Биржада алюминий қотишмаларини сотилиши 70% га ўсди | Новости

05 Мар 2015

2015 йилнинг 2 ойи давомида биржада рангли металларни сотиш ҳажми 5,2 минг тоннани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 8% га ўсди.

Ҳисобот даврида рангли металлар сегментида бозорнинг катта қисми, яъни 96% ни анъанавий тарзда катодли мис ва мис ўрамаси эгаллашди. Жаҳон бозорлари билан узвий боғлик бўлган катодли миснинг нархлар тренди жорий йилнинг январь-февраль ойлари давомида пасайиш динамикасини намоён этди. Хусусан ушбу биржа товарининг ўртача нархи маҳсулотнинг бир тоннаси учун 16 млн сўмдан 15 млн сўмгача пасайди. Нархларнинг пасайишига таъсир ўтказган омиллар қаторига миснинг биржа савдоларига қўйилиши ҳам хизмат қилиб, улар изчиллик билан кўтарилган эди. Мисол учун жорий йилнинг январь ойида катодли мисни сотиш ҳажми 1,4 минг тоннани ташкил этган бўлса, февраль ойига келиб ушбу кўрсаткич 1,7 минг тоннагача ошди. Ушбу ижобий динамика ўз навбатида маҳаллий қайта ишлаб чиқарувчилар, биринчи навбатда кабель заводлари учун юқори қўшимча қийматга эга бўлган тайёр маҳсулотларни сотишга кўмак беради.

Алюминий қотишмаларининг сотиш ҳажми эса кўриб чиқилаётган даврда 220 тоннани ташкил этиб, бу ўтган йил кўрсаткичига нисбатан 70% га кўп демакдир. Алюминий қотишмаларини январь-февраль ойлари мобайнида шаклланган ўртача нархлари нисбатан кўтарилди. Хусусан, агар январь ойида нархлар 6 млн сўм атрофида қайд этилган бўлса, февралда ушбу кўрсаткич 1% га ошиб, 6,1 млн сўмда тўхтади.

"ЎзРТХБ" АЖ матбуот хизмати


 

Кўрилди: 9150