«ЎзРТХБ» АЖ мижозлар учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида электрон харидлар иштирокчиларининг шахсий кабинетида бир қатор ўзгартиришлар киритди. Хусусан унинг функционал имкониятлари кенгайтирилди, шу жумладан электрон буюртмалар шаклларини тўлдириш жараёни енгиллаштирилди.
Биржа мутахассислари эълонларни мунтазам равишда автоматик тарзда вақтинчалик нашрини сақлаш имкониятини берувчи вебсайтнинг янги опциясини ишлаб чиқиб, жорий этдилар. Бундан ташқари, талабнома расмийлаштирилаётган пайтда буюртмачининг шахсий кабинетида ўхшаш товар ёки хизматлар учун шаклланган сўнги нархлар даражалари тўғрисида маълумот пайдо бўлмоқда. Шу билан бирга давлат харидлари тизимида буюртмаларни режа-жадвалда кўрсатилган индентификация рақамларини киритиш орқали шакллантиришнинг янги функцияси ишга туширилди.
Жорий этилган яна бир янгилик бу баҳолаш тизими бўлиб, унда буюртмачилар етказиб берилган товар ёки кўрсатилган хизматга ўз баҳоларини беришлари мумкин. Мазкур функция мижозлар баҳоларини таҳлил қилиш ва етказиб берувчиларни электрон харидлар тизимида муваффақиятли фаолият юритиш учун тегишли тавсиялар ишлаб чиқиш имконини беради.
Шунингдек шахсий кабинетда республиканинг муайян ҳудудларига маъсул бўлган модераторлар тўғрисида ахборот, шу жумладан улар билан боғланиш маълумотлари жойлаштирилди. Бунда ҳар бир савдо иштирокчиси ўзининг шахсий кабинет орқали ҳам онлайн маслаҳат хизматидан фойдаланиши мумкин.
Умуман олганда, шахсий кабинетнинг янада яхшиланиши буюртмачи ва етказиб берувчиларнинг электрон савдоларда иштирок этиш самарадорлигини оширишни таъминлайди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 11250