“ЎзРТХБ”савдоларининг ноябрь ойидаги якунлари | Новости

02 Дек 2015

Жорий йилнинг ноябрь ойида ЎзРТХБ савдоларининг муваффақиятли якунини кўришимиз мумкин. Биржанинг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 823,8 млрд сўмни ташкил этиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан  4% кўп демакдир. Айниқса, биржа савдоларининг – «D-xarid» давлат харидлари тизимида ижобий ўсиш қайд этилди.

Ўтган ойда биржа бозорларида 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 11% кўп, яъни 635,7 млрд. сўмлик маҳсулотлар сотилди. Бу жараёнда бир қатор ўзгаришлар кузатилди. Жумладан, полиэтилен маҳсулотлари сотиш ҳажми 8% дан 14%га ошди. Суюлтирилган газ ва рангли металлнинг умумий улуши эса қарама-қарши ҳолатда 23% дан 16%га камайди. Энг юқори натижалар қурилиш ва озиқ-овқат маҳсулотларида қайд этилиб, уларнинг умумий савдо ҳажмидаги улуши 23% ва 19% ни ташкил этди. Вальюта савдо платформасида  1,8 млн АҚШ долл.га тенг маҳсулот реализация қилинди. Унинг умумий қисмини суюлтирилган газ ( 45%) юзасидан тузилган битимлар ташкил этади. Қолган ўринларда рангли металл ( 33%), полиэтилен (21%) ва минерал ўғитлар (1%)ни кўришимиз мумкин.

Шу билан биргаликда савдолар ҳажмида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар улушининг ошиб бораётганлиги қайд этилди. Жумладан, улар томонидан 436,3 млрд.сўмлик хом ашё ва материаллар сотиб олиниб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14% ошган. Шунингдек, улар томонидан ишлаб чиқилган 182,8 млрд. сўмлик маҳсулотлар сотилиб, бу борадаги кўрсаткич 6% га ошган.Натижада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг умумий савдолардаги улуши 75% ни ташкил этиб, бу кўрсаткич  ўтган йили 70 % га тенг бўлган.

Ярмарка савдолари тизимида 107,9 млрд. сўмлик битимлар тузилди. Унда кичик бизнес субъектлари улуши 72%ни ташкил этди. Бунда , қурилиш, полимер ва пластмасс материаллари бўйича энг кўп битимлар имзоланиб, уларнинг умумий улуши 38% ни ташкил этди. Шунингдек ўлчов воситалари ва ускуналари улуши 11%, машинасозлик маҳсулотлари 10% га тенг бўлди.

Биржанинг давлат харидлари тизимида 50,3 млрд.сўмлик битимлар имзоланиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврида 44,4 млрд. сўмга тенг бўлган. Натижада 11,5 млрд. сўм бюджет маблағлари иқтисод қилинди. Давлат харидлари тизимида кичик бизнес субъектларининг улуши умумий битимлар ҳажмига нисбатан 99% ни ташкил этди. Ноябрь ойида “Электрон каталог” давлат харидлари тизимида 5,7 млрд. сўмлик битимлар тузишга эришилиб, 1,5 млрд. сўм бюджет маблағлари иқтисод қилинди. Бунда кичик бизнес субъектларининг улуши жами битимлар ҳажми ва сонига нисбатан 100% ни ташкил қилди.

«Е-харид” тизимида бошланғич нархларнинг камайиши ҳисобидан 28,8 млрд. сўм ўрнига 24,3 млрд. сўмлик битимлар тузилиб, 3,7 млрд. сўм маблағ иқтисод қилинди. Корпоратив харидлар тизимида маҳсулотлар етказиб беришдаги кичик бизнес субъектларининг улуши 97% ни ташкил этди ва умумий ҳажмдаги битимлар сонига нисбатан 92% га тенг бўлди. Аукцион савдоларда талаб этилаётган ҳар бир маҳсулот учун етказиб берувчилар томонидан 11 та таклиф берилди.

"ЎзРТХБ" АЖ матбуот хизмати

Кўрилди: 8110