“ЎзРТХБ” АЖ навбатдаги матбуот анжуманини ўтказди | Новости

04 Ноя 2015
2015 йилнинг 4 ноябрь куни Ўзбекистон миллий матбуот марказида Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси томонидан ОАВ ходимлари учун “Кичик бизнес субъектларини товар ва хомашё ресурслари билан таъминлашда биржа савдоларининг ўрни ва аҳамияти” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсад ОАВ ходимларини биржа савдоларининг 2015 йил 9 ойлик якунлари, ҳамда уларда кичик бизнес субъектларининг иштироки билан яқиндан таништиришдан иборат бўлди.
 
Матбуот анжуманида айтиб ўтилганидек, ЎзРТХБнинг асосий савдо платформаси ҳисобланмиш биржа савдолари изчил ривожланиб, маҳалий бизнес муҳитига тобора чуқур кириб бормоқда. Биржа механизмлари орқали тадбиркорлар нафақатгина товар ва хомашё ресурсларини эркин сотиб олмоқдалар, балки замонавий биржа технологияларидан самарали фойдаланган ҳолда, ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларига чиқаришга муваффақ бўлмоқдалар. Шу билан бир қаторда биржа котировкалари тўғридан-тўғри шартномалар тузишда кичик корхоналар ва бошқа биржа маълумотларидан фойдаланувчиларни бозорлардаги ҳолатлардан хабардор этмоқда.
 
Жорий йилнинг 9-ойлик якунлари кўра биржанинг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг ҳажми 5,1 трлн сўмдан ошиб, ЎзРТХБ товар айланмасининг 79 фоизини ташкил этди. Республикамизда ишлаб чиқариш салоҳиятини ўсиши, биржа бозорининг алоҳида товар сегментларининг нархлар конъюктурасига ижобий таъсир этиб, биржанинг товар бозорларида талаб ва таклиф мутаносиблиги сақланишига хизмат қилмоқда. Хусусан, ўтган даврда бир қатор товарлар бўйича нархлар пасайди, шу жумладан цементнинг нархи 25 фоиз, суюлтирилган газни 17 фоиз, қора металлни 8 фоизга арзонлашганлиги кўзга ташланмоқда. Нархлар бўйича шаклланган мувозанат биржа савдолари иштирокчиларига ўз фаолиятларини самарали ташкил этиш имконини берди. Шу жумладан тадбиркорлик субъектлари биржа савдолари орқали сотиб олган хомашё асосида қўшимча қийматга эга бўлган тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқаришга муваффақ бўлдилар.
 
Кўриб чиқилаётган давр мобайнида биржада кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг иштироки билан тузилган битимларнинг ҳажми ошганлиги қайд этилмоқда. Улар томонидан 3,3 трлн сўмлик хомашё ва материаллар сотиб олинган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилгига нисбатан 6,5 фоизга кўпдир. Ушбу битимларнинг 95 фоизи биржа савдоларига тўғри келмоқда. Тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларни биржа орқали сотиш бўйича янада юқорирок ўсиш  кўрсаткичига эришдилар. Улар 1,4 трлн сўмлик ўзлари  ишлаб  чиқарган  маҳсулотларни  сотиб,  бу кўрсаткични  ўтган  йилгига нисбатан 18 фоизга оширдилар. Натижада биржада тузилган битимларнинг умумий ҳажмида тадбиркорлар ва кичик бизнес субъектларининг улушлари ўтган йилнинг 9-ойлик якунлари билан солиштирганда 66 фоиздан 74 фоизгача кўтарилди. Мазкур йўналишдаги ўсиш кўрсаткичлари республикамизнинг барча ҳудудларида кузатилди. 
 
Ўз навбатида биржа савдоларида қўлланиладиган битимлар ижросини кафолатлаш механизми тадбиркорлар томонидан самарали ишлаб чиқариш ва сотиш дастурларини ишлаб чиқишга муносиб ҳисса қўшди. Бир неча йиллар давомида биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатаси томонидан қўлланиб келаётган кафолатлаш механизми биржа шартномалар ижросини таъминлаб бермоқда. Жорий йилда ушбу механизм эвазига биржада битимларининг бажарилиши 96 фоиздан ошди. Бундан ташқари ўтган йилнинг шу даврига қиёслаганда Арбитраж комиссияси томонидан кўриб чиқилган мунозарали ишларнинг сони 8 фоизга, битимларни бекор қилиниши 28 фоиз, жарималарни қўлланилиши эса 3 фоизга қисқарди. Бу ўз навбатида биржанинг мижозлар базасини маҳаллий, ҳамда хорижий шериклар ҳисобидан изчил кенгайтириш имкониятини яратиб берди. Ўтган даврда биржанинг ҳисоб-китоб клиринг палатаси томонидан 5 мингга яқин янги мижозлар рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 95 фоиздан ортиғини кичик бизнес вакиллари ташкил этади.
 
Шу билан бирга биржа инфратузилмасининг муҳим бўғини саналган биржанинг ҳудудий савдо тармоғи ҳам кенгайтирилди. Жорий йилда республикамизнинг турли ҳудудларида тадбиркорлик субъектларининг иштироки билан қўшимча 30та янги савдо майдончалари ва 20та брокерлик идоралари ташкил этилди. Натижада мос равишда биржанинг фаол брокерлик идоралари 811тага, савдо майдончаларининг сони эса 189тага етди.
 
Ҳисобот даврида биржа мутахассислари томонидан биржа платформасида замонавий АКТни жорий этиш ишлари амалга оширилди. Хусусан, тадбиркорлик субъектларига қўшимча қулайликларни яратиб бериш мақсадида улар учун махсус (b2b.uzex.uz) веб-сайт очилди. Шунингдек тадбиркорлар биржанинг интерактив хизматларидан фаол фойдаланмоқдалар. Ўтган даврда биржанинг Call-маркази хизматига 8000дан ортиқ телефон қўнғироқлари орқали мурожаатлар келиб тушди ва 300дан зиёд мижозлар онлайн-маслаҳат хизматидан фойдаландилар. “Мижознинг шахсий кабинети” интерактив хизматидан фойдаланганларнинг сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7 мингдан 14,5 мингтагача ошди.
 
Яқин келажакда биржа фаолиятида электрон имзони қўллаш амалиётини тадбиқ этиш, мавжуд интерактив хизматлардан фойдаланиш имкониятларини ошириш ва ҳисоб-китоб клиринг палатаси фаолиятини автоматлаштириш ишлари режалаштирилган.
 
Матбуот анжумани якунида ЎзРТХБ мутахассислари ОАВ ходимларини қизиқтирган турли саволларига жавоблар қайтардилар.
 

Курилди: 6446