Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг ривожланиш масалалари муҳокама этилди | Новости

17 Ноя 2017
2017 йил  17 ноябрь куни  Миллий Матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг навбатдан ташқари конференцияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, матбуот ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, уюшманинг ҳудудий бўлимлари раислари, “ЎзРТХБ” АЖ раҳбари ва бошқа вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон  Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг “Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва бошқа масалалар муҳокама этилди.
 
Конференцияда қайд этилганидек, мамлакатимизда  амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти, республикамизнинг дунёдаги ривожланган, замонавий давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши, барча соҳалар қатори, оммавий ахборот воситалари ривожи,  медиа-тузилмаларда фаолият юритаётган журналистларнинг билим ва малакаси, ўз ишига масъулияти ва фидойилигига ҳам боғлиқ.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, йилдан-йилга  оммавий ахборот воситаларини демократлаштириш кучайиб бормоқда. Бу миллий  медиа муҳитда нодавлат ОАВ кўпайиб бораётганида ҳам намоён бўлмоқда. Ҳозирда 1500 дан зиёд ОАВ фаолият кўрсатаётган бўлса, барча телеканалларнинг қарийб 53 фоизи, радиоканалларнинг эса 85 фоизи,газета ва журналларнинг 60 фоизидан зиёди нодавлат оммавий ахборот воситаларидан иборат.
 
Энг тезкор ахборот воситаси – Интернет ҳаётимизга тобора чуқур кириб бораётир. Ҳозирги вақтда глобал тармоқда Uz доменли веб-сайтлар, ахборот порталлари сони 400 дан ошиб кетгани, уларнинг аксарияти хорижий тилларда фаолият кўрсатаётгани, ушбу йўналишда янги ижодий авлод – Интернет журналистлари шаклланиб бораётгани эътиборга сазовордир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан 2017 йил 3 август куни Тошкент шаҳрида ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги “Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш – халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир”  деб номланган маърузасида илгари сурилган таклифлар ва ғоялар ижодий ташкилотлар тарихида янги даврни бошлаб берди.
 
Видеоселектор йиғилишида йирик корхоналар ижодий ташкилотлар ўртасида Дўстлик клублари ташкил этиш ғояси илгари сурилган ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига Республика товар-хомашё биржаси ҳомий қилиб бириктирилган эди. Ўзаро ҳамкорлик борасида ўтган вақт давомида бир қатор тадбирлар амалга оширилди, икки ташкилот ўртасида Дўстлик клуби ташкил қилинди, клубнинг веб-сайти фаолияти йўлга қўйилмоқда. Биржа билан ҳамкорликда кам таъминланган, моддий ёрдамга муҳтож бир гуруҳ кекса журналистлар холидан ҳабар олиниб, улар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди.  Бу борадаги ишлар давом эттирилади.
 
Конференцияда Журналистлар ижодий уюшмасининг йил бошидан конференциягача ўтган даврдаги ташкилий, ижодий ва жамоатчилик ишлари билан боғлиқ фаолияти таҳлил этилди, галдаги вазифалар белгилаб олинди.
 

Источник : ТCЖУ

Курилди: 9599