2016 йилнинг 21-22 июлларида Гулистон ва Жиззах шаҳарларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини электрон тижорат соҳасига жалб қилиш мақсадида тадбиркорларнинг давлат ва корпоратив харидлардаги иштироки масалаларига бағишланган семинарлар ўтказилди. Тадбирлар ташкилотчилари сифатида “ЎзРТХБ” АЖ ҳудудий филиаллари, Сирдарё ва Жиззах вилоятларининг Ғазначилик ва Савдо-саноат палатасининг бошқармалари иштирок этишди.
Семинарлар давомида тадбиркорларнинг биржа электрон савдоларда иштирок этиш имкониятлари ва истиқболлари тўғрисида маълумотлар берилди. Хусусан биржа инфратузилмасининг функционал имкониятлари, савдо платформаларнинг нисбий афзалликлари, ҳамда электрон тизимни такомиллаштириш бўйича биржанинг истиқболдаги режалари ҳавола этилди.
Шунингдек электрон харидлар тизимида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун берилган имтиёзлар алоҳида кўриб чиқилди. Улар жумласига алоҳида товарларнинг давлат харидларини амалга оширишда тақдим этиладиган преференциялар, тадбиркорлар учун биржа комиссион йиғимларининг нисбатан пастлиги, ҳамда электрон каталогда кафолатловчи етказиб берувчилар рўйхатига кирган тадбиркорларнинг закалат маблағларини киритишдан озод этилганлиги киради.
Тадбирлар якунида биржанинг савдо платформаларини такомиллаштириш ва янги йўналишларни ўзлаштириш орқали бизнес вакилларининг электрон савдолардаги иштирокини кенгайтириш юзасидан янги лойиҳалар ва истиқболдаги режалари очиб берилди. Семинар иштирокчилари олинган билимларнинг фойдалиги, ҳамда давлат ва корпоратив харидларда иштирок этишга катта қизиқиш билдирдилар. Шу каби учрашувларнинг ўтказилиши республикамизнинг бошқа шаҳарларида давом эттирилади.
Курилди: 8663