ЎзРТХБ навбатдаги матбуот-анжуманни ўтказди | Новости

15 Авг 2017
2017 йилнинг 14 августида Ўзбекистон миллий матбуот марказида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун “Мустақиллик йилларида товар-хомашё биржаси: кеча, бугун ва эртага” мавзусида «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» акциядорлик жамиятининг матбуот анжумани ўтказилди. Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад кенг жамоатчиликни ЎзРТХБ нинг мустақиллик йилларидаги фаолияти натижалари ва биржанинг қисқа муддатли ривожланиш лойиҳалари билан таништиришдан иборат бўлди.
 
Анжуманда таъкидлаб ўтилганидек, мамлакатимизда ўтказилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим босқичларидан бири бу Ўзбекистонда бозор инфратузилмалар, шу жумладан биржа тизимини шакллантириш бўлди.
 
Мустақиллик йилларида ЎзРТХБ да биржа савдо технологиялари ва қоидалари ишлаб чиқилди, хорижий мамлакатларнинг тажрибаси ўрганилди ва жорий этилди, брокерлик идоралари ва савдо майдончаларнинг тармоғи яратилди. 2004 йилда Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳсулотлар, хом-ашё ва материалларнинг юқори ликвидли турларини сотишнинг бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш тўғрисида»ги 57-сонли қарорини қабул қилиниши билан республикамизда мавжуд бўлган товар-хомашё ресурсларни лимит-фонд тақсимоти бекор қилиниб, биржа товарлари сотилишининг бозор механизми шаклланди.
 
Ўз навбатида мазкур механизм товар сегментида бозор нархларининг шаклланишини қўллаб-қувватлади, ўтказиладиган савдо операцияларнинг очиқ-ойдинлигини таъминлади ва кичик бизнеснинг ривожланишига туртки берди. Шунингдек биржа савдоларининг ошкоралиги мамлакатимизда монополизм ва “хуфиёна иқтисодиёт” элементларини бартараф этиш, ҳамда соғлом рақобат муҳитини шаклланишига ҳам ўз кўмагини берди.
 
Электрон биржа савдоларини ташкил этиш ва ўтказилиши сари ЎзРТХБ МДҲ мамлакатлари орасида етакчи товар биржаларидан бирига айланди. Бизнес вакилларининг ЎзРТХБ электрон савдоларида иштирок этиш динамикаси биржа фаолиятини баҳолашнинг муҳим мезонларидан бири ҳисобланади. Хусусан 2004-2016 йиллар мобайнида биржада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштироки билан тузилган битимларнинг ҳажми 27 маротабага, яъни 303,6 млрд сўмдан 8,3 трлн сўмгача ўсди.
 
Жорий йилнинг биринчи ярмида эса ушбу кўрсаткич 4,7 трлн сўмга етди, 2016 йилнинг биринчи ярмига нисбатан ўсиш 15% ни ташкил этди. Яъни тадбиркорлар биржа орқали 3,2 трлн сўмлик товар ресурсларини харид қилиб, 1,5 трлн сўмлик маҳсулот сотдилар. Бунда тадбиркорларнинг маҳсулотларини биржа орқали сотиш ҳажми 16% га ўсди. Мазкур кўрсаткичлар бизнес вакилларининг биржа савдолари ва электрон тижоратда иштирок этишга бўлган қизиқишлари ошганлигидан далолат беради.
 
Биржа кўрсаткичларининг ўсиши сотилаётган товарлар номенклатурасининг кенгайиши ва бозорнинг юқори даражадаги ликвидлиги, АКТ нинг замонавий турларини жорий этиш орқали барча савдо иштирокчилари учун қулайликларни яратилиши, ҳамда брокерлик идоралари ва кенг тармоқли ҳудудий инфратузилмани ривожланиши ҳисобига эришилди.
 
Ҳозирда биржада 800 та брокерлик идоралари ва уларнинг таркибида 2 мингга яқин трейдерлар аккредитациядан ўтказилган. Марказий офис ва 13 та ҳудудий филиаллардан ташқари республикамизнинг деярли барча туманларида 215 та савдо майдончалари самарали фаолият юритмоқда. Биржанинг савдо инфратузилмасини кенгайтирилиши ЎзРТХБ фаолиятининг асосий тамойилларидан бири, яъни барча савдо иштирокчилари учун тенг шароит яратиб беришни таъминлайди.
 
Биржада ҳисоб-китоб клиринг палатаси (ҲКП) орқали йиллар давомида қўлланилаётган кафолатлаш механизми ЎзРТХБ да шартнома интизомини сезиларли даражада мустаҳкамлади. Бугунги кунда биржа шартномалари доирасида бўлган мажбуриятларни бажарилиши 97% дан юқори. Шунингдек биржа мижозларига шахсий кабинет орқали ҲКП да очилган ҳисобварақ ҳолатини текшириш, амалга оширилган транзакцияларни кузатиш ва пул маблағларини қайтариш каби қулайликлар тақдим этилган.
 
Жорий йилнинг инновацион янгиликларидан бири бу онлайн режимида ЎзРТХБ нинг барча савдо платформаларида бирдан аккредитациядан ўтиш имконини берувчи “Бир ойна” интерактив хизматини жорий этилиши бўлди. Масофадан туриб ягона рўйхатдан ўтиш учун мижоз шахсий кабинетда ўз профилини электрон рақамли имзо (ЭРИ) орқали активлаштиради ва керакли ҳужжатларнинг электрон шаклини биржага юборади. Мазкур сервис мижозларнинг вақтларини тежашга ва уларнинг молиявий ҳаражатларини камайтиришга ёрдам берди.
 
Жорий йилда “ЎзРТХБ” АЖ га ISO 9001:2015 халқаро сертификати топширилди. Мазкур мувофиқлик сертификати акциядорлик жамиятни биржа савдолари ва электрон тижоратни ташкиллаштириш ва ўтказиш соҳасида халқаро сифат талабларига мослигини тасдиқлайди. Шу билан бирга биржада асосий бизнес-жараёнларни режалаштириш, ҳисобга олиш, назорат қилиш ва таҳлил қилишни автоматлаштириш учун корхона бошқарувининг ERP тизими жорий этилди.
 
Бугунги кунда ЎзРТХБ да Call-марказга келиб тушаётган қўнғироқлар, фуқаролар мурожаатлари ва аноним тарзда ўтказилган онлайн сўровномаларнинг натижалари мунтазам равишда таҳлил қилинмоқда. Бу эса биржа фаолиятида келиб чиқаётган камчиликларни аниқлаш ва уларни ўз вақтида бартараф этиш учун комплекс чораларни кўриш имконини беради. Шу жумладан яқин келажакда биржанинг ҳудудий филиалларида замонавий фронт-офисларни очиш, қоғоз шаклидаги ҳужжатлар айланмасини қисқартириш, биржа битимлари ижросини таъминлаш бўйича кафолатлаш фондини яратиш, мижозлар ҳисобварағини масофадан туриб бошқариш, трейдерлар малакасини ошириш, корпоратив интернет ва медиа ресурсларини такомиллаштириш каби масалаларни ҳал этиш режалаштирилган.
 
Келажакда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан келиб чиқиб, ЎзРТХБ да бир қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилади. Хусусан биржа шартномаларини тузишда электрон рақамли имзодан кенг фойдаланиш, биржанинг электрон логистика тизими ва электрон тижоратнинг янги моделларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш режалаштирилган.
 
Тадбир якунида ўзаро фикр алмашинуви бўлиб ўтди, ҳамда биржа мутахассислари журналистларнинг қизиқтирган саволларига жавоб қайтардилар.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 10043