2017 йилнинг 14 апрелида Жаҳон банкининг делегацияси “Ўзбекистонда давлат харидлари самарадорлигини яхшилаш” техник ёрдами лойиҳасини амалга оширилишини қўллаб-қувватлаш мақсадида “ЎзРТХБ” АЖга ташриф буюрди.
Ташриф давомида меҳмонлар 2011 йилдан буён самарали фаолият юритиб келаётган электрон давлат харидлар тизими билан танишиб чиқдилар. Жумладан, давлат харидлари бўйича ўтказиладиган электрон савдолар механизмини тақдимоти ўтказилди, сўнгги йилларда соҳада эришилган натижалар кўрсатиб ўтилди.
Айтиб ўтилганидек, 2011 йилдан 2016 йилгача бўлган даврда электрон давлат харидлари, шу жумладан аукцион савдолар ва электрон каталогнинг умумий умумий ҳажми 4 маротабага ўсиб, 667,7 млрд сўмни ташкил этди. Электрон савдолар давомида бошланғич нархларнинг пасайиши эвазига 2016 йилда 133,0 млрд сўм ҳажмида бюджет маблағлари тежалди. Шу билан бирга, давлат харидлари бўйича товарлар (иш, хизмат)ни етказиб беришда кичик бизнеснинг улуши қарийб 99%ни ташкил этди.
Шунингдек, Жаҳон банки миссиясининг вакиллари электрон давлат харидлари тизимининг ривожланиш истиқболлари тўғрисида батафсил маълумотлар олдилар. Хусусан, «D-xarid» тизимини янада ривожланишининг асосий йўналишлари, шу жумладан харидларнинг янги усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш таклифлари муҳокама этилди.
Умуман олганда, Жаҳон банкининг мутахассислари давлат харидларининг электрон савдоларини ташкил этиш борасида “ЎзРТХБ” АЖ томонидан олиб борилаётган ишларга ижобий баҳо бердилар.
Учрашув якунида, давлат электрон харидларини халқаро жаҳон тажрибаси асосида такомиллаштириш бўйича ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кeнгайтириш юзасидан кeлишувларга эришилди.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 8477