2017 йилнинг 23 ноябрида Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” акциядорлик жамиятининг (“ЎзРТХБ” АЖ) оммавий ахборот воситалари вакиллари учун “ЎзРТХБ да биржа савдолари ҳамда электрон тижоратнинг замонавий ҳолати ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирдан кўзланган мақсад кенг жамоатчиликни ЎзРТХБ электрон савдоларининг сўнгги натижалари, ҳамда биржанинг яқин келажакдаги истиқболли ривожланиш режалари билан таништиришдан иборат бўлди.
Анжуманда таъкидланганидек, “ЎзРТХБ” АЖ ҳукуматимизнинг кўмагига таянган ҳолда, узлуксиз равишда биржанинг бош савдо платформасини такомиллаштириш билан бирга, иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқларида шаффофлик ва рақобатга асосланган аукцион савдолар моделини жорий этишни давом эттирмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 ноябрдаги ПҚ-3386-сонли “Рақобат муҳитини такомиллаштириш, ёнилғи-энергетик ресурслар ва бошқа юқори ликвидли маҳсулотлар билан таъминлаш соҳасида суиистеъмол қилиш ва талон-тарож қилиш шароитларига чек қўйиш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, дебиторлик ва кредиторлик қарзларни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорини ижро этиш мақсадида юқори ликвидли маҳсулотларни тасдиқланган рўйхатга мувофиқ фақат бозор тамойилларига асосланган очиқ-ойдин биржа савдоларида сотишга босқичма-босқич ўтиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Бугунги кунда ЎзРТХБ томонидан биржа савдоларини шаффофлигини ошириш, бозор нархларини шаклланиш механизмини такомиллаштириш, биржанинг логистика тизимини яратиш, ҳамда биржада амалга ошириладиган турли операция ва бизнес-жараёнларни автоматлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, замонавий IT-технологияларни қўллаш ва янги савдо услубларини жорий этиш орқали тадбиркорлар, ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг биржа бозорларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ишлари режалаштирилган.
Умуман олганда, 2017 йилнинг 10 ойи мобайнида ЎзРТХБ да 11,4 трлн сўмлик битимлар тузилиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16% га кўпдир. Биржада рўйхатдан ўтган янги мижозларнинг сони 20% га кўпайиб, 7,6 мингтани ташкил этди. Биржа савдоларининг ҳажми 19% га, яъни 9,1 трлн сўмгача ўсди. Ўз навбатида биржа савдоларида бозор нархларини шаклланиши эвазига сотувчи корхоналар 3,3 трлн сўмлик қўшимча даромад олди.
Шунингдек, бизнес вакилларининг биржа ва аукцион савдоларида фаол қатнашиши ЎзРТХБ товарайланмасининг ўсишига кўмак берди. Хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштироки билан тузилган битимларнинг умумий қиймати 2016 йилнинг 10 ойига нисбатан 15% га ўсиб, 8,0 трлн сўмни ташкил этди. Яъни тадбиркорлар биржа орқали 5,7 трлн сўмлик товар ресурсларини харид қилиб, ўзларининг 2,3 трлн сўмлик маҳсулотларини сотдилар.
Ярмарка савдоларининг ҳажми 2016 йилнинг 10 ойига нисбатан 16% га, яъни 1,4 трлн сўмгача кўтарилди. Интернет тармоғида амалга оширилган харидларнинг катта қисми машинасозлик маҳсулотлари (22%), қурилиш моллари (20%), кимё саноати маҳсулотлари (15%) ва истъемол товарлари (10%) га тўғри келди.
Валюта савдо платформаси ва биржанинг электрон дўкони орқали 51,3 млн АҚШ долларлик маҳаллий маҳсулотлар экспорт қилинди. Экспортга сотилган маҳсулотлар қаторида минерал ўғитларнинг ҳажми 12 маротабага, полипропилен – 4 маротабага, суюлтирилган газ – 12% га ва полиэтилен 4,5% га ўсди.
Жорий йилнинг ноябридан бошлаб “UZEX хабарлари” корпоратив телевизион кўрсатувининг дунёнинг етакчи бизнес каналларининг талабларига жавоб берадиган замонавий ва концептуал янги талқини эфирга узатилди. ЎзРТХБ нинг янги телекўрсатуви ҳар ҳафта “O’zbekiston 24” ахборот-таҳлилий телеканалида учта тилда олиб эшиттирилади. Бу ўз навбатида, кўрсатувнинг аҳоли ва бизнес орасидаги аудиториясини янада кенгайтириш имконини берди. Телекўрсатувда биржа товар бозорларининг турли сегментларини таҳлили, биржа янгиликлари ва котировкалари ҳақида хабарлар етказилмоқда.
Жорий йилнинг асосий янгилиги – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31-августдаги 683-сонли “Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” ги қарорига мувофиқ авторақамларни сотиш бўйича янги савдо платформасининг ишга туширилиши билан товар биржасида электрон тижоратнинг B2C моделини жорий этилиши бўлди. Шу тариқа, ЎзРТХБ тарихида илк бор, жисмоний шахслар биржадаги электрон савдоларда фаол қатнаша бошладилар.
Янги тизимни яратишда савдо иштирокчиларининг истак ва талаблари инобатга олиниб, савдо технологияларида замонавий IT-маҳсулотлар кенг қўлланилди. Шу жумладан, мижознинг рўйхатдан ўтишидан тортиб, то битимни тузишгача бўлган барча операция ва транзакциялар ЎзРТХБ нинг avtoraqam.uzex.uz вебсайти ва мобил иловасидаги шахсий кабинетда амалга оширилади. Бунинг натижасида вебсайтга ташриф буюрувчиларнинг 79% смартфон ва планшет каби мобиль қурилмаларидан фойдаланмоқда. Шунингдек, ушбу тизимда биржа савдоларида кенг қўлланиб келинаётган битимларни ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали кафолатлаш механизми ҳам жорий этилди.
Янги савдо платформасини ишга туширилиши автотранспорт эгалари орасида катта қизиқиш уйғотди. Ўтган даврда онлайн аукционлар орқали 684 та авторақамлар, шу жумладан 469 таси жисмоний шахсларга, 215 таси юридик шахсларга сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий киймати 14,4 млрд сўмдан ошди.
Харидорларнинг таркибий тузилмасида етакчи ўринни, яъни бозорнинг 46% ни Тошкент ва Тошкент вилоятининг автоҳаваскорлари эгалладилар. Кейинги ўринларда Фарғона (11%), Самарқанд (10%), Хоразм ва Андижон вилоятлари (6% дан), Наманган ва Сирдарё вилоятлари (4% дан) нинг харидорлари жойлашган. Бошқа ҳудудларнинг умумий улуши 13% ни ташкил этди.
AVTORAQAM электрон тизимида ҳар куни ўртача 10 та битим тузилмоқда. Ўтказилаётган рақобатли савдолар жараёнида авторақамларнинг олий тоифаси бўйича 249 га яқин талабномалар келиб тушса, уларнинг иккинчи ва учинчи тоифасига мос тарзда ўртача 54-30 та нарх таклифлари берилмоқда.
Биржада электрон тижоратни янада ривожлантириш мақсадида яқин келажакда аукцион савдоларда сотилаётган товарларнинг номенклатурасини кенгайтириш, ҳамда ярмарка савдоларида кафолатлаш механизмларини жорий этилиши ҳам кутилмоқда. Тадбир якунида анжуман иштирокчилари орасида фикр алмашинуви бўлиб ўтди, ҳамда биржа мутахассислари журналистларни қизиқтирган саволларига жавоб бердилар.
Источник : "ЎзРТХБ" АЖ Матбуот хизмати
Курилди: 14439