ЎзРТХБда январь ойининг якунлари | Новости

04 Фев 2016
Янги йилнинг дастлабки ойи ЎзРТХБ электрон савдоларида ўсиш билан якунланди. Биржанинг барча савдо платформаларида ижобий динамика кўзга ташланади. Жумладан, биржа савдолари 11фоиз, ярмарка савдолари – 33 фоиз, давлат харидлари – 17 фоиз, ҳамда корпоратив харидлар 15 фоизга ошганлигини кўриш мумкин. Натижада, январь ойида биржада тузилган битимларнинг умумий ҳажми 706,9 млрд сўмни ташкил этиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14 фоизга кўпдир.
 
Ўтган даврда биржа платформасида 582,2 млрд сўмлик товарлар сотилган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврида 522,9 млрд сўмни ташкил этган эди. Суюлтирилган газнинг савдоси 35 фоизга ошди ва унинг бозордаги улуши 9 фоиздан 11 фоизга кўтарилди. Шунингдек, полиэтилен грануласи савдоси ҳам 34 фоизга  ва ўз навбатида бозордаги улуши 12 фоизга ошди. Қолган маҳсулотлар ўтган йилги мавқеини сақлаб қолди. Ўтган ой давомида валюта савдо майдончасида ҳам сезиларли ўсиш кўзга ташланиб, унинг ҳажми 5,5 млн АҚШ долл.гача ошди. Мазкур йўналишдаги энг юқори кўрсаткич бу рангли металларда кузатилиб, уларнинг улуши 92 фоизни ташкил этди. Полиэтилен ва нефть гачи тенг улушга яъни 4 фоизлик кўрсаткичга эга бўлди.
 
Шунинг билан бир қаторда савдоларда кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорларнинг улуши ортиб бормоқда. Улар томонидан харид қилинган хом ашё ва материаллар 409,9 млрд сўмни ташкил этиб, 2015 йилнинг январь ойига нисбатан 4 фоизга ошди. Улар томонидан ишлаб чиқилган маҳсулотларни сотиш ҳажми 127,4 млрд сўмни ташкил этиб, таҳлил этилаётган даврда 26 фоизга ошган.
 
Энг катта ўсиш ҳажми ярмарка савдолари тизимида қайд этилиб, унинг ҳажми 33 фоизга ёки 73,3 млрд сўмга ошган. Ярмарка савдоларида тузилган битимларнинг ҳажмига нисбатан кичик бизнеснинг улуши 65 фоизни ташкил этди. Улар орасида энг кўп шартномалар қурилиш материаллари бўйича тузилган бўлиб, унинг ҳажми 25 фоизни, полимерлар эса 10 фоизни ташкил этди.
 
Давлат харидлари тизими («D-xarid»)да тузилган битимлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,5 млрд сўмга ошиб, жами 23,7 млрд сўмни ташкил этди. Натижада бюджет маблағларини иқтисод қилиш 5,3 млрд сўмдан 5,7 млрд сўмга етди. Жами тузилган битимларнинг сони ва ҳажмига нисбатан давлат харидларида маҳсулот етказиб беришдаги кичик бизнес субъектларининг улуши 98 фоизни ташкил этди. Ҳисобот даврида “Электрон каталог” тизимининг давлат харидлари бўйича 1,8 млрд сўмлик битимлар тузилди.
 
Тизимининг корпоратив харидлар («E-xarid») йўналиши бўйича таҳлилларга мурожаат этадиган бўлсак, унинг ҳажми 22,5 млрд сўмдан 25,8 млрд сўмга ошганлигини кузатиш мумкин. Корпоратив савдолар бўйича товарлар билан таъминлашда кичик бизнес субъектларининг улуши 98 фоизни, жами тузилган битимларнинг сони ва ҳажмига нисбатан 97 фоизни ташкил этди. Аукцион савдоларидаги ҳар бир талаб этилган аризалар юзасидан 15 дан зиёд таклифларнинг келиб тушганлиги, етказиб берувчилар ўртасида рақобатнинг ошиб бораётганлигини кўрсатади.
 

Кўрилди: 9659