«E-Xarid» электрон тизими такомиллаштирилмоқда | Новости

12 Окт 2016
Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси стратегик ривожланишининг муҳим вазифаларидан бири бу биржа фаолиятининг янги биржа технологияларини ёрдамида диверсификациялаш ва янги йўналишларни ўзлаштиришдан иборатдир.
 
Ушбу йўналишлардан бири бу биржанинг «E-xarid» корпоратив харидлар бўйича яратилган электрон тизими бўлиб, ушбу механизм Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Электрон харидлар тизимини мақбуллаштириш ва улардан тадбиркорлик субъектларининг фойдаланишини кенгайтириш тўғрисида”ги ПҚ-1948-сонли ва Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ва корпоратив харид жараёнини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 166-сонли қарорларига мувофиқ 2013 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда.
 
Ўтган давр мобайнида электрон корпоратив харидлар механизми устав жамғармасида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган табиий монополия субъектлари, давлат унитар корхоналари ва хўжалик жамиятларининг харид қилиш фаолиятини оптималлаштирди, ҳамда уларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокини кескин кенгайтирди.
 
Электрон корпоратив харидлар бошланғич нархларни пасайтириш йўли билан электрон аукцион савдолар услубида ўтказилади ва сўнгги йилларда у юқори даражадаги ўсиш кўрсаткичларини намоён этиб келмоқда. Хусусан, 2013 – 2015 йилларда электрон корпоратив харидларнинг ҳажми беш маротабага, яъни 61,8 млрд сўмдан 344,3 млрд сўмгача кўтарилди. Электрон савдолар натижасида бошланғич нархларнинг пасайиши ҳисобига эришилган молиявий маблағларининг тежалиши эса 10,6 млрд сўмдан 68,4 млрд сўмгача ўсди. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларининг етказиб берилган товарлардаги улушлари 98 фоиздан ошди, савдолар давомида етказиб берувчилар томонидан берилган талабномаларнинг сони иккитадан еттитагача ошди. Бу эса «E-xarid» тизимида иштирок этиб келаётган тадбиркорлар ўртасида соф рақобат ривожланиб бораётганлигидан далолат беради.
 
Жорий йилга тўхталадиган бўлсак, 2016 йилнинг 9 ойлик натижаларига кўра биржа орқали амалга оширилган корпоратив харидларининг ҳажми ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 28 фоизга ўсиб, 333,9 млрд сўмни ташкил этди. Пул маблағларининг тежалиши эса ўтган йилга нисбатан 54,4 млрд сўмдан 73,9 млрд сўмгача ошди.
 
Шу билан бирга, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йилнинг 27 июлдаги “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” акциядорлик жамиятининг махсус ахборот портали ҳамда давлат ва корпоратив харидларни амалга ошириш жараёнларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 242-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарордан кўзланган асосий мақсад бу давлат ва корпоратив харидларнинг шаффофлиги ва рақобатдошлигини ошириш, уларни амалга ошириш жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва харидлар жараёнида ҳуқуқбузарликларни олдини олишдан иборатдир.
 
Кўрсатилган қарор билан “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” акциядорлик жамиятининг махсус ахборот порталида давлат ва корпоратив харидлар бўйича ахборотни жойлаштириш ва ошкор қилиш тартиби тўғрисида Низом ҳам тасдиқланган. Унга мувофиқ биржанинг порталига харидлар тўғрисида эълонлар, уларнинг режа-жадваллари, давлат ва корпоратив харидларнинг натижалари, статистик кўрсаткичлар, агентлар, кафолатловчи ва ноҳалол етказиб берувчиларнинг рўйхатлари, биржа товарлари учун ўртача нархлар ва бир қатор бошқа маълумотлар жойлаштирилади.
 
Порталнинг очиқ қисмида давлат ва корпоратив харидлар натижалари бўйича нархлар даражаси тўғрисида маълумотлардан ҳам фойдаланиш мумкин. Мазкур функция давлат ва корпоратив харидларнинг буюртмачи ва етказиб берувчилари томонидан талабномалар киритилаётган пайтда тегишли товар бозорлари конъюнктурасидан хабардор бўлиш имкониятини тақдим этади. Бундан ташқари фойдаланувчининг шахсий кабинетида биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатасидаги пул маблағларни қайтариш функцияси жорий этилди, ҳамда вебсайтнинг қидириш тизими оптималлаштирилди.
 
Шунингдек биржанинг мижозлари учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Давлат ва корпоратив харидлар масалалари бўйича баҳслар ва келишмовчиликларни кўриб чиқиш бўйича махсус комиссиянинг (Махсус комиссия) фаолияти соддалаштирилди. Хусусан жорий этилган электрон модуль давлат улуши устувор бўлган табиий монополия субъектлари, корхоналар ва ташкилотлар ўзларининг шахсий кабинетлари орқали етказиб берувчиларни ноҳалол етказиб берувчилар реестрига киритиш учун республика хўжалик судлари қарорларини Махсус комиссияга юбориш имкониятини берди.
 
Умуман олганда, «E-Xarid» электрон корпоратив харидлар тизимини такомиллаштирилиши соҳада рақобатнинг янада ривожланиши, электрон савдоларнинг очиқ-ойдинлиги ва ошкоралигини ошиши, ҳамда уларни давлат ва жамоат назоратини кучайишига кўмак бермоқда.
 

Кўрилди: 53596