2017 йилнинг 21 январь куни “ЎзРТХБ” АЖ бошқарувининг 2016 йил якунлари ва 2017 йилдаги асосий вазифаларга бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда тизимдаги марказий бошқарув бўлимлар ва ҳудудий филиалларнинг бошлиқлари иштирок этдилар.
Тадбирда айтиб ўтилганидек, 2016 йилда биржанинг барча савдо платформаларида ижобий натижаларга эришилди. “ЎзРТХБ” АЖ да тузилган барча битимларнинг умумий ҳажми 2015 йил билан солиштирганда 36,6% га ўсиб, 12,06 трлн сўмни ташкил этди. Хусусан, биржа битимларининг ҳажми 38% га ошиб, 9,46 трлн сўмга етди. Бунда бир қатор товар позициялари бўйича натурал кўринишда ўсиш кузатилди, шу жумладан мис маҳсулотлари бўйича 42,1% га, кўмир – 26,4%, рух – 25%, автомобиль бензини – 22,2%, пахта линти – 22,1%, полиэтилен – 17,3%, буғдой (дон) – 12,5%, шакар – 12,3%, пахта шелухаси– 2,9% га ўсишга эришилди.
Ҳисобот даврида биржа, ярмарка ва аукцион савдоларда тадбиркорлар иштироки кенгайтирилди. Ўтган йилда тадбиркорлик субъектлари томонидан 6,0 трлн сўмлик маҳсулотлар сотиб олинган бўлиб, бу 2015 йил билан солиштирганда 17,0% га кўпдир. Шу билан бирга, улар 2,3 трлн сўмлик маҳсулотларни сотдилар ва ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 14,4% га ўсди. Шу билан бирга уларнинг тузилган битимлардаги улуши 69% ни ташкил этди.
Кўргазма-ярмарка савдолар тизимининг модернизациялашуви натижасида ярмарка савдоларнинг ҳажми 37,2% га ўсди ва 1,49 трлн сўмни ташкил этди. Ушбу савдо платформасида тузилган битимларнинг сони эса 19% га кўтарилди. Биржанинг кўргазма-ярмарка савдолари ва валюта савдо майдончаси орқали 73,2 млн АҚШ долларлик маҳаллий маҳсулотлар экспорт қилиниб, бу 2015 йилга нисбатан 31,3% га кўпдир.
«D-xarid» давлат харидлари бўйича ўтказилган электрон савдолар ҳажми 19,9% га ўсиб, 596,1 млрд сўмни ташкил этди. Бюджет маблағларини тежалиши эса 133,0 млрд сўмга етди. Кичик бизнес субъектларининг давлат харидлари бўйича тузилган битимларнинг сони ва ҳажмидаги улуши 99% ни ташкил этди. Электрон каталог савдо тизимида энг зарур товарларни харид қилиш ҳажми 2015 йилга нисбатан 53,3% га, яъни 71,6 млрд сўмгача ўсди. Бюджет маблағларининг иқтисод қилиниши 12,0 млрд сўмдан 28,1 млрд сўмгача кўтарилди.
«E-xarid» – корпоратив харидларининг ҳажми 29,3% га, яъни 444,8 млрд сўмгача кўтарилди. Бунда молия маблағларини тежалиши 2015 йилга нисбатан 39,6% га ўсиб, 95,5 млрд сўмни ташкил этди. Кичик бизнес субъектларининг корпоратив харидлари бўйича тузилган битимларнинг сони ва ҳажмидаги улуши 97 фоизни ташкил этди. Аукцион савдоларда ҳар бир талабномага ўртача 16 та таклифлар келиб тушди.
Компаниянинг юқори ўсиши биржа фаолиятида информацион-коммуникацион технологияларни жорий этилиши эвазига ҳам эришилди. Ўтган йилда биржанинг махсус ахборот порталида янги бўлим ва функциялар ишлаб чиқилди ва жорий этилди. Шу жумладан ярмарка савдолари бўйича янги вебсайт yarmarka.uzex.uz, тадбиркорлар учун вебсайт b2b.uzex.uz, ҳамда онлайн ўқув вебсайти bilim.uzex.uz. Биржа савдолари, давлат ва корпоратив харидлар бўйича шахсий кабинетларда биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали пул маблағларини электрон рақамли имзо воситасида пул маблағларини қайтариш функцияси жорий этилди. Алоҳида эътибор фуқаролар мурожаатлари йўналишида янги интерактив хизматларини яратишга қаратилди. Хусусан биржанинг порталида аноним сўровномалар ва ҳар бир мутахассис билан мулоқот қилиш хизмати жойлаштирилди.
Тадбиркорлик субъектларини биржанинг электрон савдоларига кенг жалб этиш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кичик бизнес вакиллари ва ОАВ ходимларининг иштирокида бизнес-форум ва семинарлар ўтказилди.
Йиғилишнинг муҳим қисмини иккита устувор йўналишлар, шу жумладан мулоқот қилиш хизматларини такомиллаштириш ва биржа фаолиятининг барча йўналишларини ривожланиши бўйича юқори ўсиш кўрсаткичларини сақлаш масалалари эгаллади. Ушбу мақсадлардан келиб чиқиб, “ЎзРТХБ” АЖ 2017 йилга қуйидаги вазифлар белгиланди:
Биржа мижозлари ва бошқа биржа хизмати фойдаланувчилар билан ўрнатиладиган алоқа усул ва воситаларни IT ечимлар ёрдамида яхшилаш.
Биржанинг ҳудудий филиалларида мижозлар билан самарали алоқалар ўрнатиш бўйича қўшимча қулайликларни яратиш.
Акциядорлик жамиятида сифат менежменти тизими ва корхона ресурсларини бошқаришнинг замонавий усулларини жорий этиш.
Электрон савдоларга товар ресурслари ва янги мижозларни, шу жумладан кичик бизнес субъектларини жалб қилиш.
Савдоларнинг янги усули ва механизмларини жорий этиш йўли билан электрон тижоратни такомиллаштириш.
Савдо платформалар фаолиятининг оптималлаштириш ва бизнес-жараёнларни автоматлаштириш бўйича инновацион усулларни жорий этиш.
Кадрлар салоҳиятини бошқариш самарадорлигини ошириш ва персонални профессионал ривожланишини таъминлаш.
Курилди: 13938