ЎзРТХБ да ноябрь ойи якунлари | Новости

06 Дек 2016
Жорий йилнинг ноябрь ойида «ЎзРТХБ» АЖ электрон савдоларида 1,1 трлн сўмлик битимлар тузилиб, бу ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 33,5% га кўпдир. Ўз навбатида ўсиш кўрсаткичлари биржанинг барча савдо платформаларида қайд этилди.
 
Шу жумладан биржа савдолари орқали сотилган товарларнинг умумий ҳажми 629,4 млрд сўмдан 865,0 млрд сўмгача ўсди. Кескин ўсиш ҳолатлари рангли металл, озиқ-овқат маҳсулотлари ва чорва учун емлар сегментларида қайд этилди. Бунда рангли металларнинг тузилган битимлардаги улуши 4% дан 8% гача кўтарилди. Полиэтиленнинг ҳиссаси эса аксинча 15% дан 10% гача қисқарди.
 
Етакчи гуруҳларга кирган қурилиш моллари ва озиқ-овқат маҳсулотлари ўтган йилги позицияларни сақлаб қолди, ҳамда мос равишда 23% ва 20% атрофида қайд этилди. Экспортнинг аксарият қисми, яъни 63% ни турли маркали полиэтиленлар эгаллади. Кейинги ўринларда полипропилен – 25%, рангли металлар – 8% ва нефть маҳсулотлари – 4% улуш билан жойлашди.
 
Ноябрда тадбиркорлар биржа орқали 534,3 млрд сўмлик товар ресурсларини харид қилиб, бу ўтган йилнинг шу даврига қиёслаганда 12,6% га кўпдир. Бундан ташқари улар томонидан биржа орқали сотилган маҳсулотларнинг ҳажми 177,0 млрд сўмга тенг бўлди. Тузилган битимларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг улушлари 65% ни ташкил этди.
 
Ўтган давр мобайнида ярмарка савдоларининг ҳажми 16,4% га ўсиб, 125,6 млрд сўмни ташкил этди. Йирик битимлар эҳтиёт-қисмлар, кимё маҳсулотлари ва қурилиш молларини сотиш бўйича тузилиб, уларнинг умумий улушлари 34% ни ташкил этди.
 
Кўриб чиқилаётган давр ичида давлат харидлари («D-xarid») тизимида 56,5 млрд сўмлик битимлар тузилиб, бу ўтган йилнинг ноябрига нисбатан 12,2% га кўпдир. Бюджет маблағларининг тежалиши эса 11,4 млрд сўмдан 12,6 млрд сўмга ошди. Давлат харидлари тизимида маҳсулот етказиб бериш бўйича кичик бизнес субъектларининг улуши умумий битимлар сони ва ҳажмиларидан 99% ни ташкил этди. Таҳлил этилаётган даврда электрон каталогда тузилган битимларнинг ҳажми 20,6% га ўсиб, 6,9 млрд сўмни ташкил этди.
 
Шунга ўхшаш ҳолат «E-xarid» корпоратив харидлар тизимида қайд этилиб, унинг ҳажми 55,3% га, яъни 24,3 млрд сўмдан 37,7 млрд сўмгача кўтарилди. Мазкур тизимда кичик бизнес субъектларининг товар етказиб бериш улуши умумий битимлар сонидан 97% ва уларнинг ҳажмидан 98% ни ташкил этди. Аукцион савдоларда ҳар бир талабномага ўртача 13 та таклифлар келиб тушди.
 

Курилди: 9238