ЎзРТХБ да 2017 йилнинг апрель ойи якунлари | Новости

11 Май 2017
Жорий йилнинг апрель ойида «ЎзРТХБ» АЖнинг электрон савдоларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2016 йилнинг мос даври билан солиштирганда 19,3% га ўсиб, 1,2 трлн сўмни ташкил этди. Ўз навбатида кўрсаткичларнинг ўсиши биржанинг барча савдо платформаларида қайд этилди.
 
Шу жумладан биржа савдолари орқали сотилган товарларнинг умумий ҳажми ўтган йилнинг апрелига нисбатан 747,6 млрд сўмдан 902,3 млрд сўмгача ўсди. Сотиш ҳажмлари ошганлигига қарамасдан қурилиш молларининг улуши 30% дан 25% гача пасайди, рангли металларнинг сотувлардаги ҳиссаси эса аксинча 8% дан 15% гача кўтарилди. Бошқа товар гуруҳлари биржа бозорида ўтган йилга мос улушларини сақлаб қолишди.
 
Биржа бозорининг валюта савдо майдончасининг ҳажми ўтган йилнинг апрелига нисбатан 8,7% га ўсиб, 6,1 млн АҚШ долларни ташкил этди. Экспорт сотувларининг катта қисмини мос тарзда 55% ва 41% улушлар билан полиэтилен ва суюлтирилган газ эгаллади. Бозорнинг қолган қисми минерал ўғитлар, рангли металлар ва техник мойларга тўғри келди.
 
Жорий йилнинг апрелида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштироки билан тузилган битимларнинг умумий ҳажми 813,3 млрд сўмни ташкил этди ва бу 2016 йилнинг мос даврига нисбатан 19,5% га кўпдир. Жу жумладан тадбиркорлар биржа орқали 563,5 млрд сўмлик товар ресурсларини харид қилиб, 249,8 млрд сўмлик маҳсулот сотдилар.
 
Кўриб чиқилаётган давр мобайнида ярмарка савдоларининг ҳажми 7,3% га, яъни 165,3 млрд сўмгача ўсди. Кўргазма-ярмарка савдолар платформасида йирик битимлар қурилиш моллари, эҳтиёт қисмлар ва кимё маҳсулотлари бўйича тузилди.
 
Давлат харидлари («D-xarid») тизимида 64,2 млрд сўмлик битимлар тузилиб, бу 2016 йилнинг апрель ойига нисбатан 24,5% га кўпдир. Бюджет маблағларининг тежалиши эса ўтган йилнинг апрелига нисбатан 12,5 млрд сўмдан 18,6 млрд сўмгача кўтарилди. Давлат харидлари тизимида маҳсулот етказиб бериш бўйича кичик бизнес субъектларининг улуши умумий битимларнинг сонидан 97% ва уларнинг қийматидан 98% ни ташкил этди. Таҳлил қилинаётган даврда электрон каталогда тузилган битимларнинг ҳажми 51,9% га ўсиб, 9,5 млрд сўмни ташкил этди.
 
Ўтган ойда «E-xarid» корпоратив харидларнинг ҳажми 2016 йилнинг апрелига нисбатан 28,7% га ўсиб, 49,1 млрд сўмни ташкил этди. Мазкур тизимда кичик бизнес субъектларининг товар етказиб бериш улуши умумий битимларнинг сони ва ҳажмидан 97% ни ташкил этди. Аукцион савдоларда ҳар бир талабномага ўртача 19 та таклифлар келиб тушди.
 

Манбаа : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати

Кўрилди: 9744