“D-xarid” электрон тизими такомиллаштирилмоқда | Новости

20 Сен 2016
Ўзбекистонда мустақиллик йилларида босқичма-босқич бозор муносабатларига ўтиш ва иқтисодиётнинг либераллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар ва чора-тадбирлар амалга оширилди. Бунда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, иқтисодиётнинг турли секторлари, шу жумладан давлат харидлари тизимида илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.
 
Мазкур тадбирлар доирасида 2011 йилдан буён Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасида “D-xarid” давлат харидларнинг электрон тизими фаолият юритиб келмоқда. Ўз навбатида биржада бошланғич нархларни пасайтириш бўйича электрон аукцион савдоларни ўтказилиши давлат бюджети маблағиларини самарали фойдаланиш ва кичик бизнес субъектларини давлат буюртмаларидаги иштирокини кенгайтириш имконияти яратилди. Давлат харидларини амалга оширишнинг барча босқичлари, яъни товарларни сотиб олиш тўғрисида эълонни беришдан тортиб, то товарни етказиб берувчисини аниқлашгача бўлган барча операциялар электрон форматга ўтказилиб, бу харидларни амалга ошириш жараёни ва уларнинг натижаларига инсон омилини таъсир этишини имкон қадар чегаралади.
 
Биржада сўнгги йилларда қайд этилган савдо натижалари харидларнинг электрон моделини самарадорлиги кўрсатиб турибди. Хусусан, мазкур тизимнинг ишга туширилган пайтдан бошлаб, яъни 2011 йилдан то ўтган 2015 йилгача бўлган давр мобайнида электрон харидларнинг умумий ҳажми 166,9 млрд сўмдан 497,1 млрд сўмгача кўтарилди. Электрон савдолар натижасида бошланғич нархларнинг пасайиши ҳисобига эришилган бюджет маблағларининг тежалиши эса 22,0 млрд сўмдан 139,8 млрд сўмгача ошди. Бундан ташқари, давлат харидлари бўйича ўтказиладиган онлайн аукционларда иштирок этган тадбиркорлик субъектларининг сони 7 маротабага ўсиб, 40 мингтани ташкил этди, уларнинг етказиб берилган товарлардаги улушлари эса 99 фоиздан ошди. Ушбу кўрсаткичлар бизнес вакилларни давлат харидлар бўйича ўтказиладиган электрон савдоларга бўлган қизиқишлар юқори эканлигидан далолат беради.
 
Жорий йилнинг 8 ойлик натижаларига кўра биржа орқали амалга оширилган давлат харидларининг ҳажми 369,8 млрд сўмни ташкил этиб, бу ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 23,7 фоизга кўпдир. Бюджет маблағларининг тежалиши  83,7 млрд сўмга етди, тузилган битимларнинг ўртача қиймати эса 1,3 млн сўмга тенг бўлди. Кўриб чиқилаётган даврларда электрон каталог тизимида тузилган битимларнинг ҳажми 25,4 млрд сўмдан 51,2 млрд сўмгача ўсди.
 
Бироқ эришилган ютуқларга қарамасдан “D-xarid” давлат харидлари мунтазам равишда такомиллаштирилмоқда. Давлат ва корпоратив харидларнинг шаффофлиги ва рақобатдошлигини ошириш, уларни амалга ошириш жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва харидлар жараёнида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йилнинг 27 июлдаги “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” акциядорлик жамиятининг махсус ахборот портали ҳамда давлат ва корпоратив харидларни амалга ошириш жараёнларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 242-сонли қарори қабул қилинди.
 
Ушбу қарорга мувофиқ давлат ва корпоратив харидлар тизимига сезиларли даражада ўзгартиришлар киритилмоқда. Қарорда давлат ва корпоратив харидлар тўғрисида маълумотлар биржанинг махсус ахборот порталига жойлаштирилмаса уларнинг ўтказиш усулидан қатъий назар, харид бўйича шартномани тузишга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган. Шунингдек ноҳалол етказиб берувчилар рўйхатига киритилган етказиб берувчилар давлат ва корпоратив харидлар жараёнида иштирок эта олмайдилар. Ушбу талаб тўғридан-тўғри ёки тендер (танлов) орқали ўтказиладиган харидларга ҳам тегишлидир. Мазкур талабларни бажарилиши харидларни ташкил этишга масъул бўлган раҳбар ва мансабдор шахсларга юклатилган.
 
Кўрсатилган қарор билан “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” акциядорлик жамиятининг махсус ахборот порталида давлат ва корпоратив харидлар бўйича ахборотни жойлаштириш ва ошкор қилиш тартиби тўғрисида Низом ҳам тасдиқланган. Унга мувофиқ махсус порталда мажбурий тарзда харидлар тўғрисида эълонлар, уларнинг режа-жадваллари, давлат ва корпоратив харидларнинг натижалари, статистик кўрсаткичлар ва бир қатор бошқа маълумотлар жойлаштирилади.
 
Мазкур маълумотларни жойлаштириш учун биржа мутахассислари томонидан биржанинг порталида алоҳида бўлимлари яратилди ва фойдаланувчиларнинг шахсий кабинетларда махсус функциялар жорий этилди. Ўз навбатида биржа томонидан порталда агентлар, кафолатловчи ва ноҳалол етказиб берувчилар  рўйхатлари, биржа товарлари учун ўртача нархлар жойлаштирилади. Порталнинг очиқ қисмида давлат ва корпоратив харидлар натижалари бўйича нархлар даражаси тўғрисида маълумотлардан фойдаланиш мумкин. Бундан ташқари порталнинг ёпиқ қисмида тегишли маълумотларни жойлаштириш учун алоҳида платформа ва шахсий кабинет ишлаб чиқилди.
 
Юқорида қайд этилган қарор талабларини бажариш доирасида манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир қатор чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Шу жумладан, янги қарорнинг мақсад ва моҳиятини тушунтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилиги билан биргаликда Қорақолпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва республикамизнинг барча вилоятларида бюджет ташкилотлари вакилларининг иштирокида ўқув семинарлари ўтказилмоқда.
 
Умуман олганда биржанинг махсус ахборот порталига янгиликларни жорий этилиши давлат ва корпоратив харидларни жойлаштиришда очиқлик, ошкоралик ва рақобатдошлик тамойилларини таъминлаш, ҳамда “D-xarid” тизимининг бозор механизми ва илғор ахборот технологиялари асосида янада ривожланиши ва самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
 

Курилди: 56929