ЎзРТХБ навбатдаги матбуот анжуманини ўтказди | Новости

13 Авг 2015
2015 йилнинг 13 августида Миллий матбуот марказида Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси томонидан «Ахборот-коммуникация технологиялари – биржа савдолари ривожланишининг муҳим омили» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Учрашувнинг ўтказилишидан кўзланган мақсад замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ЎзРТХБнинг биржа, ярмарка ва аукцион савдоларида жорий этилиши ҳолатлари ва истиқболлари билан оммавий ахборот воситаларини таништиришдан иборат эди.
 
Матбуот анжуманида айтиб ўтилганидек, ЎзРТХБ узлуксиз равишда жаҳон биржа савдоларининг ривожланиш тенденцияларни ҳисобга олиб, Ўзбекистонда биржа механизмларини ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида янада такомиллаштиришга йўналтирилган инновацион сиёсатни олиб боради.
 
ЎзРТХБда барча савдоларнинг электрон шаклда ўтказилиши, уларнинг қулайлиги, ошкоралиги, рақобатлиги ва тезкорлигини таъминлайди, ҳамда кўрсатилаётган биржа хизматлар сифатини ошириш ва янги биржа технологияларини ўзлаштириш учун кенг имкониятларни очиб беради. Хусусан, ҳозирги пайтда 800та брокерлик идоралари, 2000та трейдерлар, ҳамда 13та вилоят филиаллари ва 180дан зиёд савдо майдончалари биржа савдолари электрон тизими (БСЭТ)га уланган бўлиб, ушбу тизимда асосий биржа савдолари ўтказалади. Товарларни биржа савдоларига қўйилиши, уларнинг спецификацияси ва котировкалар тўғрисидаги маълумотлар биржанинг расмий вебсайтида автоматик тарзда янгиланиб борилади.
 
АКТнинг жадал суръатлар билан ривожланиб бориши натижасида дунёда муқобил электрон савдо майдончалари пайдо бўла бошлади. Ушбу ўзгаришларга риоя қилган ҳолда, ЎзРТХБ биржадан ташқари товарларнинг онлайн савдосини ташкил этган. Бугунги кунда биржанинг ярмарка савдоларида фаол бўлган савдо иштирокчиларининг сони тобора ортиб бормоқда ва уларнинг аксарият қисмини кичик бизнес субъектлари ташкил этади. Бунга эришишда электрон тижоратга хос бўлган афзалликлар, шу жумладан мижозлар учун яратилаётган қўшимча қулайликлар, транзакцион ҳаражатлари пастлиги, мижозларнинг кенг базаси тегишли кўмак бериб келмоқда.
 
Шу билан бирга, хукуматимиз томонидан тадбиркорликни ривожлантириш ва электрон ҳукумат тизимини шакллантириш бўйича ишлаб чиқилган йирик лойиҳа ва дастурлари асосида ЎзРТХБда биржа фаолиятини диверсификациялаш ва янги йўналишларни ўзлаштириш ишлари ҳам давом эттирилмоқда. Булар жумласига www.uzex.uz – биржанинг махсус ахборот порталида давлат (D-xarid) ва корпоратив (E-xarid) харидлар бўйича ўтказиладиган электрон савдолар киради. Мазкур электрон тизимда савдо ғолибларининг автоматик тарзда аниқланиши аукцион савдо натижаларига таъсир этиши мумкин бўлган инсон омилини имкон қадар чегаралайди.
 
Сўнгги йилларда, мижозлар учун қўшимча қулайликларни яратиб бериш мақсадида биржанинг порталида мижоз, брокер, давлат ва корпоратив харидлар иштирокчиларининг шахсий кабинети, ҳамда нархлар мониторинги, онлайн-маслаҳат, call-марказ, форум каби интерактив хизматлар жорий этилди. Ҳозирги пайтда биржанинг мижозлари реал вақт режимида тузилган битимлар ва ҳисоб-рақамлар ҳолатини текширишлари, ҳамда биржа товарлари бўйича нархлар мониторингини олиб боришлари мумкин, давлат ва корпоратив харидлар иштирокчилари эса шахсий кабинет орқали транзакцион амалларни бажариш имкониятларига эга. Мижозларнинг аксарияти интерактив хизматлардан қулай тарзда порталнинг мобил иловаси ёрдамида фойдаланиб келмоқдалар.
 
Савдо иштирокчиларига хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш учун мижозлар билан ўзаро алоқаларни бошқариш тармоғи базасида Call-марказ хизмати ҳам жорий этилган. Ушбу технология тармоққа келиб тушаётган маълумотларни қайта ишлаш, таҳлил қилиш ва умумлаштириш имкониятларини беради. Ўз навбатида йиғилган маълумотларга таянган ҳолда мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича комплекс чоралари ишлаб чиқилади.
 
Бундан ташқари, жорий йилда биржанинг махсус ахборот порталида давлат харидлар савдо тизими (dxarid.uzex.uz) тубдан ўзгартирилди. Хусусан вебсайтнинг функционалиги такомиллаштирилди, унинг қидирув имкониятлари кенгайтирилди, ҳамда биржа мутахассислари билан боғланиш дастури ишга туширилди. Шунингдек фойдаланувчининг шахсий кабинетида жорий этилган нархларнинг электрон маълумотномаси давлат ва корпоратив харидларнинг буюртмачи ва етказиб берувчилари томонидан талабномалар киритилаётган пайтда тегишли товар бозорлари конъюнктурасидан хабардор бўлиш имкониятини тақдим этди.
 
Жорий йилнинг яна бир янгилиги бу июнь ойининг бошларида «Электрон каталог» (catalog.uzex.uz) – янги савдо тизимини жорий этилиши бўлиб, ундан кўзланган мақсад давлат харидлар жараёнини янада жадаллаштириш ва соддалаштириш, ҳамда уларга тадбиркорлик субъектларини янада кенгроқ жалб этишдан иборатдир. Биржанинг янги савдо тизими ишга туширилганлигига қисқа вақт ўтганлигига қарамасдан, у ўз самарадорлигини намоён этиб келмоқда. Хусусан, 2015 йилнинг июнь-июль ойларида электрон каталогда 17,8 млрд сўмлик битимлар тузилди, бюджет маблағларининг тежалиши эса 3,6 млрд сўмга етди. Бунда кичик бизнес субъектларининг “Электрон каталог” тизимида тузилган битимларнинг сони ва уларнинг ҳажмидаги улуши 100%ни ташкил этди.
 
Замонавий ахборот технологиялари биржанинг таркибий бўлимлари фаолиятларини оптималлаштиришда ҳам кенг қўлланилмоқда. Хусусан биржада ишлаб чиқилган бир қатор ички идоравий дастурлар тузилаётган битимларни расмийлаштиришни соддалаштириш, биржа маълумотларини қайта ишлаш жараёнини автоматлаштириш, ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва мунозарали масалаларни кўриб чиқиш тезкорлигини ошириш имкониятларини яратиб берди.
 
ЎзРТХБнинг истиқболдаги инновацион лойҳалар қаторига тадбиркорлар учун алоҳида вебсайт (b2b.uzex.uz)ни очиш, «Харид» комплекс ахборот тизимларини ЯИДХПга боғлаш, ярмарка савдолар тизимини такомиллаштириш, биржанинг ИТ-инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича ишлаб чиқилган узоқ муддатли лойиҳани якунлаш, ҳамда биржа фаолиятида электрон рақамли имзони тадбиқ этиш каби режалар киритилган.
 
Матбуот анжумани якунида ЎзРТХБ мутахассислари оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар бердилар.
 

Кўрилди: 18803