«ЎзРТХБ» АЖ фаолиятининг 2017 йилнинг биринчи ярим йиллик якунлари | Новости

26 Июл 2017
2017 йилнинг биринчи ярмида “ЎзРТХБ” АЖ да 6,9 трлн сўмлик битимлар тузилиб, бу ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 21,2% га кўпдир. Ўз навбатида ижобий динамика биржанинг барча савдо платформаларида сақланди. Хусусан, биржа савдо битимларининг ҳажми 20,6% га ошиб, 5,4 трлн сўмга етди. Бунда бир қатор товар позициялари бўйича натурал кўринишда ўсиш кузатилди, шу жумладан кўмир бўйича 75% га, автомобиль бензини – 36% га, алюминий – 26% га, пахта шроти – 21% га, буғдой уни – 12% га ўсди.
 
Шунингдек ҳисобот даврида 820 та стандарт биржа шартномалари, шу жумладан фосфат кальция, қайта ишланган мой, метилацетат, доломит бўлаклари ва аммиакли кальций селитраси каби янги товар позициялар бўйича очилди. Сотилган товарлар таркибининг катта қисмини қурилиш моллари – 29%, озиқ-овқат маҳсулотлари – 20%, қора ва рангли металлар – 17% билан эгаллашди.
 
Бизнеснинг биржа ва аукцион савдоларида фаол иштирок этиши ҳисобига электрон савдоларнинг ўсишига эришилди. Хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштироки билан тузилган битимларнинг умумий қиймати ўтган йилнинг биринчи ярмига нисбатан 15% га ўсиб, 4,7 трлн сўмни ташкил этди. Яъни тадбиркорлар биржа орқали 3,2 трлн сўмлик товар ресурсларини харид қилиб, 1,5 трлн сўмлик маҳсулот сотдилар. Бунда тадбиркорларнинг маҳсулотларини сотиш ҳажми 16% га ўсди. Бу эса бизнес вакилларининг биржа савдолари ва электрон тижоратда иштирок этишга бўлган қизиқишлари ошганлигидан далолат беради. Биржа савдоларида соф бозор нархларини шаклланиши эвазига сотувчи корхоналар 2,0 трлн сўмлик қўшимча даромад олишди ва ўсиш 17% ни ташкил этди.
 
Юқори даражада ўсиш кўрсаткичлари кўргазма-ярмарка савдолари (КЯС) соҳасида ҳам қайд этилди. Онлайн аукционларнинг умумий ҳажми 2016 йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан 22,2% га ёки 953,4 млрд сўмгача ўсди. Мазкур тизимнинг модернизация қилиниши ва интерактив хизматларни кенгайтирилганлиги боис аукцион савдо иштирокчиларнинг умумий сони 12,8% га ўсди. Харидларнинг катта қисми кимё саноати маҳсулотлари – 20%, қурилиш моллари – 13%, озиқ-овқат маҳсулотлари – 10% ва ҳиссаси 5% лик машинасозлик маҳсулотларига тўғри келди.
 
Биржанинг валюта савдо майдончаси ва электрон дўкони орқали 32,8 млн АҚШ долларлик маҳаллий маҳсулотлар экспорт қилиниб, бу ўтган йилнинг биринчи ярмига нисбатан 8,1% га кўпдир. Экспорт қилинган маҳсулотлар орасида полиэтиленнинг ҳажми 19,5% га, минерал ўғитлар – 6,5 маротабага ва суюлтирилган газ – 2,4 маротабага ўсди. Илк бор 1,6 млн АҚШ долларлик полипропилен маҳсулоти экспорт қилинди.
 
«D-xarid» давлат харидлари бўйича ўтказилган электрон савдоларнинг ҳажми 26,5% га ўсиб, 315,5 млрд сўмни ташкил этди. Бюджет маблағларини тежалиши эса 55,6% га, яъни 91,6 млрд сўмгача ошди. Кичик бизнес субъектларининг давлат харидлари бўйича тузилган битимларнинг сони ва ҳажмидаги улуши 99% ни ташкил этди. Электрон каталог савдо тизимида 41,7 млрд сўмлик энг зарур товарлар харид қилинди, ўсиш – 25,5%. Ушбу тизимда бюджет маблағларининг иқтисод қилиниши 93% га ўсди ва 23,8 млрд сўмни ташкил этди.
 
«E-xarid» – корпоратив харидларининг ҳажми 23,2% га, яъни 267,6 млрд сўмгача кўтарилди. Бунда молия маблағларини тежалиши 2016 йилнинг биринчи ярмига нисбатан 29% га ўсиб, 68,8 млрд сўмни ташкил этди. Кичик бизнес субъектларининг корпоратив харидлари бўйича тузилган битимларнинг сони ва ҳажмидаги улуши 97% ни ташкил этди.
 
“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури доирасида “ЎзРТХБ” АЖ раҳбарияти томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг сайёр қабул қилиш ташкиллаштирилди, ҳамда республикамиз туманларида тадбиркорлар, бюджет ташкилотлари ишчилари, бошқа электрон савдо иштирокчилари, ҳамда кенг жамоатчилик вакиллар иштирокида бир қатор учрашув ва ўқув семинарларини ўтказилди.
 
Биржа мижозлари учун қўшимча қулайликларни яратиш мақсадида “Бир ойна” интерактив хизмати, биржанинг UZEX мобиль иловаси, Telegram мессенжерда унинг расмий боти ва канали ишлаб чиқилди ва жорий этилди. Бундан ташқари биржанинг махсус ахборот портали www.uzex.uz ни модернизация қилиниши натижасида биржа маълумотларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилди, электрон савдоларнинг очиқ-ойдинлиги оширилди ва кўрсатилаётган хизматларнинг сифати янада яхшиланди.
 
“ЎзРТХБ” АЖ корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш жараёнида жамиятнинг биржа савдолари, кўргазма-ярмарка савдолари, электрон давлат ва корпоратив харидлар, ҳамда электрон тижорат соҳасидаги менежмент тизими юқори профессионал даражасини тасдиқловчи ISO 9001:2015 халқаро сертификати олинди. Шу билан бирга биржада барча асосий бизнес-жараёнларни режалаштириш, ҳисобга олиш, назорат қилиш ва таҳлил қилишни автоматлаштириш учун ERP корхона бошқарувининг мажмуавий ахборот тизими жорий этилди.
 

Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Курилди: 8832