ЎзРТХБ да август ойи якунлари | Новости

06 Сен 2016
Август ойида ЎзРТХБ нинг барча товар бозорларида кузатилган фаоллик сақланди. Биржада тузилган битимларнинг умумий ҳажми ўтган йилнинг август ойи билан солиштирганда 40% га ошиб, 1,09 трлн сўмни ташкил этди. Товар биржасининг барча савдо платформаларида ижобий динамика қайд этилди.
 
Ўтган йилга нисбатан биржа савдоларининг ҳажми 41% га ўсиб, 863,4 млрд сўмни ташкил этди. Қурилиш молларини сотиш ҳажми ўсганлиги сабабли унинг улуши 35% дан 37% гача кўтарилди. Чорва учун емлар, рангли металлар ва нефть маҳсулотлари каби товар бозорларида ҳам фаол савдолар кузатилди. Август савдо натижаларига кўра янги товар позицияси – полипропиленинг улуши 1% ни ташкил этди.
 
Экспорт бўйича ҳам сезиларли даражада ўсиш кузатилиб, унинг ҳажми 8,1 млн АҚШ долларни ташкил этди. Экспорт бозорини аксарият қисмини, яъни 90% ни полиэтилен эгаллади. Қолган қисмлар суюлтирилган газ – 9%, рангли металлар ва техник мойлар – 1% эгаллади.
 
Августда тадбиркорлар биржа орқали 569,0 млрд сўмлик товар ресурсларини харид қилиб, бу ўтган йилнинг шу даврига қиёслаганда 20,2% кўпдир. Бундан ташқари улар томонидан биржа орқали сотилган маҳсулотларнинг ҳажми ўтган йилга нисбатан 7,1% га ўсиб, 185,5 млрд сўмни ташкил этди.
Кўриб чиқилаётган давр ичида давлат харидлари («D-xarid») тизимида 58,6 млрд сўмлик битимлар тузилиб, бу 2015 йилнинг августига нисбатан 30,3% га кўпдир. Бюджет маблағларининг тежалиши эса 11,8 млрд сўмга етди. Давлат харидлари тизимида маҳсулот етказиб бериш бўйича кичик бизнес субъектларининг улуши умумий битимлар сони ва ҳажмиларидан 99% ни ташкил этди. Таҳлил этилаётган даврда электрон каталогда тузилган битимларнинг ҳажми ўтган йилга нисбатан 7,6 млрд сўмдан  8,6 млрд сўмгача ошди.
 
Шунга ўхшаш ҳолат «E-xarid» корпоратив харидлар тизимида қайд этилиб, унинг ҳажми 30,5 млрд сўмдан 45,6 млрд сўмгача кўтарилди. Мазкур тизимда кичик бизнес субъектларининг товар етказиб бериш улуши умумий битимлар сони ва ҳажмидан 98% ни ташкил этди. Аукцион савдоларда ҳар бир талабномага ўртача 16 тадан ортиқ таклифлар келиб тушди.
 

Кўрилди: 4692