«ЎзРТХБ» АЖда 2015 йилнинг биринчи ярим йиллик якунларини муҳокама қилинди | Новости

29 Июл 2015
25 июль куни “ЎзРТХБ” АЖнинг марказий идорасида биржа фаолиятининг 2015 йилнинг биринчи ярим йиллик натижаларига бағишланган “ЎзРТХБ” АЖ бошқарувининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Ушбу мажлисда марказий аппаратнинг таркибий тузилмалари ва худудий филиалларнинг бошлиқлари иштирок этдилар.
 
Амалга оширилган ишлар натижаларини муҳокамаси давомида 2015 йилнинг биринчи ярим йиллигида биржанинг барча савдо платформаларида сотилган товарларнинг умумий қиймати 4,1 трлн сўмга етганлиги таъкидлаб ўтилди. Бунда республикамизда ишлаб чиқариш қувватларининг доимий равишда ўсиб бориши биржанинг алоҳида товар сегментларининг нархлар конъюнктурасига ўз ижобий таъсир кўрсатди. Бу ўз навбатида биржанинг товар бозорларидаги талаб ва таклиф даражалари мутаносиб эканлигидан далолат беради. Хусусан нархларнинг пасайиши цемент бўйича 35%, суюлтирилган газ – 30% ва қора металл – 12,3%ни ташкил этди. Шу билан бирга, юқори ликвид товарларнинг 12та позициялари бўйича натурал кўринишда сотиш ҳажмининг ўсиши қайд этилди.
 
Йиғилишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг биржа, ярмарка ва аукцион савдоларида иштирок этиш масалалари алоҳида кўриб чиқилди. Кўриб чиқилаётган даврда тадбиркорлик субъектлари томонидан 2,4 трлн сўмлик товарлар харид қилинди ва ўзилари ишлаб чиқарган 892,3 млрд сўмлик маҳсулотларни сотдилар ва бу 2014 йилнинг биринчи ярим йилиги билан солиштирганда мос равишда 17,5% ва 20,7%га кўпдир. Биржанинг умумий сотиш ҳажмида тадбиркорлар томонидан тузилган битимларнинг улуши ўтган йилга нисбатан 65,2%дан 79,4%гача ошди. Бунда республикамизнинг деярли барча вилоятларида тадбиркорлик субъектлари иштироки билан тузилган битимларнинг сони ошди.
 
Мажлисда айтиб ўтилганидек, бошқа савдо платформалари ҳам сезиларли даража ривож топди. Хусусан кўргазма-ярмарка савдолари тизимида тузилган битимларнинг умумий ҳажми ўтган йилга нисбатан 7,6%га ўсиб, 467,3 млрд сўмни ташкил этди. 
 
«D-xarid» бошланғич нархларни пасайтириш бўйича электрон аукцион савдолар тизимида 210,6 млрд сўмлик давлат харидлари амалга оширилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш даражаси 7,6%га етди. Бунда савдолар жараёнида нархларнинг пасайиши ҳисобига эришилган бюджет маблағларининг тежалиши 28,1%га кўтарилиб, 60,0 млрд сўмни ташкил этди. Кичик бизнес субъектларининг давлат харидлари бўйича тузилган битимларнинг сони ва уларнинг ҳажмидан улуши 99,5% ташкил этди. Кичик корхоналарининг етказиб берувчилар сонидаги улуши 98%га етди, ҳамда уларнинг сони 2,5 маротабага ошди.
 
Вазирлар Маҳкамасининг 26.03.2015 йилдаги 69-сонли қарорига мувофиқ жорий йилнинг 1 июнидан электрон каталог асосида энг зарур товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат харидларнинг янги механизми ишга туширилди. Ҳисобот даврида биржанинг ушбу янги савдо платформасида 8,0 млрд сўмлик битимлар тузилди ва 1,2 млрд сўмлик бюджет маблағлари тежалди.
 
«E-xarid» корпоратив харидлар тизимида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 4,9%га ошди ва 170,8 млрд сўмни ташкил этди. Маблағларнинг тежалиши эса 2015 йилнинг биринчи ярим йиллигига нисбатан 33,5 млрд сўмдан 35,9 млрд сўмгача кўтарилди. Кичик бизнеснинг корпоратив харидлар бўйича маҳсулотларни етказиб беришдаги улуши тузилган битимлар сонида 98%, ҳамда уларнинг умумий қийматида 97%га етди.
 
Республикамизнинг барча вилоятларида савдо майдончалари тармоғини кенгайтириш юзасидан амалга оширилган ишлар натижасида 2015 йилнинг иккинчи кварталида қўшимча 54та савдо майдончалари аккредитациядан ўтди. Ярим йиллик якунлари бўйича биржада 185та савдо майдончалари, 790та брокерлик идоралари ва 2006та трейдерлар ўз фаолиятини юритишди.
 
Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш йўналиши бўйича биржанинг мутахассислари томонидан учта электрон савдо тизимлари модернизация қилинди ва давлат харидлари бўйича янги савдо тизими «E-catalog» ишга туширилди. Биржанинг расмий вебсайтида қўшимча интерактив хизматлари, шу жумладан “Онлайн-консультация”, “Ишонч телефони” ва “Call-марказ” хизматлари жорий этилди. 
 
Йиғилиш якунида 2015 йилнинг учинчи чораги учун биржада сотилаётган товарлар номенклатурасини кенгайтиришни таъминлаш, кичик бизнес субъектларининг электрон савдоларга, шу жумладан давлат харидлари бўйича тадбиқ этилган янги савдо платформасига жалб этиш, ҳамда жамиятнинг корпоратив бошқарувини такомиллаштириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
 
 

Кўрилди: 16183