ЎзРТХБ электрон каталог тизимига бағишланган матбуот анжуманини ўтказди | Новости

29 Июн 2016
2016 йилнинг 29 июнь куни Ўзбекистон миллий матбуот марказида Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (ЎзРТХБ) томонидан ОАВ ходимлари учун “Давлат харидлари тизимида электрон каталогнинг тутган ўрни ва аҳамияти” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад кенг жамоатчиликни биржанинг янги савдо платформаси – электрон каталог фаолияти натижалари билан яқиндан таништиришдан иборат бўлди.
 
Тадбир очилишида Савдоларни ташкил этиш бўйича директор А.Абдуганиев журналистларни бўлиб ўтган Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан табриклаб, уларнинг мамлакатимиз ривожи ва модернизациялашуви йўлида қўшиб келаётган ўлкан ҳиссаларини алоҳида таъкидлаб ўтди.
 
Матбуот-анжуманида айтиб ўтилганидек, ЎзРТХБ биржа фаолиятининг очиқ-ойдинлик ва ошкоралик тамойилларига риоя қилган ҳолда журналистлар билан доимий равишда мулоқотда бўлмоқда. Хусусан биржа барча савдо платформалар, шу жумладан электрон каталогда қайд этилган савдо натижаларини кенг жамоатчиликка етказишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
 
Ўзбекистонда электрон давлат харидлари тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 26 мартдаги “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасининг махсус ахборот портали орқали электрон савдо йўли билан тадбиркорлик субъектларидан энг зарур товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат харидини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида” 69-сонли қарорига мувофиқ 2015 йилнинг 1 июнидан бошлаб биржада янги савдо платформа – электрон каталог тизими фаолият юритиб келмоқда. Мазкур ҳужжатга асосан бир шартнома бўйича 100 минг АҚШ доллар эквиваленти қийматигача бўлган зарур товарларнинг хариди электрон каталогда амалга оширилади ва уларнинг рўйхати Давлат харидлари бўйича ҳукумат комиссияси томонидан тасдиқланади.
 
Электрон каталог (catalog.uzex.uz) бу тизимлаштирилган каталогда товарларни танлаб олиш йўли билан амалга ошириладиган харид усулидир. Электрон каталогда жойлаштирилган етказиб берувчиларнинг таклифлари эса буюртмачиларга йўналтирилган оммавий оферта ҳисобланади.
 
Мазкур тизим бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш билан бирга, зарур товарлар давлат харидларини амалга ошириш жараёнини соддалаштириб беради. Мисол учун ушбу тизимда ўтказиладиган электрон савдолар жараёни фақат 48 соат вақт олади, савдо ғолиби эса электрон тизим томонидан нархлар сўрови механизмини қўллаш орқали автоматик тарзда аниқланади. Шу билан бирга электрон савдолар билан боғлиқ бўлган барча операциялар фойдаланувчининг шахсий кабинетида бажарилади.
 
Электрон каталог ўзининг бир йиллик фаолияти давомида давлат харидларини амалга оширишнинг ишончли ва самарали воситаси эканлигини исботлади. Чунки ушбу тизимда ҳам буюртмачи, ҳам товар етказиб берувчиларга қўшимча қулайликлар яратиб берилди, яъни бир томондан бюджет ташкилотлари учун вақт тежаш имкони берилган бўлса, иккинчи томондан кичик бизнес субъектлари давлат харидларидан янада кенгроқ фойдаланишга муввафақ бўлдилар.
 
2015 йилнинг 1 июнидан то жорий йилнинг 1 июнигача бўлган давр мобайнида электрон каталогда 70,1 млрд сўмлик 65 мингта битим тузилган бўлиб, 20,3 млрд сўмлик бюджет маблағлари тежалди. Тузилган битимларда тадбиркорлик субъектларининг юз фоизлик иштироки таъминланди.
 
Энг йирик битимлар Тошкент ва Тошкент вилоятида имзоланиб, уларнинг тузилган битимлардаги улушлари 20% ни, Бухоро вилояти – 13% ни ташкил этди, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларига ўзаро тенг, яъни 10% дан тўғри келди. Қолган ҳудудларнинг ҳиссаси 4-7% диапазонда сақланди.
 
Қурилиш моллари сотилган товарларнинг таркибий тузилмасини 49% ни, автотранспорт эҳтиёт қисмлари – 29%, бошқа жиҳозлар – 19%, компьютер ва оргтехника эҳтиёт қисмлари 3% ни эгаллашди. Бугунги кунда ушбу товар гуруҳлари бюджет ташкилотларининг кундалик фаолиятида кенг фойдаланиладиган 18 та товарлардан ташкил топган.
 
Биржанинг ушбу лойиҳаси доирасида тадбиркорлик субъектлари учун бир қатор қулай шарт-шароит ва имкониятлар яратилган. Мисол учун кафолатловчи етказиб берувчилар рўйхатига кирган тадбиркорлар электрон каталог тизимида савдоларда иштирок этиш учун киритиладиган закалат маблағларидан озод этилади. Ҳозирги кунда электрон харидлар тизимида 240 та кичик корхоналаридан зиёд кафолатловчи етказиб берувчилар мавжуд.
 
Шу билан бирга биржанинг алоҳида вебсайти (b2b.uzex.uz) да тадбиркорлар учун электрон савдолар бўйича ўқув материаллари, уларнинг электрон каталог ва бошқа савдо платформаларда иштирок этиш бўйича қўлланмалар очиқ тарзда тақдим этилган. Ўз навбатида ЎзРТХБ Молия вазирлигининг Ғазначилиги ва Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорлигида буюртмачи ва товар етказиб берувчиларнинг давлат харидлари бўйича ўтказиладиган электрон савдоларда иштирок этиш масалаларига бағишланган ўқув семинарларини мунтазам равишда ўтказиб келмоқда.
 
Шу боис ҳисобот даврида электрон каталогда фаол иштирок этишга бўлган тадбиркорларнинг қизиқишлари тобора ўсиб бормоқда. Ҳозирда электрон каталог тизимида соф рақобат шароити яратилганлиги боис нархлар сўрови механизмини қўлланилиши натижасида буюртмачининг ҳар бир талабномасига товар етказиб берувчиларнинг ўртача 4 та таклифлари келиб тушмоқда.
 
Яқин келажакда электрон каталогда жойлаштириладиган товарлар рўйхатини озиқ-овқат маҳсулотлари ҳисобига кенгайтириш, кафолатловчи етказиб берувчилар сонини эса савдоларга тадбиркорларни янада кенгрок жалб қилиш эвазига кўпайтириш, ҳамда фойдаланувчининг шахсий кабинетида янги интерактив хизматларни жорий этиш ишларини йўлга қўйиш режалаштирилган.
 
Матбуот анжумани якунида ЎзРТХБ мутахассислари ОАВ ходимларини қизиқтирган турли саволларига жавоблар қайтардилар.
 

Кўрилди: 11158