ЎзРТХБда электрон харидларга бағишланган матбуот-анжумани ўтказилди | Новости

19 Июн 2015

2015 йилнинг 18 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси томонидан электрон харидларни ташкил этилиши ва ўтказилишида очиқ-ошкораликни таъминланиши, уларда кичик бизнес субъектларининг иштирокининг аҳамияти ва жорий этилган янги савдо платформасининг истиқболлари” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Ушбу тадбирда Давлат рақобат қўмитаси, ЎзРТХБ мутахассислари, ҳамда бизнес соҳаси ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Учрашувнинг ўтказилишидан кўзланган мақсад давлат ва корпоратив харидларини биржада жорий этилиш натижалари, уларда иштирок этаётган кичик бизнес субъектларининг аҳамияти, ҳамда тизимнинг очиқ-ошкоралиги ва самарадорлигини ошириш бўйича қўлланилаётган чоралар билан оммавий ахборот воситаларини таништиришдан иборат эди.

Матбуот-анжуманида айтилганидек, ЎзРТХБнинг янада ривожланиши учун белгиланган муҳим стратегик вазифаларидан бири биржа фаолиятини янги йўналишларини ўзлаштириш ҳисобланиб, улар қаторига электрон харидлар тизими ҳам киради. Мазкур тизим давлат (D-xarid) ва корпоратив (E-xarid) харидлар савдо платформаларидан иборат бўлиб, улар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат харидлари тизимини мақбуллаштириш ва уларга кичик бизнес субъектларини жалб этишни кенгайтириш тўғрисида”ги 2011 йилнинг 7 февралдаги ПҚ-1475-сонли ва “Электрон харидлар тизимини мақбуллаштириш ва улардан тадбиркорлик субъектларининг фойдаланишини кенгайтириш тўғрисида”ги 2013 йилнинг 5 апрелдаги ПҚ-1948-сонли қарорларига мувофиқ биржада ишлаб чиқилган ва жорий этилган. Электрон харидлар бўйича қўлланилаётган савдолар механизми эса, ўз навбатида, Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ва корпоратив харид жараёнини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2013 йилнинг 11 июнидаги ПҚ-166-сонли қарори билан белгиланган.

Ўзбекистонда электрон харидлар бошланғич нархларни пасайтиришга қаратилган электрон аукцион савдолар шаклида амалга оширилади ва улар сўнги йилларда юқори суръатлар билан ўсиш кўрсаткичларини намоён этиб келмоқда. 2014 йилда электрон харидларнинг умумий ҳажми 821,0 млрд сўмга етди. Бунда давлат харидларининг ҳажми 2013 йилга нисбатан 13%га ўсиб, 470,6 млрд сўмни ташкил этди, корпоратив харидларнинг айланмаси эса, улар нисбатан яқинда жорий этилганлигига қарамасдан, 350,0 млрд сўмдан ошди. Давлат ва корпоратив харидлар бўйича ўтказилаётган электрон савдолар давомида ҳар бир талабномага етказиб берувчиларнинг 6та таклифлари келиб тушмоқда. Аввалроқ, яъни бошланғич босқичда ҳар бир буюртмага атиги 2та таклиф тўғри келар эди.

Мазкур ютуқларга эришишда давлат ва корпоратив харидлар бўйича ўтказилаётган электрон савдоларида тобора фаол иштирок этиб келаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ўрни аҳамиятлидир. Ўтган йили уларнинг давлат харидлари бўйича тузилган битимларнинг сони ва ҳажмидаги улушлари 99%дан ошди. Корпоратив харидлар бўйича ушбу кўрсаткич 96%дан юқоридир.

Савдо тизимининг очиқ-ошкоралиги, биринчи ўринда, электрон харидлар бўйича ахборот ресурси ва бир вақтнинг ўзида кўптармоқли савдо платформаси вазифасини бажараётган биржанинг махсус ахборот портали орқали таъминланмоқда. Электрон харидларни ташкил этилишини яна бир муҳим шартларидан бири бу савдо ғолиби аниқланаётган пайтида инсон омилини мавжуд эмаслиги ҳисобланади. Шу билан бирга, харидлар ҳажми ва кўламини тобора кенгайиб бораётганлиги бозордаги соф рақобат муҳитини янада ривожланишига турки бермоқда.

Тизимда мавжуд нисбий афзалликлар бюджет ташкилотлари, монополия субъектлари, давлат унитар корхоналари ва устав фондида 50 фоиздан ортиқ давлат улуши бўлган хўжалик жамиятларининг харид қилиш фаолиятларига ҳам ўз ижобий таъсирини ўтказиб келмоқда. Хусусан, ўтган йили бюджет маблағларининг тежалиши 2013 йилга нисбатан 83,0 млрд сўмдан 117,4 млрд сўмгача кўтарилди. Корпоратив харидлар бўйича ўтказилган аукцион савдолар давомида бошланғич нархларнинг пасайиши ҳисобига эришилган молия маблағларининг тежалиши эса 64,1 млрд сўмга етди.

Бунга қарамасдан, элекрон харидлар тизими доимий равишда такомиллаштириб борилмоқда. Жорий йил учун энг сўнги янгилик бу 1 июнда биржада “электрон каталог” (catalog.uzex.uz) – янги савдо тизимини жорий этилиши бўлиб, ундан кўзланган мақсадлар давлат харидлар жараёнини янада жадаллаштириш ва соддалаштириш, ҳамда уларга тадбиркорлик субъектларини янада кенгроқ жалб этишдан иборатдир.

Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасининг махсус ахборот портали орқали электрон савдо йўли билан тадбиркорлик субъектларидан энг зарур товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат харидини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низом Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йилнинг 26 мартидаги ПФ-69-сонли қарори билан тасдиқланган. Ушбу ҳужжатга мувофиқ электрон каталогда харид қилинадиган товарлар рўйхати Давлат харидлари бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан белгиланади.

Электрон каталог ЎзРТХБнинг махсус ахборот порталида буюртмачиларга йўналтирилган етказиб берувчиларнинг таклифларидан шакллантирилади. Буюртмачи каталогда жойлаштирилган таклифларни ўрганиб чиқиб, ўзига керак бўлган товарни танлайди ва нархни сўраш механизмидан фойдаланади. Унга асосан етказиб берувчилар 48 соат мобайнида ушбу товар бўйича ўз таклифларини беришлари мумкин.

Савдо тизими автоматик тарзда энг арзон нарх берган етказиб берувчини танлайди, шартномани шакллантиради, ҳамда буюртмачи ва етказиб берувчининг биржанинг махсус ахборот порталидаги шахсий кабинетларига юборади. Ғолиб аниқлангандан сўнг икки иш куни мобайнида шартнома биржада рўйхатга олинади ва томонларнинг мажбуриятлари кучга киради. Яқин келажакда ушбу янгиликни корпоратив харидлар тизимида ҳам жорий этилиши режалаштирилмоқда.

Матбуот анжумани якунида Давлат рақобат қўмитаси, ЎзРТХБ мутахассислари оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар бердилар.

"ЎзРТХБ" АЖ матбуот хизмати

Кўрилди: 18955