“ЎзРТХБ” АЖнинг электрон харидлар ва ярмарка савдоларига бағишланган якуний ўқув семинарлари Самарқанд ва Бухорода ўтказилди. Мазкур тадбирларни ўтказишдан кўзланган мақсад тадбиркорлар, буюртмачи ва товар етказиб берувчиларнинг биржа электрон савдоларида иштирок этиш бўйича тавсиялар беришдан иборат. Тадбирлар ташкилотчилари сифатида “ЎзРТХБ” АЖ ҳудудий филиаллари, Самарқанд ва Бухоро вилоятларининг Ғазначилик ва Савдо-саноат палатасининг бошқармалари иштирок этишди.
Учрашувлар давомида D-xarid, E-xarid ва Yarmarka тизимларида жорий этилган янгиликлар, ҳамда тадбиркорларнинг биржа электрон савдоларида иштирок этиш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йилнинг 27 июлдаги “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” акциядорлик жамиятининг махсус ахборот портали ҳамда давлат ва корпоратив харидларни амалга ошириш жараёнларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 242-сонли ва 2016 йилнинг 2 августдаги “Электрон ярмаркалар, аукцион ва танловлар ташкилотчиларининг – ахборот воситачиларининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида” 249-сонли қарорлари бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
Тадбирларда тадбиркорлар биржада аккредитациядан ўтиш жараёни, ҳамда давлат ва корпоратив харидлар бўйича ўтказиладиган электрон аукцион савдоларда иштирок этиш тартиби билан танишиб чиқдилар. Биржанинг махсус ахборот портали ва yarmarka.uzex.uz ярмарка савдоларининг янги вебсайтининг функционал имкониятлари алоҳида кўриб чиқилди.
Семинарлар якунида тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларига тегишли жавоблар олдилар. Тадбиркорлар мавзуга доир маълумотларни фойдали эканлигини таъкидлаб ўтиб, биржанинг электрон харидлари ва ярмарка савдоларида иштирок этишдан манфаатдор эканлигини билдирдилар.
Курилди: 10086