“ЎзРТХБ” АЖ акциядорларининг йиллик умумий йиғилиши бўлиб ўтди | Новости

30 Май 2016
2016 йил 27 май куни биржанинг марказий аппарат биносида “ЎзРТХБ” АЖ акциядорларининг умумий йиллик йиғилиши ўтказилди.
 
Йиғилиш давомида акциядорлар томонидан жамиятнинг йиллик молиявий хўжалик ҳисоботи, Кузатув кенгаши ва тафтиш коммисиясининг ҳисоботлари тасдиқланди. Йиғилишда Кузатув кенгаши, тафтиш комиссияси ва жамият бошқармасининг янги таркиби сайланди, ҳамда жамият Низомига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек акциядорларга ташқи холис аудиторнинг ижобий хулосаси тақдим этилди ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.
 
Йиғилишда белгилаб ўтилганидек, ижро органининг ўтган йилидаги фаолияти бизнес режа, хамда бошқарма томонидан тасдиқланган ЎзРТХБ фаолиятини такомиллаштириш дастури билан белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган эди.
 
2015 йилда Биржанинг барча савдо платформаларида 8,83 трлн сўмлик 689 мингта битимлар амалга оширилди. 2014 йилда 592,8 мингта битим тузилган эди. Кўргазма-ярмарка савдолар платформаси ижобий тенденция сақланди. Умумий қиймати 1 трлн сўмлик шартномалар тузилиб бўлиб, аввалги йилга нисбатан 8% ўсиш қайд этилди. Кўргазма-ямарка савдолар иштирокчиларининг сони 33,7% га ўсиб 4,1 мингтадан ошди.
 
Давлат харидларида тузилган шартномаларнинг умумий ҳажми 2014 йилга нисбатан 5,7% га ўсиб, 497,1 млрд сўмни ташкил этди. Бюджет маблағларини тежалиши 139,8 млрд сўм ёки  бошланғич нархга нисбатан 19,2% ни ташкил этди.
 
2015 йилнинг июнида Давлат харидларининг янги механизми “Электрон каталог” ишга туширилди. Ўтган йилда ушбу тизимда умумий қиймати 46,7 млрд сўмлик 46 минг шартномалар тузилди, бюджет маблағларини тежалиши 12 млрд сўмни ташкил этди.
 
2015 йилдаги корпоратив харидларнинг савдо ҳажми 344,3 млрд сўмга етди ва маблағларнинг тежалиши 68,4 млрд сўм ёки бошланғич нархга нисбатан 16,6% га етди.
 
Ўтган йил мобайнида ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида биржанинг барча йўналишларида мижозларга хизмат кўрсатиш ишлари амалга оширилди, савдо иштирокчилар ва мижозларни аккредитация қилиш соддалаштирилди.
 
Йиғилишнинг муҳим қисмини корпоратив бошкарувни такомиллаштириш ва ривожлантириш масалалари эгаллади. Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 24.04.2015 йилдаги ПФ-4720 сонли “Акциядорлик жамиятларига корпоратив бошқарувни замонавий услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Биржанинг корпоратив бошқарув кодекси тасдиқланди. Ушбу кодексни жорий этилиши жамият фаолияти ошкоралигини ошириш, унинг самарали ички назоратини олиб бориш, ижро органини акциядор ва инвесторлар билан ўзаро алоқаларини кучайтириш механизмларини жорий этиш ва бошқа чора-тадбирларни назарда тутади. Ушбу чора-тадбирларни амалга оширилиши акциядорларнинг “ЎзРТХБ” АЖ стратегик бошқарувидаги аҳамиятини кучайтиради.
 
Корпоратив  бошқарув кодексини тайёрлаш давомида “Дивидент сиёсати тўғрисида”, “Ички назорат тўғрисида”, “Низоларни тартибга солиш тўғрисида” ги Низомлар, хамда “Кузатув кенгаши тўғрисида”, “Бошқарув тўғрисида”, “Акциядорларнинг умумий йиғилиши тўғрисида”, “Тафтиш комиссияси тўғрисида”, “Ички аудит хизмати тўғрисида” ги Низомларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
 
Биржанинг истиқболдаги ривожланиш масаласини муҳокамасининг якунида “ЎзРТХБ” АЖ нинг ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш стратегияси тасдиқланди. Мазкур ҳужжат биржа савдо платформаларини янада такомиллаштириш ва янги йўналишларни ўзлаштириш бўйича тузилган лойиҳаларини амалга оширилишини назарда тутади.
 

Кўрилди: 8332