Электрон давлат харидларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди | Новости

09 Июн 2017
2017 йилнинг 8 июнь куни Ўзбекистон миллий матбуот марказида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун “Электрон давлат харидларнинг ошкоралиги ва самарадорлигини таъминлаш натижалари ва келажакдаги истиқболлари” мавзусида “ЎзРТХБ” АЖнинг матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад кенг жамоатчиликни электрон давлат харидларнинг афзалликлари ва имкониятлари билан таништиришдан иборат бўлди.
 
Конференцияда таъкидлаб ўтилганидек, биржа томонидан инновацион лойиҳаларни амалга оширилиши “ЎзРТХБ” АЖнинг барча савдо платформаларини, шу жумладан биржада 2011 йилдан буён муваффақиятли фаолият юритиб келаётган электрон давлат харидлар тизимини жадал суръатлар билан ривожланишига кўмак бермоқда.
 
Хусусан, биржа фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларини фаол равишда жорий этилиши эвазига сўнги 6 йил мобайнида биржада давлат харидлари бўйича тузилган битимларнинг ҳажми 4 маротаба ўсиб, 2016 йилда 668 млрд сўмни ташкил этди. 2011-2016 йилларда бюджет маблағларининг тежалиши эса 7 маротабага, яъни 22 млрд сўмдан 161 млрд сўмгача кўтарилди. Шу билан бирга, “D-Xarid” электрон тизимда фаол бўлган кичик бизнес субъектларининг сони 5 мингдан 42 мингтагача ошди.
 
Савдоларнинг ижобий динамикаси жорий йилда ҳам кузатилмоқда. Яъни, 2017 йилнинг биринчи чорагида электрон давлат харидларининг умумий қиймати 2016 йилнинг мос даврига нисбатан 28%га ўсиб, 114 млрд сўмни ташкил этди. Бюджет маблағларини тежалиши эса 37%га, яъни 30 млрд сўмгача кўтарилди. Давлат харидлари тизимида маҳсулот етказиб бериш бўйича кичик бизнес субъектларининг улуши тузилган барча битимларнинг сони ва уларнинг қийматидан 99%ни ташкил этди. Аукцион савдоларда ҳар бир буюртмага ўртача 15та таклифлар келиб тушди.
 
Электрон каталог тизимида 9,4 млрд сўмлик энг зарур товарлар сотиб олинди ва ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг биринчи чораги билан солиштирганда 27%га кўпдир. Ушбу тизимда тежалган бюджет маблағларининг ҳажми 2 млрд сўмдан 5 млрд сўмгача ўсди.
 
Давлат харидлари бўйича электрон аукцион савдоларни биржанинг www.uzex.uz махсус ахборот порталида ўтказилиши бюджет ташкилотлари томонидан товар ва хизматларни харид қилиш жараёнида ошкоралик ва очиқ-ойдинликни таъминлашнинг муҳим мезони ҳисобланади.
 
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йилнинг 27 июлдаги 242-сонли қарорига мувофиқ биржа порталининг очиқ қисмида харидлар тўғрисида эълонлар, уларнинг режа-жадвали, электрон савдо натижалари, кафолатловчи ва ноҳалол етказиб берувчиларнинг рўйхати жойлаштиралади. Бу ўз навбатида давлат харидларни ўтказилиши устидан самарали давлат ва жамоатчилик назоратини олиб борилишини таъминлайди.
 
Жорий йилда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури доирасида биржа порталини модернизациялаш ва янгилаш ишлари ўтказилди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш натижасида порталда биржа маълумотларидан фойдаланиш кенгайтирилди, янги сервислар ҳисобига электрон савдоларнинг очиқ-ойдинлиги ва самарадорлиги оширилди. Веб-сайтнинг янги дизайни негизини фойдаланиш учун қулайлик, корпоратив услуб, янги функциялар ва электрон тижорат соҳасидаги сўнгги трендлар эгалади. Порталнинг янги воситалари энг кўп фойдаланиладиган ресурслар ва биржанинг асосий кўрсаткичлар кўринишини максимал даражада соддалаштиришди.
 
Бундан ташқари, биржа мижозлари учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида давлат харидлари бўйича шахсий кабинетнинг функционал имкониятлари кенгайтирилди. Амалда электрон буюртмалар шаклларини тўлдириш жараёни енгиллаштирилди, етказиб берувчилар фаолиятига баҳо бериш тизими жорий этилди, ҳамда харидларнинг режа-жадвалида акс эттирилган рақамни киритиш орқали буюртмаларни автоматик тарзда шакллантиришнинг янги функцияси ишга туширилди.
 
Давлат харидлари соҳасида электрон савдоларга янги мижозларни жалб қилиш йўли билан кенг рақобатни ривожлантиришга ҳам алоҳида урғу берилмоқда. Ушбу мижозларнинг аксарият қисмини эса бизнес вакиллари ташкил этади. Мазкур йўналиш бўйича тадбиркорларнинг электрон давлат харидлари тизимида аккредитациядан ўтказиш ва уларни электрон савдоларда иштирок этишни соддалаштириш мақсадида “ЎзРТХБ” АЖ ва “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази ўртасида маълумотлар базаларини алмашинуви йўлга қўйилган.
 
Бундан ташқари, биржанинг Telegram мессенжердаги расмий канали ва боти тадбиркорлар орасида тобора оммалашиб бормоқда. Улар мазкур ахборот ресурслари ҳисобига биржанинг сўнги янгиликларидан хабардор бўлиш, электрон савдоларда иштирок этиш йўриқномасини юклаб олиш, ҳамда электрон харидлар учун тарифлар ва бошқа маълумотларни билиб олиш имкониятига эга бўлдилар.
 
Шунингдек, биржа мутахассислари томонидан давлат харидлари бўйича «D-Xarid» янги мобиль илова ишлаб чиқилиб, у товар етказиб берувчилар учун электрон савдоларда мобиль ускуналар ёрдамида иштирок этиш имконини беради. Шу боис мазкур дастур Google Play иловалар дўконида жойлаштирилган пайтдан бошлаб қисқа 10 кунлик муддатда 700 маротаба юклаб олинди.
 
Умуман олганда бошланғич нархларни пасайтириш юзасидан ўтказаладиган электрон аукцион савдоларида соғлом ва соф рақобатни ривожланиши давлат харидлар баҳосини пасайиши ва шу билан бюджет маблағларини янада кўпрок тежалишини таъминлайди.
 
Яқин келажакда биржанинг bilim.uzex.uz онлайн ўқув вебсайтини янгилаш ишлари режалаштирилган. Бунда бюджет ташкилотлари ходимларини вебсайт орқали онлайн тестдан ўтказиш ва уларни электрон савдоларда иштирок этишни автоматлаштириш назарда тутилган.
 
Биржанинг бошқа истиқболдаги режаларига электрон харидларнинг янги усулларини жорий этиш, биржанинг ҳудудий филиалларида мулоқот воситаларини такомиллаштириш, ҳамда “ЎзРТХБ” АЖ электрон савдоларига жисмоний шахсларни жалб қилишни назарда тутган янги йўналиш, яъни электрон тижоратнинг B2C моделини ўзлаштириш киради.
 
Матбуот анжумани якунида биржа мутахассислари оммавий ахборот воситалари вакилларининг барча қизиқтирган саволларига жавоб қайтардилар.
 

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Кўрилди: 12303