2016 йилнинг декабрь ойида «ЎзРТХБ» АЖ нинг ҳудудий филиаллари Марказий банк ва Давлат рақобат қўмитаси ҳудудий бошқармалари билан биргаликда 2016 йил 27 июлда қабул қилинган 242-сонли Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси акциядорлик жамиятининг махсус ахборот портали ҳамда давлат ва корпоратив харидларни амалга ошириш жараёнларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорини кенг ёритишга ва тушунтиришга қаратилган семинарлар ўтказилди. Тадбирларда кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, давлат улуши устун бўлган табиий монополиялар субъектлари, давлат унитар корхоналари ва хўжалик жамиятларнинг вакиллари қатнашдилар.
Учрашувлар давомида корпоратив харидларнинг буюртмачи ва етказиб берувчиларига биржанинг махсус ахборот порталида давлат ва корпоратив харидлар бўйича ахборотни жойлаштириш ва ошкор қилишнинг янги тартиби тўғрисида тушунчалар берилди. Хусусан, корпоратив харидлар бўйича шартномаларнинг уларни амалга ошириш тўғрисидаги эълонни биржанинг махсус ахборот порталида олдиндан жойлаштирмасдан тузилишига йўл қўйилмаслигига алоҳида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, буюртмачилар мажбурий тартибда порталда корпоратив харидларнинг режа-жадвали, корпоратив харидларни амалга ошириш ҳақидаги эълон, ҳамда порталдан ташқарида амалга оширилган харидлар якунлари ҳақидаги ахборотни жойлаштирадилар. Фойдаланувчиларнинг шахсий кабинетларида жорий этилган янги функциялар ҳамда имкониятлар, эълон ва буюртмаларни жойлаштирилиш муддатлари кўрсатиб ўтилди.
Тадбирлар якунида буюртмачи ва етказиб берувчилар ўзларини қизиқтираётган барча саволларига жавоб олдилар. Семинарлар қатнашчилари олинган билимлар фойдали эканлигини таъкидлаб ўтдилар, ҳамда биржанинг электрон харидларида қатнашиш давомида қонунчилик талабларини тўлиқ бажаришга тайёр эканлигини билдирдилар.
Курилди: 9310