ЎзРТХБ да июнь ойи якунлари | Новости

08 Июл 2016
Ўтган ойда биржа савдолари бўйича кузатилаётган ижобий динамика сақланди. Тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2015 йилнинг июнь ойи билан солиштирганда 53% га ошиб, 1,07 трлн сўмни ташкил этди. Улар қаторида биржа савдоларининг ҳажми  817,0 млрд сўм, ярмарка савдолари 155,5 млрд сўм, давлат харидлари 54,4 млрд сўм, корпоратив харидлар 42,7 млрд сўм ва электрон каталог 9,7 млрд сўмни ташкил этди.
 
Ўтган йилнинг июнь ойига нисбатан биржа савдоларининг ҳажми 49,5% га ўсди. Сотувларнинг ўсиш ҳолатлари бир қанча товар сегментлари, шу жумладан чорва учун ем 80% га, рангли металлар – 60% га ва полиэтилен – 55% га кўтарилиши кузатилди. Шу боис сотилган товарларнинг таркибий тузилмаси ҳам бироз ўзгарди. Қурилиш моллари ва озиқ-овқат маҳсулотларининг умумий улушлари 54% дан 47% гача пасайди. Чорва учун емларнинг ҳиссаси 6% дан 8% гача кўтарилди ва полиэтиленнинг улуши 1% га ўсди.
 
Биржа платформасида экспорт сотувларининг қиймати сезиларли даражада кўтарилиб, 8,1 млн АҚШ долларни ташкил этди. Валюта савдо майдончаси орқали сотилган полиэтилен бозорнинг ярмини эгаллади, рангли металл ва суюлтирилган газнинг улушлари мос равишда 29% ва 19% ни ташкил этди.
 
Июнда тадбиркорлар биржа орқали 532,7 млрд сўмлик товар ресурсларини харид қилиб, бу ўтган йилнинг шу даврига қиёслаганда 26% га ошган, ҳамда улар томонидан 261,8 млрд сўмлик маҳсулотлар сотилиб, бу ўтган йилга нисбатан 47% га кўпдир. Мазкур кўрсаткичлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини электрон савдоларга бўлган қизиқишлари юқори даражада эканлигидан далолат беради.
 
Ижобий динамика электрон харидлар йўналишида ҳам қайд этилди. Хусусан давлат харидларининг умумий ҳажми ўтган йилнинг июнига қиёслаганда 18% га ўсди, бюджет маблағларини тежалиши эса 11,9 млрд сўмдан ошди. Давлат харидлари тизимида маҳсулот етказиб бериш бўйича кичик бизнес субъектларининг улуши умумий битимлар сони ва ҳажмиларига нисбатан 99% ни ташкил этди. Таҳлил этилаётган даврда давлат харидлари тизимининг электрон каталогида тузилган битимларнинг ҳажми ўтган йилга нисбатан 22,2% га кўтарилиб, 9,7 млрд сўмни ташкил этди.
 
Ҳудди шундай «E-xarid» корпоратив савдолар ҳажми 45% га ошди. Мазкур тизимда кичик бизнес субъектларининг товар етказиб бериш улуши умумий битимлар сони ва ҳажмидан 98%ни ташкил этди. Аукцион савдоларда ҳар бир талабномага ўртача 15 тадан ортиқ таклифлар келиб тушди.
 

Кўрилди: 8146