2017 йил 26 май куни биржанинг марказий аппарат биносида “ЎзРТХБ” АЖ акциядорларининг умумий йиллик мажлиси ўтказилди.
Мажлис давомида акциядорлар томонидан жамиятнинг 2016 йил учун йиллик молиявий хўжалик ҳисоботи, Кузатув кенгаши ва тафтиш коммисиясининг ҳисоботлари тасдиқланди. Йиғилишда Кузатув кенгаши, тафтиш комиссияси ва жамият бошқарувининг янги таркиби сайланди. Шунингдек акциядорларга ташқи холис аудиторнинг ижобий хулосаси тақдим этилди ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Мажлисда айтиб ўтилганидек, “ЎзРТХБ” АЖнинг 2016 йилдаги фаолияти мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланишининг устувор йўналишлари ва 2015 йилда акциядорларнинг умумий мажлисида тасдиқланган Биржанинг ўрта (2016-2018 йиллар) ва узоқ (2016-2025 йиллар) муддатли ривожланиш стратегиясини амалга оширишга қаратилган эди. Мазкур стратегияда биржа товар бозорларида, инновация ва мижозларга хизмат кўрсатиш йўналишларда етакчиликни кучайтириш йўли билан рақобатли устунликларни сақлаш бўйича мақсад ва вазифалар белгиланган эди.
Уларни бажариш доирасида 2016 йилда 12,1 трлн сўмлик битимлар тузилди ва бу 2015 йилга нисбатан 36,6%га кўпдир. Бунда ижобий динамика биржанинг барча савдо платформаларида қайд этилди. Шу жумладан биржа савдолари бўйича тузилган битимларнинг ҳажми 38%га ўсиб, 9,5 трлн сўмни ташкил этди, товарларнинг экспорти эса 31,3%га ўсиб, 73,2 млн АҚШ доллар эквивалентида қайд этилди.
Кўргазма-ярмарка савдолар платформасида тузилган битимларнинг қиймати 37,2%га кўтарилиб, 1,5 трлн сўмни ташкил этди. Давлат харидлари, шу жумладан “Электрон каталог”да харид қилинган энг зарур товарларнинг умумий ҳажми 2015 йилга нисбатан 544 млрд сўмдан 668 млрд сўмгача кўтарилди (ўсиш – 22,8%). Корпоратив харидлар тизимида 445 млрд сўмлик битимлар тузилди ва ушбу кўрсаткич аввалги йилга нисбатан 29,3%га кўпдир.
Инновацион ечимларни биржа фаолиятида фаол жорий этилиши юқори кўрсаткичларга эришишга кўмак берди. Хусусан ҳисобот даврида кўргазма-ярмарка савдолар платформасининг модернизациялашуви, янги ахборот тизимлари, вебсайтлар ва дастурий маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилиши ва тадбиқ этилиши мижозларнинг электрон савдолардаги иштирок этиш жараёнини енгиллаштирди.
Алоҳида эътибор “ЎзРТХБ” АЖ инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизациялашувига қаратилди. Мазкур лойиҳани амалга ошириш бир нечта босқислардан иборат бўлиб ва улар биржанинг марказкий аппарат биносини реконструкция қилиш, унинг IT-инфратузилмасини модернизациялаш, ҳамда биржанинг ҳудудий филиал ва савдо майдончаларини ривожлантиришни назарда тутади.
Акциядорлик жамиятда корпоратив бошқарувни такомиллаштириш чоралари доирасида локал актларни ишлаб чиқиш ва биржа маълумотларини ошкор этиш бўйича ишлар олиб борилди, Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларининг (МҲХС) асосида молиявий ҳисоботларни нашр этишга ўтилди ва аудит халқаро стандарлар бўйича ўтказилди.
Корпоратив бошқарув кодексининг талабларига мувофиқ “ЎзРТХБ” АЖ фаолиятининг самарадорлиги мустақил экспертизадан ўтказилиб, унинг натижасига кўра биржада корпоратив бошқарув тизимини якуний баҳоси юқори даражада деб эътироф этилди – 822 балл. Ушбу чоралар биржа фаолияти очиқ-ойдинлигини ошириш ва жамиятни бошқарувида акциядорлар аҳамиятини кучайтириш имконини яратди.
Биржанинг истиқболдаги ривожланиш масаласини муҳокама қилиш мобайнида молиявий барқарорликни сақлаш ва самарадорлик кўрсаткичларини биржани технологик янгилаш ва модернизациялаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш орқали ошириш мақсадида “ЎзРТХБ” АЖ Ривожлантириш ва инновациялар жамғармасини тузиш масаласи кўриб чиқилди.
Мажлис якунига кўра “ЎзРТХБ” ОАЖ Бошқармасининг фаолияти қониқарли деб топилди ва биржа фаолиятининг 2017 йилдаги устувор йўналишлари белгиланди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 10047