ЎзРТХБ да март ойи якунлари | Новости

06 Апр 2016
2016 йилнинг март ойида ЎзРТХБ да тузилган битимларнинг умумий ҳажми ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда 39 фоизга кўтарилиб, 1,0 трлн сўмдан ошди. Бунда биржа савдолари ҳажми 38 фоизга, ярмарка савдолари 60 фоиз, давлат харидлари 7 фоиз ва корпоратив харидлар 20 фоизга ошганлигини кўриш мумкин.
 
Биржа платформасида 803,4 млрд сўмлик товарлар сотилиб, бу биржада тузилган битимларнинг умумий ҳажмидан 80%ни ташкил этади. Суюлтирилган газнинг савдоси икки маротабадан зиёдроққа ўсди ва унинг бозордаги улуши эса 6 фоиздан 10 фоизга кўтарилди. Шунингдек, чорва учун озуқа маҳсулотларининг савдоси ҳам икки маротабага кўтарилганлиги боис унинг улуши 8 фоиздан 11 фоизгача кўтарилди. Валюта савдо майдончасида катта ҳажмларда полиэтилен сотилиб, унинг улуши 92 фоизга етди. Экспорт бозорининг қолган қисмини эса суюлтирилган газ – 5 фоиз ва рангли металлар – 3 фоиз билан эгаллашди.
 
Шу билан бирга савдоларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг улуши ортиб бормоқда. Жумладан, улар томонидан 520,6 млрд сўмлик хомашё ва материаллар сотиб олиниб, бу ўтган йилнинг шу даврига қиёслаганда 25 фоизга ошган. Улар томонидан биржа орқали 216,4 млрд сўмлик маҳсулотлар сотилиб, бу 2015 йилнинг март ойига нисбатан 49 фоизга кўп демакдир.
 
Энг юқори кўрсаткич ярмарка савдо тизимида қайд этилиб, унинг ҳажми деярли 60 фоизга, яъни 83,4 млрд сўмдан 133,3 млрд сўмгача кўтарилди. Ярмарка савдоларидаги умумий битимлар ҳажмига нисбатан кичик бизнеснинг улуши 80 фоизни ташкил этди.
 
«D-xarid» давлат харидлари тизимида имзоланган битимлар ҳажми ўтган йилга қиёслаганда 2,1 млрд сўмга ўсиб, 33,5 млрд сўмни ташкил этди, натижада бюджет маблағларини иқтисод қилиш 8,7 млрд сўмга кўпайди. Давлат харидлари тизимида маҳсулот етказиб бериш бўйича кичик бизнес субъектларининг улуши умумий битимлар сони ва ҳажмиларига нисбатан 99 фоизни ташкил этди. Таҳлил этилаётган даврда “электрон каталог” тизимининг давлат харидлари бўйича 3,1 млрд сўмлик битимлар тузилди.
 
«E-xarid» нинг корпоратив харид тизимида ҳам ижобий динамика кўзга ташланиб, савдо ҳажми 31,1 млрд сўмдан 37,4 млрд сўмга ошди. Мазкур тизимда кичик бизнес субъектларининг жами тузилган битимларнинг сонига нисбатан 99 фоиз ва уларнинг ҳажмига нисбатан 98 фоизни ташкил этди. Аукцион савдоларда ҳар бир талабномага ўртача 16 тадан ортиқ таклифлар келиб тушди.
 

Кўрилди: 8349