ЎзРТХБ да 2017 йилнинг июль ойи якунлари | Новости

04 Авг 2017
2017 йилнинг июль ойида «ЎзРТХБ» АЖ да тузилган битимларнинг умумий ҳажми ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 21,2% га ўсиб, 1,2 трлн сўмни ташкил этди. Ўз навбатида кўрсаткичларнинг ўсиши биржанинг барча савдо платформаларида қайд этилди.
 
Кўриб чиқилаётган давр мобайнида биржа савдолари орқали сотилган товарларнинг умумий ҳажми 898,9 млрд сўмни ташкил этди, яъни 2016 йилнинг июлига нисбатан 13,2% га ўсди. Рангли металларнинг сотувларини деярли икки маротабага ўсиши натижасида ушбу сегментнинг биржа савдоларидаги улуши 7% дан 12% га кўтарилди. Мутлоқ етакчилар, яъни қурилиш моллари ва озиқ-овқат маҳсулотларининг умумий улушлари эса аксинча 48% дан 42% гача қисқарди. Бошқа товар гуруҳлари биржа бозорида ўтган йилнинг июлига мос улушларини сақлаб қолишди.
 
Шу билан бирга валюта савдо майдончасида тузилган экспорт битимларининг ҳажми 7,1 млн АҚШ долларни ташкил этди. Экспорт сотувларида полиэтилен ва суюлтирилган газнинг умумий улуши 74% ни ташкил этди. Бозорининг қолган қисмини рангли металлар (15%), нефть маҳсулотлари (6%) ва минерал ўғитлар (5%) эгаллашди.
 
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштироки билан тузилган битимларнинг умумий қиймати 18% га ўсди ва 854,1 млрд сўмни ташкил этди. Шу жумладан тадбиркорлар биржа орқали 549,0 млрд сўмлик товар ресурсларини харид қилиб, 305,1 млрд сўмлик маҳсулот сотдилар.
 
Биржа савдоларида соф бозор нархларини шаклланиши эвазига сотувчи корхоналар 356,1 млрд сўмлик қўшимча даромад олишди.
 
Ўтган ой мобайнида ярмарка савдоларининг ҳажми 84% га, яъни 170,7 млрд сўмгача ўсди. Кўргазма-ярмарка савдолари платформасида энг йирик битимлар кимё маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва машинасозлик маҳсулотларини сотиш бўйича тузилди.
 
Давлат харидлари («D-xarid») тизимида 71,4 млрд сўмлик битимлар тузилиб, бу ўтган йилнинг июль ойига нисбатан 15,6% га кўпдир. Бюджет маблағларининг тежалиши эса 13,0 млрд сўмдан 25,3 млрд сўмгача кўтарилди. Давлат харидлари тизимида маҳсулот етказиб бериш бўйича кичик бизнес субъектларининг улуши умумий битимларнинг сони ва ҳажмидан 99% ни ташкил этди. Таҳлил қилинаётган давр мобайнида электрон каталогда тузилган битимларнинг ҳажми 22,4% га ўсиб, 11,5 млрд сўмни ташкил этди.
 
Ўтган ойда «E-xarid» корпоратив харидларнинг ҳажми 2016 йилнинг июлига нисбатан 46,4% га ўсиб, 53,2 млрд сўмни ташкил этди. Мазкур тизимда кичик бизнес субъектларининг товар етказиб беришдаги улуши умумий битимларнинг сони ва ҳажмидан 98% ни ташкил этди.
 

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Кўрилди: 9176