«ЎзРТХБ» АЖда 2016 йилнинг 9 ойлик якунлари муҳокама қилинди | Новости

24 Окт 2016
2016 йилнинг 22 октябирида “ЎзРТХБ” АЖ бошқарувининг 2016 йилнинг 9 ойлик якунлари ва тўртинчи чорак вазифаларига бағишланган кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда марказий аппарат бўлимлар ва ҳудудий филиалларнинг бошлиқлари иштирок этдилар.
 
Тадбирда жорий йилнинг 9 ойида биржанинг барча савдо платформаларида ижобий натижалар эришилганлиги айтиб ўтилди. ЎзРТХБ да тузилган барча битимларнинг умумий ҳажми ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 36,3% га ўсиб, 8,8 трлн сўмни ташкил этди. Хусусан, биржа битимларининг ҳажми 35,8% га ошиб, 6,8 трлн сўмга етди. Бунда бир қатор товар позициялари бўйича натурал кўринишда ўсиш кузатилди, шу жумладан кўмир бўйича 69,5% га, пахта линти – 46,4%, рух – 25,8%, полиэтилен – 15,7%, мис маҳсулотлари – 14,5%, пахта шроти – 15,1%, буғдой (дон) – 14%, дизель ёқилғиси – 9,4%, автомобиль бензини – 7,6% га ўсишга эришилди. 
 
Ҳисобот даврида биржа, ярмарка ва аукцион савдоларда тадбиркорлар иштироки кенгайтирилди. Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида тадбиркорлик субъектлари томонидан 4,5 трлн сўмлик маҳсулотлар сотиб олинган бўлиб, бу 2015 йилнинг 9 ойлиги билан солиштирганда 18,8% га кўпдир. Шу билан бирга, улар 1,8 трлн сўмлик маҳсулотларни сотдилар ва ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 23,6% га ўсди.
 
Ижобий ўсиш динамикаси кўргазма-ярмарка савдолар тизимида ҳам қайд этилиб, унинг ҳажми 46,4% га ўсди ва 1,1 трлн сўмни ташкил этди. Ушбу савдо платформасида тузилган битимларнинг сони эса 13,5% га кўтарилди. Биржанинг кўргазма-ярмарка савдолари ва валюта савдо майдончаси орқали 47,4 млн АҚШ долларлик маҳаллий маҳсулотлар экспорт қилиниб, бу 2015 йилнинг мос даврига нисбатан 8,1% га кўпдир.
 
«D-xarid» давлат харидлари бўйича ўтказилган электрон савдолар ҳажми 24,2% га ўсиб, 431,7 млрд сўмни ташкил этди. Бюджет маблағларини тежалиши эса 95,3 млрд сўмга етди. Кичик бизнес субъектларининг давлат харидлари бўйича тузилган битимларнинг сони ва ҳажмидаги улуши 99% ни ташкил этди. Электрон каталог савдо тизимида 56,9 млрд сўмлик битимлар имзоланди ва 22,8 млрд сўм бюджет маблағлари тежалди.
 
«E-xarid» – корпоратив харидларининг ҳажми эса 28,1% га, яъни 333,9 млрд сўмгача кўтарилди. Бунда молия маблағларини тежалиши 73,9 млрд сўмни ташкил этди. Кичик бизнес субъектларининг корпоратив харидлари бўйича тузилган битимларнинг сони ва ҳажмидаги улуши 98 фоизни ташкил этди. Аукцион савдоларда ҳар бир талабномага ўртача 16 тадан ортиқ таклифлар келиб тушди.
 
Жорий йилда биржанинг махсус ахборот порталида янги бўлим ва функциялар ишлаб чиқилди ва жорий этилди. Шу жумладан ярмарка савдолари бўйича янги вебсайт yarmarka.uzex.uz, тадбиркорлар учун вебсайт b2b.uzex.uz, ҳамда онлайн ўқув вебсайти bilim.uzex.uz. Биржа савдолари, давлат ва корпоратив харидлар бўйича шахсий кабинетларда биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатаси орқали пул маблағларини электрон рақамли имзо воситасида пул маблағларини қайтариш функцияси жорий этилди. 
 
Тадбиркорлик субъектларини биржанинг электрон савдоларига кенг жалб этиш мақсадида Гулистон, Жиззах, Термиз, Қарши, Андижон ва Наманган шаҳарларида кичик бизнес вакиллари ва ОАВ ходимларининг иштирокида бизнес-форум ва семинарлар ўтказилди.
 
Мажлис якунига кўра, тўртинчи чорак учун вазифалар белгиланди ва улар қаторида 2016 йилнинг Бизнес-режаси параметрларини бажариш, биржада фуқаролар мурожаатлари тизими ва корпоратив бошқарув усулларини янада такомиллаштириш каби вазифалар устувор йўналишлар сифатида эътироф этилди.
 
 

Кўрилди: 9457