“ЎзРТХБ” ОАЖ акциядорларининг йиллик умумий йиғилиши ўтказилди | Новости

18 Май 2015

2015 йил 15 май куни “ЎзРТХБ” АЖ марказий офисида акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши ўтказилди, унда жамиятнинг молиявий хўжалик йиллик ҳисоботи, Кузатув кенгаши ва Тафтиш комиссиясининг ҳисоботлари тасдиқланди. Йиғилишда кузатув кенгаши, тафтиш комиссияси ва жамият бошқармасининг янги таркиби сайланди, ҳамда жамият Низомига қўшимча ва ўзгартиришлар ва бошқа кун тартибига киритилган бир қатор масалалар кўриб чиқилди.

Йиғилишда белгилаб ўтилганидай, ижрочи органининг 2014 йилдаги фаолияти Бизнес режа, ҳамда Бошқарма томонидан тасдиқланган ЎзРТХБ фаолиятини такомиллаштириш дастури билан белгиланган мақсадлар ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган эди.

2014 йилда Биржанинг барча савдо платформаларида 8,8 трлн сўм ҳажмида битимлар амалга оширилган, бизнес режа 108,2%га бажарилган. Ушбу кўрсаткич 2013 йилга нисбатан 24,2%га ошган. Шу жумладан, биржа савдолари орқали 7,05 трлн сўм ҳажмида маҳсулотлар сотилган, бу 2013 йилга нисбатан 17,9%га кўпдир.

Худудий филиаллар билан биргаликда биржа савдолари орқали савдо қилинадиган товарлар тузилмасини кенгайтириш бўйича ишлар олиб боирлган. Шу сабабли листинг комиссияси томонидан 1000 янги контрактлар очилган.

Бошқа маҳсулотларнинг сотув ҳажми 2013 йилга нисбатан 4,5%га ошган ва 467 млрд сўмни ташкил этган.

Валюта савдо майдончаси ва кўргазма ярмарка савдоларининг экспорт ҳажми 380,8 млрд сўмга (164,9 млн АҚШ доллари) тенг бўлди, бу 2013 йилга нисбатан 16,1%га кўпдир.

Кўргазма ярмарка савдоларида сезиларли даражада ривожланиш суръатлари кузатилган, ушбу тизим орқали тузилган битимларнинг ҳажми биринчи маротаба 1 трлн сўмдан ошди, бу 2013 йил кўрсаткичларига нисбатан 45,2%га кўпдир.

Давлат ва корпоратив харидларининг умумий ҳажми 821 млрд сўмга тенг бўлган, ушбу кўрсаткич 2013 йилда 478,6 млрд сўм эди. Давлат харидлари бўйича ўтказилган савдоларда сотилган маҳсулотлар ҳажмида тадбиркорларнинг улуши 98,5%, корпоратив харидлар бўйича эса -95,7%га тенг бўлган.

Умуман олганда кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари биржанинг барча платформаларида фаол қатнашишган. Тадбиркорлар томонидан охирги 5 йил давомида (2010-2014 йиллар) биржадан харид қилинган хомашё ва тайёр маҳсулотлар ҳамда улар томондан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сотув ҳажмлари 2,6 каррага ошган. 2014 йили тадбиркорлар томонидан тузилган битимлар ҳажмининг биржа умумий товар айланмасидаги улуши 66,6% ни ташкил этган, ушбу кўрсаткич 2013 йилда 50,4%га тенг эди.

Йиғилиш якунларига кўра “ЎзРТХБ” ОАЖ Бошқармасининг фаолияти қониқарли деб топилди.

"ЎзРТХБ" АЖ матбуот хизмати

Кўрилди: 12989