ЎзРТХБ Миллий матбуот марказида матбуот анжуманини ўтказди | Новости

07 Апр 2016
2016 йилнинг 7 апрель куни Ўзбекистон миллий матбуот марказида «Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси» акциядорлик жамияти (ЎзРТХБ) томонидан оммавий ахборот воситаларининг ходимлари учун “ЎзРТХБ электрон савдоларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокини кенгайтириш” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
 
Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад электрон савдоларида тадбиркорлик субъектларини фаол иштирок этишларини таъминлаш учун биржада яратилаётган шароитлар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор этишдан иборат бўлди.
 
Матбуот анжуманида айтиб ўтилганидек, биржа инновацион ечимлар ва бозор тамойилларига таянган ҳолда бизнес вакилларини замонавий биржа савдоларига жалб этиш ишларини ташкил этмоқда. Ушбу мақсадни кўзлаб товар бозорларида мижозларнинг талабларига биноан қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Бу эса, ўз навбатида Ўзбекистонда электрон тижоратнинг B2B («бизнес бизнес учун») моделини жадал ривожланишига ишончли замин яратиб бермоқда.
 
2015 йилнинг муҳим ютуқларидан бири бу биржанинг электрон савдоларида иштирок этиб келаётган тадбиркорлар сонининг кескин ўсиши бўлди. Хусусан, уларнинг биржа савдо ҳажлардаги улушлари 2014 йил билан солиштирганда 67 фоиздан 81 фоизгача кўтарилди. Яъни, улар биржа орқали жами 5,1 трлн сўмлик маҳсулот харид қилиб, қарийб икки триллион сўмлик маҳсулот сотдилар ва мазкур кўрсаткичлар 2014 йилга қиёслаганда 20 фоизга кўпдир. Мисол учун биржа платформасида кичик бизнес вакиллари томонидан кўпроқ қурилиш моллари, суюлтирилган газ, полиэтилен харид қилиниб, катта ҳажмларда озиқ-овқат, нефть-қимё ва ёғ-мой маҳсулотларини сотилди.
 
Шунингдек, ўтган йили тадбиркорлар томонидан мамлакатимизнинг турли ҳудудларида 77 дан зиёд савдо майдончалари очилди. Бугунги кунда республикамизда фаолият юритиб келаётган биржанинг ҳудудий филиаллардан ташқари кўшимча 200 дан ортиқ савдо майдончалари барча савдо иштирокчилари учун тенг шароитлар яратиб беришда ўз ҳиссасини қўшишмоқда. Кичик бизнес вакиллари биржанинг муҳим афзалликларидан бири ҳисобланган битимлар ижросини кафолатлаш механизмидан ҳам самарали фойдаланишмоқда. 2015 йилда ушбу механизм эвазига биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатаси томонидан 6,5 мингта янги мижозлар рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 95 фоиздан ортиғи кичик бизнес вакиллари ҳисобланади. Биржада тузилган битимларининг бажарилиш даражаси эса 97 фоиздан ошди.
 
ЎзРТХБ нинг бошқа савдо платформаларида ҳам тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг сотиш ҳажмлари ўсмоқда. Хусусан уларнинг давлат харидлари тизимида тузилган битимлардаги улушлари 99 фоизни, янги савдо платформаси, яъни электрон каталогда эса ушбу кўрсаткич 100 фоизга етди. 2011-2015 йиллар мобайнида «D-xarid» электрон тизимда фаол бўлган кичик бизнес субъектларининг умумий сони 5 мингдан 38 мингтагача ошди. Ушбу тизимда соф рақобат ҳолати шаклланганлиги туфайли бюджет ташкилотлари томонидан биржанинг махсус ахборот порталига жойлаштирилаётган ҳар бир талабномага етказиб берувчилар томонидан берилган таклифларнинг сони иккитадан тўққизтагача кўтарилди.
 
Электрон савдоларда кичик бизнеснинг иштирокини кенг таъминлашда биржа мижозлари учун илғор ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) ёрдамида қўшимча қулайликларни яратиш муҳим аҳамиятни касб этади. Мазкур йўналишда биржанинг махсус ахборот порталининг функционал имкониятларини кенгайтириш, янги интерактив хизмат ва дастурий лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалда тадбиқ этиш ишлари давом эттирилмоқда. Яқинда тақдим этилган янгиликлар қаторига “Пул маблағларини қайтариш”, “Ҳуқуқий маслаҳат”, вебсайт фойдаланувчиси ҳаракатларини овоз билан изоҳлаш каби интерактив хизматлар, давлат харидлари ва мижозларнинг шахсий кабинетида жорий этилган “Калькулятор” каби функциялар киради. Ушбу хизматлар электрон савдоларда иштирок этиб келаётган мижозлар томонидан бажарилаётган савдо операцияларни енгиллаштириб беради.
 
Умуман олганда махсус ахборот порталини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган барча чора тадбирлар натижасида сўнгги йилларда ундан ҳар куни фойдаланаётганларнинг сони 2 мингдан 6 мингтага кўпайди. Бу эса биржа вебсайтини Узнет рейтингининг Бизнес ва Электрон тижорат йўналишлари бўйича топ 5 га кириш имконини берди.
 
Тадбиркорлар учун махсус ишлаб чиқилган вебсайт (b2b.uzex.uz) да мунтазам равишда мазкур савдо иштирокчилари тоифасига тегишли бўлган ахборот маълумотномалари жойлаштирилмоқда, Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) нинг “Тадбиркорлик” бўлимида эса тадбиркорларнинг давлат харидларида иштирок этишлари учун бюджет ташкилотларининг амалдаги талабномаларига обуна бўлиш имкони яратилди. Бундан ташқари жорий йилнинг бошидан бери тадбиркорлик субъектларини электрон савдоларга кенг жалб этиш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида фаолият юритаётган “Ягона дарча” марказлари билан самарали ҳамкорлик ўрнатилди. Шу билан бирга биржанинг барча ҳудудий филиаллари томонидан тадбиркорлар учун мунтазам равишда очиқ эшиклар кунларини ва бизнес-форумлар ўтказилмоқда. Мазкур йиғилишларнинг натижаларига кўра тадбиркорлар учун электрон савдоларда иштирок этиш юзасидан амалий тавсиялар ишлаб чиқилмоқда.
 
Биржа мутахассислари томонидан бир қатор дастурий маҳсулотлар ҳам  ишлаб чиқиб, жорий этилди. Шу жумладан арбитраж, интизом ва листинг комиссияларининг электрон модуллари, биржанинг Ўзбекистон Республикасининг Давлат рақобат қўмитаси, Ғазначилиги, Савдо-саноат палатаси, “Ўзстандарт” Агентлиги, Ўздавнефтгазинспекция ва маҳаллий ҳокимият органлари билан маълумотлар базаси билан алмашинув дастурлари ишга туширилди. Мазкур софтвер маҳсулотлари мижозларга сифатли хизмат кўрсатиш, ташкил этилаётган электрон савдоларни соддалаштириш ва ушбу жараёнда иштирок этиб келаётган тадбиркорларнинг ҳаражатларини қисқартиришга олиб келди.
 
ЎзРТХБ нинг мазкур йўналишдаги истиқболли режаларига биржанинг барча электрон савдо платформалари ва ахборот тизимларини янада такомиллаштириш, мижозларга тақдим этилаётган интерактив хизматларни кенгайтириш, ҳамда биржанинг IT-инфратузилмасини модернизация қилиш ишларини якунлаш киритилган.
 
Матбуот анжумани якунида ЎзРТХБ мутахассислари журналистларнинг саволларига атрофлича жавоблар қайтардилар.
 

Кўрилди: 10010