ЎзРТХБ да 2015 йил якунлари таҳлил этилди | Новости

26 Янв 2016
2016 йилнинг 23 январь куни “ЎзРТХБ” АЖнинг марказий биносида биржа фаолиятининг 2015 йил якунлари ва 2016 йилдаги асосий вазифаларга бағишланган “ЎзРТХБ” АЖ Бошқарувининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда тизимдаги марказий бошқарув бўлимлар ва ҳудудий филиалларнинг бошлиқлари иштирок этдилар.
 
Мажлисда 2015 йилда амалга оширилган ишлар атрофлича муҳокама этилиб, биржа орқали товар ва хомашё ресурсларини сотиш ҳажми 9,5 фоизга ошганлиги, ҳамда биржанинг барча савдо платформаларида қулай шароитлар яратилганлиги туфайли тадбиркорлар электрон савдоларга янада кенгроқ жалб этилганлиги таъкидланди.
 
ЎзРТХБда тузилган барча битимларнинг ҳажмида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорларнинг улушлари 67 фоиздан 81 фоизга ўсди. Жумладан, тадбиркорлик субъектлари томонидан 5,1 трлн сўмлик маҳсулот харид қилиниб, қарийб икки триллион сўмлик ўзилари ишлаб чиқарган маҳсулотлар сотилди ва мазкур кўрсаткичлар 2014 йилга қиёслаганда 20 фоизга кўпдир. Ҳисоб-китоб клиринг палатаси томонидан рўйхатга олинган 6,5 мингга яқин янги мижозларнинг 95 фоизини кичик бизнес вакиллари эгалладилар.
 
ЎзРТХБда сотилган маҳсулотларнинг умумий ҳажми 8,8 трлн сўмни ташкил этди. Хусусан, биржа савдоларининг ҳажми 6,9 трлн сўм, кўргазма-ярмарка савдолари –1,1 трлн сўм, давлат харидлари – 497,1 млрд сўм, корпоратив харидлар – 344,3 млрд сўм, ҳамда янги савдо платформаси электрон каталог тизимида 46,7 млрд сўмлик битимлар имзоланди.
 
Биржа товар номенклатурасини кенгайиши ва уларни сотиш ҳажмини ўсиши натижасида биржа бозорининг алоҳида сегментларида қулай бозор конъюктураси шаклланди. Жумладан, цементнинг ўртача баҳоси 20 фоиз, суюлтирилган газ – 21,5% фоизга арзонлашди. Бозор баҳоларининг шаклланиши ҳисобига сотувчи ташкилотлар 2,4 трлн сўмлик қўшимча даромад олдилар. Имзоланган битимлар ижросининг кафолаш механизми туфайли биржа шартномалари мажбуриятларининг бажарилиши 97 фоиздан ошди. Республикамизнинг турли ҳудудларида 77та янги савдо майдончалари очилди.
 
Кўргазма-ярмарка савдолари тизимида савдоларни ўсиш динамикаси қайд этилиб, 2014 йилга таққослаганда уларнинг ҳажми 8 фоизга ошди ва 1,1 трлн сўмни ташкил этди. Бунда ярмарка савдо иштирокчилари сонини 34 фоизга ўсганлиги В2В (“бизнес бизнес учун”) электрон тижорат моделини жадал ривожланаётганлигини кўрсатади.
 
Ўтган йилнинг энг муҳим янгиликлардан бири бу давлат харидларида янги савдо тизими – “электрон каталог” (catalog.uzex.uz) нинг жорий этилганлиги бўлиб, ушбу тизим бюджет ташкилотлари учун энг зарур товарларни харид қилиш тартибини сезиларли даражада соддалаштирди. Мазкур тизим фаолият бошлаган даврдан бошлаб, яъни 2015 йилнинг июнь-декабрь ойлари давомида электрон каталогда 46,7 млрд сўмлик битимлар тузилиб, 12 млрд сўмлик бюджет маблағлари иқтисод қилинди.
 
 «D-xarid» тизимидаги давлат харидларининг ҳажми 5,7 фоизга ошди ва 497,1 млрд сўмни ташкил этди. Савдо жараёнида нархларнинг пасайиши ҳисобидан 139,8 млрд сўм бюджет маблағлари иқтисод қилинди ва бу 2014 йилга нисбатан 19 фоизга кўпдир. Давлат харидлари бўйича ўтказилган электрон аукцион савдоларида кичик бизнес субъектларининг улушлари тузилган битимларнинг сони ва ҳажмида 99 фоизни ташкил этди.
 
Ҳисобот даврида «E-xarid» тизимида корпоратив харидлар бўйича ўтказилган электрон савдоларнинг ҳажми 344,3 млрд сўмни ташкил этиб, молиявий маблағларнинг тежалиши 6,8 фоизга ёки 68,4 млрд сўмгача кўтарилди. Корпоратив харидлар бўйича ўтказилган электрон аукцион савдоларида кичик бизнес субъектларининг улушлари тузилган битимларнинг сонидан 98 фоиз ва уларнинг ҳажмидан 96 фоизни ташкил этди.
 
Мижозларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида биржанинг махсус ахборот порталида янги интерактив хизматлар, шу жумладан нархлар мониторинги, фуқаролар мурожаати, онлайн-маслаҳат, call-марказ ва форум жорий этилди. Давлат харидлари вебсайти (dxarid.uzex.uz)дан фойдаланиш имкониятлари ва қулайликлари кенгайтирилди. Арбитраж, дисциплинар ва листинг комиссиялари бўйича электрон модуллар, шунингдек, биржа, Давлат рақобат қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги, Ўздавнефтгазинспекция ўртасида маълумотлар алмашинув базасининг дастури яратилди ва амалда тадбиқ этилди. Ушбу дастурий маҳсулотлар биржа ва унинг мижозлари ўртасида янада самаралироқ ўзаро муносабатларни ўрнатиш имконини берди.
 
Мажлисда шунингдек, “ЎзРТХБ” АЖ корпоратив бошқариш масаласи ҳам муҳокама этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 24 апрелдаги “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги № УП-4720 сонли фармони ижросини таъминлаш мақсадида биржада янги ташкилий тизим жорий этилди. Акциядорлик жамиятининг бошқарув услубини қайта ташкил этилиши биржада янги йўналишларни ўзлаштириш, АКТни кенг жорий этиш, молиявий фаолиятни яхшилаш, ҳамда менежмент ва кадрлар сиёсати самарадорлигини ошириш каби вазифаларни бажаришдан иборат эканлиги таъкидланди.
 
Мажлис якунида мамлакатимиз раҳбари томонидан қўйилган вазифалардан келиб чиқган ҳолда, ЎзРТХБ фаолиятининг 2016 йилдаги устувор йўналишлари беглилаб олинди, улар жумласидан тадбиркорлик субъектларини товар ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, бизнес жараёнларида замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш, электрон савдо тизимларнинг янада такомиллаштириш ва жамиятни корпоратив бошқаруви самарадорлигини ошириш каби масалалар ўрин олди.
 

Кўрилди: 11692