«ЎзРТХБ» АЖ нинг биржа савдоларига янги товар – кимёвий чўктирилган бўр (карбонат кальция) мунтазам равишда қўйила бошлади.
Бугунги кунга келиб кимёвий чўктирилган бўрни биржа савдолари орқали ички бозор ва экспортга сотиш учун 1 тонна ва 50 тонна лотлари билан 3 та стандарт шартномалари очилган. Уларнинг етказиб бериш шартлари – EXW (омборхонадан олиб кетиш) ва FCA Андижон-шимолий темир йўл станцияси. Янги биржа товарининг бошланғич нархи ички бозор учун бир тоннаси 1,7 млн сўм ва экспорт учун – 305 АҚШ доллари.
Мазкур маҳсулотни сотувчиси сифатида «Nayman mel» МЧЖ иштирок этиб, ушбу корхона жорий йилда Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида кимёвий чўктирилган бўрни ишлаб чиқариш бўйича заводни ишга туширди. Корхонанинг лойиҳа қуввати бир йилда – 21 минг тоннани ташкил этади. Бўрни ишлаб чиқариш замонавий экологик технологиялар ёрдамида амалга оширилади ва маҳаллий хомашё – оҳактошга асосланган. Лойиҳа республикамизда импорт ўрнини босиш ва маҳаллий тайёр маҳсулотлар экспортини кенгайтириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилган.
Маълумот учун: Карбонат кальций қоғоз ва озиқ-овқат саноатида, пластмасса, ойна, лок-бўёқ, резина, маиший маҳсулотларни ишлаб чиқаришда, ҳамда қурилиш ва тиббиёт соҳаларида кенг фойдаланилади.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 12852