Биржанинг брокерлари ва мижозларига қўшимча қулайликлар яратиш, ҳамда биржа савдоларида ахборот-коммуникация технологиялар (АКТ) ни тадбиқ этиш орқали ошкоралик ва очиқ-ойдинликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасининг мутахассислари томонидан UZEX мобил иловаси ишлаб чиқилди ва жорий этилди.
Ушбу дастурнинг дастлабки синов варианти биржанинг товар сегментидаги савдо иштирокчилари учун савдога қўйилган лотлар, тузилган битимлар, ҳамда биржанинг ҳисоб-клиринг палатаси (ҲКП)даги иккиламчи ҳисобининг ҳолати тўғрисидаги маълумотларидан бепул фойдаланиш имкониятини беради.
Ушбу дастур орқали мижозлар ёки уларнинг брокерлари айни вақтдаги ҳисоб ҳолати тўғрисидаги маълумотларни тезкорлик билан олиш имкониятига эга бўладилар. Шу жумладан, биржа савдоларида харид қилинган товар учун тўланиши керак бўлган пул миқдорини билиб олишлари мумкин.
Бундан ташқари, мобил илова биржа савдоларига қўйилган лотларнинг минимал ва максимал қийматлари, ўзлари қизиқтирган товар тўғрисидаги маълумотларни мобил қурилма орқали олиш, ҳамда ҳар ҳафта биржанинг махсус ахборот порталида қўйиб бориладиган янгиликлар билан танишиш имкониятини яратади.
UZEX мобил иловаси бепул ҳисобланади ва ҳозирги кунда Андроид операцион тизимида ишлайдиган мобил қурилмалар учун мавжуд.
Курилди: 24757