Биржа навбатдаги ҳудудий семинарларни ташкил этди | Новости

27 Июн 2016
2016 йилнинг 23-24 июнларда Нукус ва Урганч шаҳарларида давлат ва корпоратив харидлар иштирокчилари учун ўқув семинарларини ўтказилди. Тадбирлар ташкилотчилари сифатида “ЎзРТХБ” АЖ ҳудудий филиаллари ва Қорақолпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларининг Ғазначилик бошқармалари иштирок этишди. Ўтказилган тадбирдан кўзланган мақсад электрон харидларнинг буюртмачилари ва товар етказиб берувчиларига консультатив ёрдам кўрсатишдан иборат бўлди.
 
Семинарларда кичик бизнес, бюджет ташкилотлари, табиий монополия, давлат улуши юқори бўлган корхона ва ташкилотларнинг вакиллари, ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари фаол эштирок этдилар.
 
Тадбир давомида биржанинг маъсул ходимлари учрашув қатнашчиларини савдо операцияларни фойдаланувчининг шахсий кабинети орқали амалга ошириш тартиби, D-xarid ва E-xarid тизимларида буюртмачи ва етказиб берувчиларнинг иштирок этиш шартлари, электрон каталог тизимида нархлар сўрови механизми (catalog.uzex.uz) билан таништириб ўтдилар. Шу билан бирга тадбиркорлар учун илғор технологияларни қўллаш орқали яратилган шароитлар намойиш этилди ва уларнинг “ЎзРТХБ” АЖ электрон савдоларида иштирок этиш натижалари эълон қилинди.
 
Учрашувлар ташкилотчилари “Ҳуқуқий маслаҳат” интерактив хизматига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар, чунки унда электрон каталогда иштирок этиш юзасидан амалий тавсиялар тақдим этилган ва энг кўп бериладиган саволларга жавоблар жойлаштирилган.
 
Тадбирлар якунларида буюртмачи ва товар етказиб берувчиларни давлат ва корпоратив харидлар бўйича ўтказиладиган электрон савдоларда иштирок этиш самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди, семинар иштирокчилари, шу жумладан журналистлар қизиқтираётган саволларга жавоб олдилар.
 

Курилди: 7705