ЎзРТХБда давлат харидлари соддалиштирилади | Новости

07 Апр 2015

2015 йилнинг 1 июнидан бошлаб Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси (ЎзРТХБ) давлат харидлари бўйича янги электрон савдо тизими (электрон каталог) жорий этилади. Унга кўра битта контракт бўйича қиймати эквивалентда 100 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлмаган энг зарур товарлар (ишлар, хизматлар)нинг харид қилиш жараёни 48 соат давомида амалга оширилади.

Электрон каталог ЎзРТХБнинг махсус ахборот порталида буюртмачиларга йўналтирилган етказиб берувчиларнинг таклифларидан шакллантирилади. Бунда буюртмачилар электрон каталогдан ўзилари хоҳлаган товарни танлашлари мумкин, кафолатловчи етказиб берувчилар эса, оддий етказиб берувчилардан фарқли ўлароқ, давлат харидлари бўйича электрон савдоларда иштирок этиш учун кафолат маблағлариини киритмайдилар.

Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасининг махсус ахборот портали орқали электрон савдо йўли билан тадбиркорлик субъектларидан энг зарур товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат харидини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низом Вазирлар Маҳкамасининг 26.03.2015 йилдаги 69-сонли қарори билан тасдиқланди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ электрон каталогда харид қилинадиган товарлар рўйхати Давлат харидлари бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан белгиланади.

Қарорнинг тўлиқ матни билан “ЎзРТХБ” АЖнинг махсус ахборот порталида танишиб олишингиз мумкин.

Етказиб берувчиларнинг аккредитациядан ўтказиш масаласи бўйича Кичик бизнес субъектлари маҳсулотларини қўллаб-қувватлаш марказига (+998 71) 113 33 51 телефон рақами орқали мурожаат қилишингиз мумкин.

"ЎзРТХБ" АЖ матбуот хизмати

Кўрилди: 26052