2015 йилнинг 20 мартида Андижонда “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” АЖ Андижон филиалининг қайта таъмирланган биносини тантанали равишда очилиш маросими ўтказилди.
Очилиш маросимида “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” АЖ (“ЎзРТХБ” АЖ), Андижон вилояти хокимлигининг раҳбарлари, масъул ходимлари ва мутахассислари, тадбиркорлар, маҳалла фаоллари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир иштирокчилари томонидан айтиб ўтилганидек, “ЎзРТХБ” АЖ нинг устувор вазифаларидан бири биржанинг барча савдо иштирокчилари, шу жумладан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун, уларнинг ҳудудий жойлашувидан қатъий назар, қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида ҳудудий биржа инфратузилмаларини ривожлантириш ва модернизация қилишдан иборатдир.
Бугунги кунда республикамизнинг етакчи товар биржаси – “ЎзРТХБ” АЖ да 13 та вилоят филиаллари, ҳамда республикамизнинг туман ва шаҳарларида жойлашган 130 дан зиёд савдо майдончалари ўз фаолиятларини самарали юритиб келишмоқда. Улар орасида биржанинг Андижон филиали алоҳида ўрин ва аҳамиятга эгадир.
2014 йилда Андижон филиалининг барча савдо платформаларида амалга оширилган сотувларнинг умумий ҳажми 233,2 млрд сўмни ташкил этиб, бу 2013 йилга нисбатан 18,3% га кўпдир. Бунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан биржа орқали сотилган маҳсулотларнинг ҳажми икки баробарга ўсиб, 117,2 млрд сўмни ташкил этди.
Энг юқори ўсиш суръатлари ярмарка савдоларига тўғри келиб, уларнинг вилоятдаги умумий ҳажми 2,6 карра ёки 78,4 млрд сўмгача ўсди. Бунда экспорт савдолар ҳажми 2,9 млрд сўмдан 8,4 млрд сўмгача кўтарилди. Ушбу кўрсаткичлар Андижонда фаолият юритаётган корхоналарни Интернет савдоларига бўлган қизиқишлари ортганлигидан далолат беради.
Ижобий динамика шунингдек электрон давлат харидлари тизимида ҳам эришилган. Вилоятда амалга оширилган давлат харидлар ҳажми 2013 йилга нисбатан 6,2% га кўтарилиб, 29,1 млрд сўмни ташкил этди. Бюджет маблағларини тежалиши эса 2013 йилги 7,5 млрд сўмдан 8,6 млрд сўмгача ошди. «E-xarid» корпоратив харидлар савдо тизими орқали 10,5 млрд сўмлик товар (иш, хизмат) лар сотилди. Кичик бизнеснинг давлат ва корпоратив харидлар бўйича маҳсулотларни етказиб беришдаги улуши тузилган битимлар сонида 98,7%, ҳамда уларнинг умумий қийматида 98,5% ни ташкил этди.
Наврўз байрами арафасида “ЎзРТХБ” АЖ инфратузилмасини модернизация қилиш ишлари доирасида Андижон филиалининг капитал таъмирлаш ишлари якунланди. Бу ўз навбатида филиал фаолиятини янада такомиллашуви, ҳудудий электрон савдолар ҳажмини ўсиши, уларга кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этишга кўмак беради.
Филиал биносини янгилашнинг асосий ғояси Андижон вилоятида кўрсатилаётган биржа хизматларини кенгайтириш ва уларнинг сифатини янада ошириш, хизмат кўрсатиш зоналарини самарали тақсимлашдан иборат бўлди. Филиалда фасад ва ички интерьер янгиланди, биржа хизматларини кўрсатиш учун замонавий шароитлар яратилди, хоналар замонавий мебель жиҳозлари ва технологик воситалар билан таъминланди, локал ҳисоблаш тармоғи (ЛҲТ) модернизация қилинди, юқори тезликдаги Интернет алоқаси, биржа котировкаларини намойиш этиш учун электрон табло, ҳамда узлуксиз озуқа манбаи ўрнатилди. Офиснинг кириш қисмида ресепшн-устуни, LED ахборот мониторлари, ахборот стендлари, ҳамда биржага ташриф буюрганлар учун алоҳида компьютер ўрнатилган. Мижоз ва ҳамкорлар билан музокаралар ўтказиш учун алоҳида хона ҳам ажратилган. Қурилишнинг новаторлик ёндашуви эвазига хоналарда иш жойлари кенгайиб, бу филиалда яқин келажакда янги брокерлик идораларини очиш имконини беради.
Андижон филиалининг янгиланган биносининг хоналари кўриб чиқилганидан сўнг, Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси ва Андижон вилояти хокимлигининг раҳбарлари ва масъул ходимлари оммавий ахборот воситалари вакилларининг қизиқтирган саволларга жавоблар бердилар. Тадбир нихоясида Наврўз байрамига бағишланган дастурхон ёзилди, байрам оши тортилди ва ўзбек артистлари иштирокида концерт дастурлари ташкил этилди.
Курилди: 20045