Жорий йилнинг 11 январидан 26 январгача республикамизнинг барча ҳудудларида буюртмачи ва етказиб берувчилар учун давлат ва корпоратив харидларда иштирок этиш масаласига бағишланган семинарлар бўлиб ўтди. Мазкур тадбирлар давлат ва корпоратив харидлар бўйича электрон аукцион савдолар ва “D-Xarid” ва “E-Xarid” электрон тизимларининг оператори ҳисобланмиш Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси ташаббуси билан ўтказилган.
Семинарларда биржанинг марказий аппарати ва ҳудудий филиаллар мутахассисларидан ташқари, шунингдек тадбиркорлар, бюджет ташкилотлари, табиий монополиялар, давлат унитар корхоналари ва хўжалик жамиятларининг вакиллари, давлат ва корпоратив харидлар бўйича Ҳукумат комиссиясининг ишчи органи экспертлари, маҳаллий ҳокимият ходимлари, журналистлар ва бошқа қизиқувчилар иштирок этдилар.
Тадбирлар давомида харидор ва етказиб берувчиларнинг электрон харидларда иштирок этишларининг юридик масалалари, шу жумладан давлат ва корпоратив харидлар бўйича тузилган битимларни тузиш ва уларни бажариш билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал этиш, бу борада хўжалик судларига мурожаат этиш тартиблари тўғрисидаги масалалар ҳам муҳокама этилди.
Семинарлар давомида давлат ва корпоратив харидлар бўйича тузилган битимлар юзасидан келиб чиқадиган низоларнинг асосий сабаблари савдо иштирокчиларининг бу борада етарли билимларга эга эмаслиги ёки электрон харидларга доир малака кўникмаларининг йўқлиги қайд этилди.
Шу каби масалалар қаторида электрон харидлар бўйича тузилган битимларнинг кучга кириш вақтини белгилаш саволи муҳим ўрин эгаллади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 11 июндаги 166-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида электрон харидларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низоми”га мувофиқ контракт юридик кучга эга бўлиши учун ушбу ҳужжат биржа ва савдоларда ғолиб чиққан етказиб берувчи ёки унинг агенти томонидан савдолар ғолиби аниқланган вақтдан бошлаб беш иш куни мобайнида имзоланган ва айни бир вақтда уни биржа томонидан рўйхатга олинган бўлиши шарт.
Бўлиб ўтган суҳбат давомида электрон савдоларни ташкил этиш билан боғлиқ судгача бўлган жараёнларни кўриб чиқиш органи ҳисобланмиш Давлат харидлари ва корпоратив харидлар масалалари бўйича баҳслар ва келишмовчиликларни кўриб чиқиш бўйича махсус комиссиянинг фаолиятига ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, семинар иштирокчилари етказиб берувчилар ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда уларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган чоралар тўғрисида маълумот олдилар.
Семинар якунида харидор ва етказиб берувчиларнинг электрон харидларда иштирок этиши бўйича ҳуқуқий тавсиялар ишлаб чиқилди. Тадбир иштирокчилари мавзуга доир маълумотларни фойдали ва амалий аҳамият касб этганлигини мамнуният билан таъкидлаб ўтдилар.
Курилди: 10245