Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августидаги “Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 683 – сонли қарорини бажариш мақсадида жисмоний ва юридик шахсларга автомототранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини оширилган тўлов ставкаларида сотиш бўйича янги савдо платформасини ишга туширди.
Авторақамларни сотиш бўйича электрон аукцион савдолар айни пайтда Интернет глобал тармоғида тест режимида ишга туширилган биржанинг avtoraqam.uzex.uz янги вебсайтида амалга оширилади.
Электрон савдоларни янги механизми, биржанинг бошқа савдо платформалари каби очиқ-ойдинлик, ошкоралик, рақобат ва барча савдо иштирокчилари учун тенг шароит яратиш тамойилларига асосланган.
Авторақамларни савдоларга қўйилиши Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ бўлинмаларининг маъсул ходимлари томонидан амалга оширилмоқда. Уларни биржанинг ахборот тизимида ишлаш бўйича малакали ўқитиш мақсадида ЎзРТХБ ходимлари томонидан Тошкент шаҳри ва республикамизнинг ҳудудларига қисқа муддатли сайёр ўқув курслари ташкиллаштирилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси яқин кунларда Ўзбекистон Республикасининг Молия вазирлиги ва Ички ишлари Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси билан биргаликда мазкур масала юзасидан матбуот анжуманини ўтказишни режалаштирмоқда.
Биржанинг онлайн-аукционларида иштирок этиш масаласи бўйича қўшимча маълумотлар учун “ЎзРТХБ” АЖнинг Call-марказига 207-00-33 телефон рақами орқали мурожаат қилишингиз мумкин.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 283436