Ярмарка савдоларининг электрон тизими янгиланди | Новости

28 Июл 2016

ЎзРТХБ электрон савдоларни такомиллаштириш ишлари доирасида электрон тижорат негизини ташкил этувчи кўргазма-ярмарка савдолари (КЯС) электрон тизимини модернизациялаштирди. Биржа мутахассислари дунёда интернет-трейдингнинг оммалашувини ҳисобга олиб янги инновацион ечимлар асосида КЯС тизимини изчил равишда ривожлантириш бўйича ишларни олиб бормоқда.

2016 йилнинг июлида биржанинг ушбу лойиҳасини ижроси якуний босқичга ўтди. Мазкур даврда онлайн аукционлар тизимини электрон рақамли имзони жорий этиш орқали янгилаш, ҳамда ярмарка савдолари бўйича янги вебсайтни жорий этиш ишлари назарда тутилган эди.

Шу боис бугунги кунга келиб, ярмарка савдоларининг савдо ва тўлов қисмлари ягона тармоқда бирлаштирилиб, барча операциялар янги вебсайт yarmarka.uzex.uz да амалга оширилмоқда. Электрон рақамли имзони жорий этилиши бошланғич босқичда мижозларнинг шахсий кабинет орқали маблағларни қайтариш, ҳамда биржага ёзма равишда мурожаат қилмасдан шахсий кабинетдаги логин ва паролни тиклаш имкониятларини беради. Бундан ташқари, биржанинг янгиланган тизими мижозлардан қайта аккредитациядан ўтишни талаб этмайди. Яъни биржанинг исталган савдо платформаси, шу жумладан биржа савдолари, давлат ва корпоратив харидлар ёки электрон каталогдан аввал аккредитациядан ўтган мижоз ярмарка савдоларида ўз фаолиятини давом эттиришлари мумкин. Чунки мижознинг хохишига биноан барча маълумотлари бошқа тизимларидан автоматик тарзда кўчирилади.

Биржанинг янги вебсайти интернет трейдинг соҳасидаги веб-ресурлар ривожланиш тенденцияларига жавоб беради, ҳамда такомиллаштирилган дизайн, қулай интерфейс, янги қидириш ва навигация механизмига эга. Мисол учун агар авваллари мижоз товар гуруҳи ва позициясини ўзи киритган бўлса, ҳозирда вебсайтнинг интерфейси маҳсулотни товар номенклатураси ва категориясидан танлаб олиб савдо қўйиш имконини беради. Такомиллаштирилган қидирув тизими эса керакли товарни муайян индивидуал ва ўзига ҳос параметрлар бўйича аниқлашда ёрдам беради.

Савдоларни глобал тармоқ орқали ўтказилиши бир қатор нисбий афзалликларга эга бўлиб ва улар тезкорлик, мижоз учун яратилган қулайликлар, битим иштирокчилари учун паст транзакцион ҳаражатлар, республикамиз ҳам резиденти, ҳам норезидентларидан ташкил топган кенг қамровли мижозлар базаси билан боғлиқдир. Бундан ташқари савдолар бир кунда 24 соат давомида амалга оширилади ва интернет савдода товарни биржа котировкалаш листига қўшишни назарда тутмайди. Бу эса савдога қўйилаётган товарлар рўйхатини анча кенгайтиради. Агар биржа платформасида стандарт бир хусусиятга эга бўлган товарлар қўйилса, КЯС тизимида индивидуал ўзига хос хусусиятларга эга маҳсулотлар жойлаштирилади.

Сўнги йилларда ушбу йўналишда эришилган ютуқлар ўтказилаётган ярмарка савдоларининг самарадорлигидан далолат беради. Бу ўз навбатида миллий ишлаб чиқарувчилар, шу жумладан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорларнинг онлайн режимдаги савдоларга бўлган қизиқишлари тобора ўсиб бориши, ҳамда Интернет аукцион имкониятларидан фаол фойдаланиб келаётган маҳаллий корхоналаримизда ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилаётганлиги билан изоҳланади.

Хусусан сўнгги 10 йил мобайнида ярмарка савдоларининг ҳажми 8 маротабага ошиб, ўтган йили 1,1 трлн сўмга етди. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида эса ушбу кўрсаткич 780,2 млрд сўмни ташкил этди ва бу ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 67% га кўпдир. Шу билан бирга ушбу савдо платформасида тузилган битимларнинг сони 7,9% га ўсди, улардаги кичик бизнеснинг ҳиссаси эса 78% ни ташкил этди.

Жорий йилда сотилган товарларнинг таркибий тузилмасининг катта қисмини, яъни 21% ни қурилиш моллари эгаллади, кейинги ўринларда турган машинасозлик ва кимё маҳсулотларининг улушлари ўзаро тенг 10% дан, ва полимерларники – 7% ни ташкил этди.

Кўргазма-ярмарка савдоларининг тизимини модернизациялашуви электрон тижорат соҳасида барча савдо иштирокчилари, биринчи навбатда тадбиркорларимиз учун кенг имкониятлар очиб бериб, Ўзбекистонда интернет-трейдингни сифат жиҳатдан юқори савияга олиб чиқиш учун ишончли замин яратиб бермоқда. Истиқболда биржа томонидан ярмарка савдоларида электрон рақамли имзо қўлланилишини кенгайтириш, вебсайт контентининг фойдаланувчилар талабларига биноан мослаштириш, ярмарка тизимни чакана бозорлари билан боғлаш ва ундан жисмоний шахсларни эркин фойдаланиш учун шароитлар яратиб бериш ишлари режалаштирилган.

"ЎзРТХБ" АЖ матбуот хизмати

Кўрилди: 16934