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 июлдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3127-сон Қарорини бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августдаги “Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” 683-сонли қарори қабул қилинди.
Вазирлар Маҳкамасиниг мазкур қарор билан “Жисмоний ва юридик шахсларга автотранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини оширилган тўлов ставкалари бўйича беришда “Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси” АЖ ахборот тизимида аукцион ўтказиш тартиби тўғрисида Низом” тасдиқланди.
Юқорида қайд этилган Ҳукумат қарорини ўз вақтида ва сифатли бажариш мақсадида ЎзРТХБ электрон аукцион савдоларни ташкиллаштириш ва ўтказиш бўйича орттирилган кўп йиллик тажрибасига таянган ҳолда автотранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини аукцион савдоларда сотиш бўйича биржанинг алоҳида ахборот тизими ва www.avtoraqam.uzex.uz вебсайтини ишлаб чиқди ва жорий этди.
Мазкур лойиҳа биржа фаолиятининг мутлоқ янги йўналиши – электрон тижоратнинг B2B ва B2C моделларини ишга туширилишининг бошланғич босқичи ҳисобланади. Электрон савдоларни янги механизми, биржанинг бошқа савдо платформалари каби очиқ-ойдинлик, ошкоралик, рақобат ва барча савдо иштирокчилари учун тенг шароит яратиш тамойилларига асосланган.
Савдо тизимида илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этилиши ва мижозларга хизмат кўрсатишда қўлланилган инновацион ёндашув барча савдо иштирокчилари учун қулай шарт-шароитларни яратиш имконини тақдим этди. Хусусан биржа мижозлари онлайн аукционларда мобиль ускуналар ёрдамида иштирок этишлари мумкин. Бунинг учун савдо тизимининг махсус Avtoraqamlar мобиль иловаси ишлаб чиқилган.
Биржанинг янги савдо тизимини яна бир жиҳати шундаки, онлайн-аукционларда иштирок этиш Интернет глобал тармоғида шахсий кабинет орқали умуман қоғоз шаклдаги ҳужжатсиз амалга оширилади.
Ҳозирги пайтда автотранспорт воситалари учун давлат рақами белгиларини сотувчилари, яъни Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ бўлинмалари томонидан биржанинг онлайн аукционларига 100 дан ортиқ турли тоифадаги авторақамлар жойлаштирилган ва 700 дан зиёд харидорлар тизимда рўйхатдан ўтдилар.
Ўз навбатида хоҳлаган авторақамни сотиб олиш учун харидорлар ЎзРТХБ вебсайтида онлайн тарзда рўйхатдан ўтишлари ва Woy-Wo электрон тўлов тизими ёрдамида биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатасига (ҲКП) кафолат маблағларини киритишлари лозим. Залакат маблағнинг суммаси авторақамнинг бошланғич нархидан 10%ни ташкил этади. Битимлар бўйича барча ўзаро ҳисоб-китоблар юридик шахслар учун нақдсиз пул ўтказмалари ва жисмоний шахслар учун пластик карталари асосида биржанинг ҲКП орқали амалга оширилади. Бунда тизим бир нечта пластик карталарни мижознинг шахсий кабинетга улаш имконини беради.
Электрон савдолар аукционларнинг анъанавий усули, яъни бошланғич нархларни кўтарилиши шаклида амалга оширилади. Савдолар мобайнида харидорлар амалдаги энг яхши нархдан юқорироқ бўлган чекланмаган миқдорда нарх бўйича ўз таклифларини беришлари мумкин. Шунингдек аукционлар ўтказилаётган пайтида савдо иштироклари келиб тушаётган барча нарх бўйича таклифларни эркин кузатиб боришлари мумкин. Энг юқори нарх берган савдо ғолиби электрон тизим томонидан автоматик тарзда аниқланади. Бу ўз навбатида савдолар жараёни ва уларни натижаларига инсон омилини таъсирини чеклайди.
Аукцион якунлангандан сўнг ахборот тизими тузилган битимни рўйхатдан ўтказади ва биржанинг воситачилик йиғими харидор ҳисобидан битимнинг суммасидан олади. Биржа хизматлари учун комиссион йиғим битим суммасидан 5 фоизни ташкил этади ва ушбу сумманинг маълум қисми Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг бюджетдан ташқари фондига йўналтирилади.
Савдо ғолиби битим рўйхатдан ўтказилгандан сўнг беш иш куни мобайнида барча молиявий мажбуриятларни қоплаши лозим. Тузилган битим бўйича мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда унинг кафолат маблағлари республика бюджетига жарима санкцияси сифатида ўтказилади.
Харид қилинган авторақамларни расмийлаштириш ИИВ ЙҲХББ бўлималари томонидан амалга оширилади. Молиявий мажбуриятлар тўлиқ қопланган санадан бошлаб 10 кун мобайнида расмийлаштириш харидорнинг айби билан таъминланмаган ҳолатда, ҲКП шартнома мажбуриятлари ижро этилмаганлиги туфайли жарима сифатида битим суммасининг 50 фоизини Республика бюджети фойдасига ўтказади, қолган қисмини эса харидорга қайтаради. Ушбу талаблар биржада тузилган битимлар бўйича шартномавий интизомни қатъий таъминлаш мақсадида қўлланилади.
Шунингдек қарорда авторақамларни сотилишидан олинган жами маблағларнинг 80 фоизи Давлат бюджетига, 20 фоизи эса Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларни ижтимоий рағбатлантириш ва бошқа сарф-харажатлар Махсус фондига йўналтирилиши алохида кўрсатиб ўтилган.
Бугунги кунда биржанинг Call-марказ операторлари мижозларга 207-00-33 телефон рақами орқали аукционларда иштирок этиш масаласи юзасидан ўз маслаҳатларини беришмоқда. Бундан ташқари биржанинг www.uzex.uz вебсайтида онлайн маслаҳат, электрон шаклда фуқаролар мурожаати ва ишонч телефони каби интерактив хизматлар мавжуд. Яқин кунларда ЎзРТХБ нинг расмий вебсайтида электрон аукцион савдоларда иштирок этиш бўйича видеоқўлланма жойлаштирилади.
Шунингдек биржа ҳар бир харидор учун унинг шахсий кабинети орқали ЎзРТХБ ёки ИИВ ЙҲХББ мансабдор шахсларининг ноқонуний ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан электрон кўринишда шикоят аризасини бериш имкониятини таъминлайди.
Матбуот-анжумани якунида ЎзРТХБ ва ИИВ ЙҲХББ маъсул ходимлари оммавий ахборот воситалари вакилларининг қизиқтирган саволларига жавоб қайтардилар.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 18162