«ЎзРТХБ» АЖда биринчи чорак якунлари муҳокама қилинди | Новости

25 Апр 2016
2016 йилнинг 22 апрель куни “ЎзРТХБ” АЖ бошқарувининг 2016 йилнинг биринчи чорак якунлари ва иккинчи чорак вазифаларига бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда марказий аппарат бўлимлар ва ҳудудий филиалларнинг бошлиқлари иштирок этдилар.
 
Тадбирда жорий йилнинг биринчи чорагида биржанинг барча савдо платформаларида ижобий натижалар эришилганлиги айтиб ўтилди. ЎзРТХБ да тузилган барча битимларнинг умумий ҳажми 2015 йилнинг биринчи чораги билан солиштирганда 31 фоизга кўтарилиб, 2,62 трлн сўмни ташкил этди. Хусусан, биржа битимларининг ҳажми 30% га ошиб, 2,09 трлн сўмга етди. Бунда бир қатор товар позициялари бўйича натурал кўринишда ўсиш кузатилди, шу жумладан минерал ўғитлар бўйича 29,6 фоизга, полиэтилен – 22 фоизга, шакар – 12 фоизга, буғдой (дон) – 11 фоизга ўсди. Сотувчиларнинг қўшимча даромадлари 2015 йилнинг биринчи чорагига нисбатан 55 фоизга, яъни 723,7 млрд сўмгача кўтарилди. Ҳисоб-китоб клиринг электрон тизимда 2 378 та янги мижозлар рўйхатдан ўтказилди.
 
Ҳисобот даврида биржа, ярмарка ва аукцион савдоларда тадбиркорлар иштироки кенгайтирилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида тадбиркорлик субъектлари томонидан 1,38 трлн сўмлик маҳсулотлар сотиб олинган бўлиб, бу 2015 йилнинг биринчи чораги билан солиштирганда 19 фоизга кўпдир. Шу билан бирга, улар 551,1 млрд сўмлик маҳсулотларни сотдилар ва ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 38,5 фоизга ўсди. Тадбиркорларнинг биржанинг умумий товар айланмасидаги улушлари 74 фоизни ташкил этди.
 
Кўргазма-ярмарка савдолар тизимида чорак якуни бўйича энг юқори ўсиш кўрсаткичи қайд этилди. Хусусан,  унда 335,3 млрд сўмлик 13,7 мингта битимлар тузилиб, бу ўтган йилнинг биринчи чорагига қиёслаганда 45,2 фоизга кўпдир. Шунингдек онлайн савдолар ушбу тизимда аввал иштирок этмаган 489 та корхоналар фаол қатнишишди.
 
«D-xarid» давлат харидлари бўйича ўтказилган электрон савдолар ҳажми 13 фоизга ўсди ва бюджет маблағларини тежалиши 22,0 млрд сўмни ташкил этди. Кичик бизнес субъектларининг давлат харидлари бўйича тузилган битимларнинг сонидан 99 фоизни ва уларнинг ҳажмидан 98 фоизни ташкил этди. Электрон каталог савдо тизимида 7,4 млрд сўмлик битимлар имзоланди ва 2,3 млрд сўм бюджет маблағлари иқтисод қилинди.
 
«E-xarid» – корпоратив харидларининг ҳажми эса 20 фоизга, яъни 96,7 млрд сўмгача кўтарилди. Бунда молия маблағларини тежалиши 2015 йилнинг биринчи чорагига нисбатан 18,4 млрд сўмдан 26,3 млрд сўмгача ўсди. Кичик бизнес субъектларининг корпоратив харидлари бўйича тузилган битимларнинг сонидан 98 фоизни ва уларнинг ҳажмидан 99 фоизни ташкил этди. Аукцион савдоларда ҳар бир талабномага ўртача 16 тадан ортиқ таклифлар келиб тушди.
 
Мажлис якунига кўра, иккинчи чорак учун вазифалар белгиланди ва улар қаторида экспорт савдолари ҳажми ва ярмарка савдолари орқали тайёр маҳсулотларни сотув ҳажмларини ўсиш суръатларини янада кўтариш, тадбиркорлик субъектларини электрон савдоларга жалб этиш мақсадида “Бир дарча” марказлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, биржанинг интерактив хизматларини ЯИДХ га боғлаш ишларини давом эттириш, ҳамда “ЎзРТХБ” АЖ 2016-2020 йиллар учун ривожланиш концепциясини ишлаб чиқиш каби вазифалар устувор йўналишлар сифатида эътироф этилди.
 

Курилди: 9778