“ ЎзРТХБ “ савдоларининг декабрь ойидаги якунлари | Новости

06 Янв 2016
2015 йилнинг декабрь ойида биржанинг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 774,4 млрд сўмни ташкил этиб, 2014 йилнинг шу даври билан қиёс этганда сезиларли ўзгариш кўзга ташланмайди. Ярмарка савдолари ва – «E-xarid»нинг корпоратив савдолар тизимида ижобий кўрсаткич қайд этилди.
 
Ўтган йилнинг сўнгги ойида биржа савдоларининг ҳажми 571,0 млрд сўмни ташкил этди, бу декабрь ойидаги умумий битимлар ҳажмининг 74 фоизига тенгдир. 2014 йилнинг декабрь ойи билан маҳсулотлар сотиш тизимини таққослаганда катта ўзгариш кузатилмайди. Полиэтиленнинг биржа бозоридаги савдоси 9 фоиздан 12 фоизга, чорва озуқаси эса 10 фоиздан 13 фоизга ошган.Сотилган нефть маҳсулотлари ҳажми 43 фоизга ўсган, аммо унинг улуши 1 фоизга ошган. Қурилиш материаллари ва озиқ-овқат маҳсулотларининг умумий улуши 47 фоиздан 45 фоизга камайган. Вальюта савдо платформасида 3,4 млн АҚШ долл. миқдоридаги маҳсулот сотишга эришилди, жумладан улар орасида полиэтилен ҳажми 78 фоиз, суюлтирилган газ – 22 фоизни ташкил этади.
 
Шунинг билан бир қаторда таҳлил этилаётган даврдаги савдо ҳажмида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг улуши ошганлигини кўришимиз мумкин. Улар томонидан 2014 йилнинг декабрь ойига нисбатан 8 фоиз кўп, яъни 463,7 млрд сўмлик хомашё ва материаллар сотиб олинди. Улар томонидан ишлаб чиқарилган 181,3 млрд сўмлик маҳсулотлар харидорларга етказилди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26 фоизга ошган. Умумий тузилган савдо битимларидаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорларнинг улуши 73 фоиздан 83 фоизга кўтарилди.
 
Ярмарка савдолари тизимида энг юқори савдо кўрсаткичига эришилиб, унинг ҳажми 128,7 млрд сўмни ёки ўтган йилнинг шу даврига қиёс этганда 24 фоиз юқори кўрсаткични ташкил этди. Ярмарка савдоларидаги битимларнинг умумий ҳажмида кичик бизнес субъектларининг улуши 70 фоизга етди. Улар орасида энг юқори қурилиш материаллари-27 фоиз, машинасозлик маҳсулотлари-10 фоиз, ускуна ва қурилмалар бўйича -8 фоиз битимлар тузишга эришилди.
 
Биржанинг давлат харидлари тизимида тузилган битимлар ўтган йилнинг декабрь ойида 39,1 млрд сўмни ташкил этиб, натижада 9,9 млрд сўмлик бюджет маблағлари иқтисод қилинди. Умумий тузилган битимлар ҳажмига нисбатан кичик ва ўрта бизнес субъектларининг иштироки 99 фоизни ташкил қилди. Таҳлил этилаётган даврда “электрон каталог” тизимининг давлат харидлари бўйича 4,4 млрд сўмлик битимлар имзоланиб, 1,2 млрд сўм бюджет маблағларини иқтисод қилишга эришилди. Бу борада тузилган битимлар сони ва ҳажмига нисбатан кичик бизнес субъектларининг иштироки 100 фоизни кўрсатди.
 
«E-xarid» корпоратив савдо тизимида ижобий ўсиш кўзга ташланиб, савдо ҳажми 7,8 фоиз ошди ва 31,1 млрд сўмни ташкил этди.Корпоратив харидлардаги кичик бизнес субъектларининг улуши 98 фоиз, умумий савдо ҳажмига нисбатан эса 95 фоизни ташкил этди. Аукцион савдоларидаги ҳар бир маҳсулот юзасидан етказиб берувчилар томонидан 12 дан таклифлар тушди.
 

Курилди: 10344