2017 йилнинг февраль ойида ЎзРТХБ да 1,08 трлн сўмлик битимлар тузилиб, бу ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 19,0% га кўпдир. Ўз навбатида ижобий динамика биржа ва ярмарка савдолари, ҳамда электрон харидлар тизимларида кузатилди.
Кўриб чиқилаётган давр мобайнида биржа савдолари орқали сотилган товарларнинг умумий ҳажми 2016 йилнинг февралига нисбатан 22,7% га ошиб, 873,5 млрд сўмни ташкил этди. Сезиларли ўсиш қурилиш моллари сегментида қайд этилиб, уларнинг биржа бозоридаги улуши 26% дан 29% гача кўтарилди. Шунга ўхшаш ҳолат рангли металлар бозорида қайд этилиб, уларнинг ҳиссаси 8% дан 11% гача ўсди. Сотув ҳажмлари ошганлиги сабабли суюлтирилган газнинг улуши 9% дан 5% гача, полиэтиленнинг – 13% дан 8% гача қисқарди.
Бундан ташқари биржанинг валюта савдо майдончасида 8,0 млн АҚШ долларлик экспорт шартномалари тузилди, ўсиш 51,7% ни ташкил этди. Экспорт бозорининг катта қисми, яъни 63% ни полиэтилен эгаллади. Шунингдек экспортга минерал ўғитлар – 9%, рангли металлар – 9%, суюлтирилган газ – 8%, полипропилен – 8%, нефть маҳсулотлари ва кимё маҳсулотлари – 3% улуш билан сотилди.
Жорий йилнинг февралида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштироки билан тузилган битимларнинг умумий ҳажми 703,7 млрд сўмни ташкил этди ва бу 2016 йилнинг мос даврига нисбатан 6,5% га кўпдир. Жу жумладан тадбиркорлар биржа орқали 499,7 млрд сўмлик товар ресурсларини харид қилиб, 204,0 млрд сўмлик маҳсулот сотдилар.
Кўриб чиқилаётган давр мобайнида ярмарка савдоларининг ҳажми 125,4 млрд сўмни ташкил этди. Кўргазма-ярмарка савдолар платформасида йирик битимлар кимё маҳсулотлари, қурилиш моллари, асбоб-ускуна ва эҳтиёт қисмлар бўйича тузилди.
Давлат харидлари («D-xarid») тизимида 38,9 млрд сўмлик битимлар тузилиб, бу 2016 йилнинг февраль ойига нисбатан 24,3% га кўпдир. Бюджет маблағларининг тежалиши эса ўтган йилнинг февралига нисбатан 7,6 млрд сўмдан 10,2 млрд сўмгача кўтарилди. Давлат харидлари тизимида маҳсулот етказиб бериш бўйича кичик бизнес субъектларининг улуши умумий битимларнинг сони ва уларнинг қийматидан 98% ни ташкил этди. Таҳлил қилинаётган даврда электрон каталогда тузилган битимларнинг ҳажми 26,6% га ўсиб, 3,1 млрд сўмни ташкил этди.
Ўтган ойда «E-xarid» корпоратив харидларнинг ҳажми 2016 йилнинг февралига нисбатан 17,8% га ўсиб, 39,3 млрд сўмни ташкил этди. Мазкур тизимда кичик бизнес субъектларининг товар етказиб бериш улуши умумий битимларнинг сонидан 96% ва уларнинг ҳажмидан 97% ни ташкил этди. Аукцион савдоларда ҳар бир талабномага ўртача 18 та таклифлар келиб тушди.
Курилди: 14212