Биржа сотувлари ЎзРТХБдаги ўсишни таъминлади | Новости

15 Апр 2015

Жорий йилнинг 6 – 12 апрель мобайнида ЎзРТХБда тузилган битимларнинг ҳажми 172,4 млрд сўмни ташкил этиб, бу аввалги ҳафтанинг мос кўрсаткичига нисбатан 13%га кўпдир.

Ўсишга асосий кўмакни биржа савдолари кўрсатди ва унинг ҳажми деярли 17%га, яъни 122,3 млрд сўмдан 142,9 млрд сўмгача кўтарилди. Бунда биржа бозорининг тузилган битимлар ҳажмидаги улуши 80%дан 83%гача ўсди. Валюта савдо майдончасида “Максам Чирчиқ” АЖда ишлаб чиқарилган 64,0 тонна аммиак селитраси сотилди.

Фаол савдо иштирокчиларининг сони камайганлигига қарамасдан, ярмарка савдоларининг ҳажми 3,2%га ёки 16,0 млрд сўмгача кўтарилди. Бунда кичик бизнес субъектлари томонидан сотилган маҳсулотларнинг қиймати 12,2 млрд сўмдан 13,3 млрд сўмгача ўсди. Ҳафтанинг энг йирик битими Самарқанд филиалида шлакоблокларни 1,0 млрд сўмга сотиш бўйича тузилди.

Аксинча ҳолат электрон харидлар тизимида кузатилмоқда. Хусусан давлат харидларининг ҳажми ҳафта давомида 7,9 млрд сўмдан 7,2 млрд сўмгача пасайди. Бюджет маблағларини тежалиши деярли ўзгармади ва 2,0 млрд сўмга тенг бўлди. Харидларнинг умумий ҳажмида кичик бизнес субъектларининг улушлари 97% атрофида қайд этилди.

Давлат харидлари бўйича ҳафтанинг энг йирик битими Тошкент шаҳрини Шайхонтохур туманига 153,5 млн сўмлик электрик плиталарни етказиб бериш бўйича тузилди. Етказиб берувчиларнинг максимал онлайн-мурожаатлари еки 32 та қарши таклифлар электрик ўтказгич ва ётаржой буюмларини етказиб бериш бўйича берилган талабномани таъминлаш учун келиб тушди.

Ўтган ҳафтада корпоратив харидлар бўйича умумий қиймати 6,3 млрд сўмга тенг 378 та битим тузилди ва бу аввалги ҳафтанинг мос кўрсаткичидан 11%га камдир. Бунда буюртмачиларнинг молия маблағларининг тежалиши 1,5 млрд сўм ёки харидларнинг бошланғич нархидан 19,6% ни ташкил этди. Бу ўз навбатида ўтказилган электрон савдоларнинг самарадорлиги ошганлигидан далолат беради. Амалга оширишган битимларнинг умумий ҳажмида кичик бизнес субъектларининг улуши 98,6%дан 99,4%гача ўсди.

Аукцион савдолар давомида ҳар бир талабнома бўйича ўртача 5 та ва ундан кўп таклифлар келиб тушган ва уларнинг энг кўп сони эса 31 гача етган. Тузилган битимларнинг 94%ни товарлар ва қолган 6%ни хизмат ва ишлар эгаллашди.

"ЎзРТХБ" АЖ матбуот хизмати

Кўрилди: 13014